Воскресенье, Август 25, 2013

Тошкент ва Сирдарё вилоятлари вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар йиғилишлари бўлиб ўтди

  Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларнинг навбатдаги йиғилишлари бўлиб ўтди.

  Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси расмий сайтида хабар берилмоқда. Тадбирларда вояга етмаганлар ишлари бўйича республика комиссияси раиси ўринбосари Халқ таълими вазири У.Иноятов ва Бош прокуратура бўлим бошлиғи С.Астоновлар иштирок этди.

  Йиғилишларда мактабгача таълим муассасаларида болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш, соғломлаштириш, ушбу муассасаларда санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш ҳамда моддий-техника базасидан оқилона фойдаланишга оид қонун ҳужжатлари ижроси аҳволини ўрганиш натижалари, шунингдек бу борада амалга оширилган ишлар муҳокама этилди.

 Тадбир давомида болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, бунда асосий эътибор мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг таълим-тарбиясини, муассасаларнинг моддий-техника базасини яхшилашга ва тизимни малакали педагог кадрлар билан таъминлашга қаратилаётганлиги таъкидланди.

  Шу билан бирга, йиғилишларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, замонавий таълим дастурларини татбиқ этиш, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитларни янада яхшилаш, шунингдек, мутасадди идораларнинг масъулиятини ошириб, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

  Кун тартибидаги масала юзасидан халқ таълими бошқармалари бошлиқлари ва туман-шаҳар ҳокимларининг ҳисоботлари эшитилди.

  Йиғилишлар якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Ўқилган 88 маротаба