Banner Top

Замонга қараб замонсозлик даркор ёхуд халқ манфаати йўлида

 

  Куни-кеча Навоий шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ҳокимлик ҳузуридаги Уй-жой ва ётоқхоналардан фойдаланиш бошқармаси ҳомийлигида барпо этилган креатив лойиҳага “Тафаккур майдончаси”, дея ном берилди.  

  Айнан 5-сонли ётоқхона ҳовлисида барпо этилган “Тафаккур майдончаси”да болажонларнинг ёзги таътилларини мазмунли ташкил этиш орқали ҳуқуқбузарлик ва безорилик каби салбий иллатларнинг олдини олиш, вояга етмаган ёшлар орасида ўзаро коммуникативлик ва жипсликни мустаҳкамлаш, айнан ингтеллектуал ўйин бўлган шахмат, шашка воситасида уларнинг ақлий қобилиятларини кучайтириш, энг асосийси Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан куёнчаклик билан ҳар бир селекторда  бот-бот такрорланаётган “Ёшларнинг бўш вақти-душманнинг иш вақти” каби иборасини кенгроқ тафаккур қилишдан иборатдир.

  Шукрки, 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да Навоий шаҳримизда аҳоли билан мулоқотнинг янги бир кўриниши яъни Навоий шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Уй-жой ва ётоқхоналардан фойдаланиш бошқармаси фаолияти ташкил этилди.  Кўзланган мақсад нима? 

  Ёзги оромгоҳларга жалб этилмаган ётоқхонада истиқомат қилувчи ёшларнинг ёзги таътил мобайнида маънавий озуқа олишлари, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишлари учун биринчи марта Навоий шаҳридаги 5-сонли ётоқхона ҳовлисида (эҳтимол мамлакатимиздаги кўп қаватли уйлар атрофида) “Тафаккур майдончаси” бунёд этилмоқда.

  Асосий муддао нима?

  Мақсад ва муддао шуки, 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилида одамлар давлат жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги, фуқаролик жамияти шаклланиш жараёнларидаги янгича демократик ислоҳот ва халқчил сиёсатнинг нафасини ҳис этишсин. 

  Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Навоий шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Уй-жой ва ётоқхоналардан фойдаланиш бошқармаси 2017 йилдан Навоий шаҳар ҳокимлиги ҳузурида қайта ташкил этилди.  

  Биринчидан, тураржойга муҳтож фуқароларни ягона тизим орқали аниқ ва ҳаққоний уй-жой билан таъминлаш механизмини жорий қилиш;

  Иккинчидан, аҳолининг муаммолари ва уй-жой бўйича рўйхатга туриш бўйича турли таъмагирликларнинг олдини олиш;

  Учинчидан, мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш орқали уларда давлатга нисбатан ишонч ва дахлдорлик ҳиссини уйғотишдан иборатдир.

  Эътибор беринг, 2007-2017 йиллар мобайнида 953 нафар фуқаро уй-жой масаласи бўйича рўйхатга олинган бўлса, бугунги кунда ҳақиқатда уй-жойга муҳтож оилалар сони 245 нафар эканлиги аниқланди. Улар ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилди.

  Бундан ташқари, 2007 йилдан қарийб 10 йилдан бери уй-жой учун рўйхатга туриб сарсон бўлаётган фуқароларнинг 25 нафари, шунингдек ижтимоий ҳимояга муҳтож 12  нафар ёлғиз оналар, 2 нафар меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, 2 нафари эса жазони ўташ муассасаларидан қайтган фуқаролар жами 41 нафар фуқароларимиз ўз хонадонларига эга бўлишди.  

  Бу нима дегани? 41 нафар юртдошимизнинг хонадонида қувонч, эртанги кунга бўлган умиди уйғонди, энди инсон манфаатлари ҳақида сўз кетса энсаси қотмайди дегани.

  Бу нима дегани? Биз ҳар қанча халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари ҳақида гаплашмайлик, биргина мана шу янги тизим воситасида 41 нафар фуқаро давлатнинг ғамхўрлигини ҳис қилди, қалбида жамиятга нисбатан бўлган аламзадалик барҳам топди дегани.

  Ҳозир сиз кўриб турган “Тафаккур майдончаси” шаҳримиздаги 1,2,3-ётоқхоналар атрофида ҳам қурилмоқда. Келажакда барча ётоҳхоналарда фақат коммунал таъмирлаш ишлари эмас, балки мана шундай интеллектуал лойиҳаларни ҳам давом эттиришни мақсад қилганмиз. Мақсад нима? Мақсад, халқ бизга ишонсин. Улар учун меҳнат қилаётганимзни онгли равишда тушунсин.

  Бундан ташқари, мазкур майдонча ёнида ёшларимизни бадиий китобхонликка жалб этиш мақсадида “Мутолаа майдончаси” ҳамда “Экомайдон” қуриш ишлари бошлаб юборилган. Чунки фарзандларимизнинг маънан зиёли бўлишлари бу бизнинг бахтимиз. 

  Фурсатдан фойдаланиб шуни алоҳида таъкидламоқчиман, “Мутолаа майдончаси”да қурилаётган баландлиги 3 метр бўлган китоблардан иборат композиция ҳали Ўзбекистоннинг бирор ерида қад кўтармаган. Бу нима дегани? Бу Ўзбекистон тарихида илк бора китобга бағишлаб Ҳазрат Алишер номи билан аталувчи Навоий шаҳрида ҳайкал ўрнатилади дегани”-дейди бошқарма бошлиғи А.Мирзаев.           

  О.Ядгаров: “Кимёгар” МФЙ профилактика нозири, капитан

  Сир эмаски, Навоий шаҳрида турли миллатга хос фуқаролар истиқомат қилишади. Бундан ташқари вилоятда мавжуд 51 та касб-ҳунар коллежидан 10таси, Навоий шаҳридаги меҳрибонлик уйи ҳамда йирик корхоналарнинг ётоқхоналари ҳам шаҳримизда жойлашган. Ўз-ўзидан бу каби кўрсаткичлар биздан кучли мафкуравий профилактика ҳамда соғлом тарғибот усулларини тақозо этади.

  Айнан ҳудудимизда ташкил этилган мазкур “Тафаккур майдончаси” ушбу ётоқхоналарда истиқомат қилаётган аҳоли айниқса ёшларнинг дунёқарашига ижобий таъсир кўрсатади. Шашка, шахмат каби жамоавий ўйинлар мулоқот ва суҳбатга қийналаётган ёшларга ўзларини қўлга олишлари, жамоа билан ишлаш лаёқатини мустаҳкамлайди.

  Тажрибамдан айтишим мумкинки, айнан бугунги глобаллашув жараёнларида руҳияти носоғлом, асабий кайфиятдаги вояга етмаганлар ўртасида турли салбий ҳолатлар кузатилмоқда. Ёшлар бўш қолиши оқибатида ўзларини турли одатлар билан овунтирмоқда.

  Мана шундай бир таҳликали вазиятда интерактив лойиҳаларнинг ташкил этилиши ишонаманки, ёшларнинг руҳиятини соғломлаштиради.

  Ишонасизми, ҳар тонг ишга келаётсам ё хизмат юзасидан 5-ётоқхона атрофидан ўтаётсам, болажонларнинг бўйи баравар келаётган шахмат доналарини қучоқлаганча дона сураётганини кўраман. Майдонча четида атайлаб оқ ва қора стулларда ўтирганча, кимдир диққат билан, кимдир жон куйдириб жамоадошига тактика кўрсатаётган болажонларни кўраман. Агар ушбу лойиҳа шаҳримиздаги барча мактабларда, айниқса оромгоҳларда ҳам ташкил этилса менимча бошқа соғлом турмуш тарзига оид қуруқ маърузаларга ҳожат қолмайди.  

  Ш. Эшназаров “Қизилқум” ПФК фан клуби раиси

  Менинг болалигим шу ётоқхонада ўтган. Қарийб 20 йилдан бери яшаб келаман. Ўзим спортчи бўлганим учун, ёшларнинг ҳаракатчанлиги, завқланишидан маза қиламан. Очиғи, бугун қувончимнинг чеки йўқ. Ўзингиз бир қаранг, болаларнинг кўзидан ўт чақнайди. Стулда ўтириб неварасига шахматни ўргатаётган бобожонларнинг қувончини кўриб хурсанд бўласан. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг мен шу ерда шунча яшаб, шунча боланинг бир ерда тўпланиб,  ҳамжиҳат бўлиб ўйин ўйнаганини кўрмаганман.

  Ишончим комил, ҳозир бу майдончада пиёда сураётган болалар ичидан шахмат бўйича дунё чемпионлари чиқади.  

  Болажонларимиз учун мана шундай имкониятни яратиб берган ташкилотчиларга бир ота сифатида ўз миннатдорчилигимни билдираман.

  Бизнингча, бу каби ҳайрли ишлар “Одами эрсанг демагил одами, ониким йўқ халқ ғамидин ғами”, дея васият қилган Ҳазрат Навоий мурожаатига муносиб жавобдир.

 

Ж.Шухратов

Навоий шаҳар ҳокимлиги хузуридаги

Уй-жой ва ётоқхоналардан фойдаланиш бошқармаси

Маънавий-маърифий ишлари буйича мутахассиси

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены