Banner Top

Олтин валюта захираси валюта курсини эркинлаштиришга хизмат қиладими?

  Бугунги кунда ўзбек матбуотида ва чет эл матбуотида  Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, шу жумладан валюта курсини эркинлаштиришга қаратилган сиёсат тўғрисида мутахассислар ва экспертлар фикрлари берилиб, валюта бозорида  юзага келиши мумкин бўлган вазият тўлиқ башорат қилинмасдан  туриб, кўпчилик ҳолатда уни қўллаб – қувватлаш тўғрисида тагида тўлиқ асос бўлмаган мутахассисларнинг, айрим ҳолатларда расмий шахсларнинг ҳам фикрлари берилмоқда ёки эълон қилинмоқда.

  Кейинги пайтда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ура – урачилик замони ўтди деган фикрларбот бот такрорланаётган бўлсада, айрим ҳолатларда яна шундай ҳолатлар чуқур илдиз отаётганлигини рўй рост эътироф этиш лозим бўлади.

  Бундан 20 йилча олдинроқ, тахминан 1997-1998 йилларда ўзбекистон телевидениесининг биринчи каналида бериб бориладиган, тўртинчи ҳокимият номли эшиттиришнинг олиб борувчиси мени таклиф қилиб, оммавий ахборот воситалари тўғрисида фикр билдиришимни сўраганида мен холис фикримни айтайми ёки зиёли сифатидаги фикримни айтайми деганимда, холис фикримни айтишимни сўраганди. Мен ўшанда, тахминан шундай жавоб бергандим, оммавий ахборот воситалари “ёнғинни ўчириш командасига ўхшаб қолган” деб ўхшатиш қилгандим. Ўз фикримни исботи сифатида оммавий ахборот воситалари Президентиз томонидан қаердадир, аниқроқ айтадиган бўлсам вилоятдаги камчиликлар очиб ташланганидан кейин ўша жойдаги камчиликлар тўғрисида  кетма кет эшиттиришлар ёки ахборотлар берилиши, маълум вақт ўтганидан кейин эса ҳамма нарса ўз жойига тушиб, сув сепгандек жим житлик бошланиши, яна Президентимизнинг  кейинги вилоятда йўл қўйилган камчиликларни ошкор қилинишини кутиб яшашлиги тўғрисида фикрларимни баён қилгандим. Эшиттириш эфирга кетадиган куни, кўрсатувда мен айтган фикрлар эмас матбуотни  кўкларга кўтариб мақтаган мутахассисларнинг фикрлари  эълон қилинганидан кейин олиб борувчига нима учун мен билдирган  фикрлар берилмаганлиги билан қизиққанимда, “оммавий ахборот воситаларини ёнғинни ўчириш командасига ўхшатиб қўйибди, буни бериб бўлмайди” деб раҳбарият эфирдан олиб ташлаганлигини айтганди. Ҳозирга кунда яна худди шундай тенденция давом этаётганлигини эътироф этиш лозим.

  Президентимиз томонидан эълон қилинган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг мазмун моҳиятига тўлиқ тушуниб етилмасдан туриб, қилинаётган ишларни кўкларга кўтариб мақташ ҳам  ана шундай ёндашишнинг яққол кўриниши эканлигини эътироф этиш лозим. Чунки инсон манфаатлари бу алоҳида шахслар ёки фуқаролар  манфаатидан фарқ қилишини билмаган ҳолда халқ манфаатлари тўғрисида ўз фикрини исботлашга ҳаракат қилиш бу халқни алдашдан бошқа нарса эмаслигини эсдан чиқармаслик лозим!

  Ҳалқаро пресс клубда бўлиб ўтган ўзаро савол-жавоб жараёнида  расмий шахслардан бири Ўзбекистоннинг олтин валюта захиралари қиймати 20-25 миллиард долларни ташкил қилиши ва бу миқдордаги захира  валюта курсини эркинлаштиришга  тўла етарли эканлиги ҳақидаги фикрлар мазкур масала тўғрисида аниқ маълумотга эга эмаслигидан  далолат беради. Ҳалқаро валюта жамғармаси томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра 2017 йилнинг май ҳолатига расмий тақдим қилинган эмас, баҳоланган Ўзбекистоннинг олтин валюта захиралари қиймати 15 миллиард долларни ташкил қилмоқда. Биринчидан, 32,2 миллион аҳолига эга бўлган мамлакатда олтин валюта захиралари қиймати 15 миллиард долларни ташкил қилганда аҳоли жон бошига ўртача 450,0 АҚШ доллари тўғри келаётган  бир шароитда бу кўрсаткич Россия Федерацияси ва ХХРда 2500-3000 АҚШ долларига, Япония ва Швейцарияда 10000,0 АҚШ долларига тенг эканлиги  бу фикрнинг қанчалик тўғрилиги ёки нотўғрилиги тўғрисида хулоса қилиш учун  асос бўлиб хизмат қилади.

  Иккинчидан, бир нарсани эсдан чиқармаслигимиз лозимки, олтин валюта захиралари фақатгина валюта курсини эркинлаштириш мақсадлари учун эмас, биринчи навбатда иқтисодиётга аҳолининг ишончини таъминлаш ва тўлов балансини молиялаштириш эҳтиёжларини қондириш мақсадларига хизмат қилишини ёддан чиқармаслик лозим.

  Валюта курсини эркинлаштиришга қаратилган сиёсатни амалга оширишда бир нарсага эътибор қаратиш керакки, мазкур курсни қора бозор курси билан бирхиллаштириш масалани ечимини таъминлайдими деган саволга асосли жавоб топишни талаб қилади. Чунки, эркин алмашинадиган валюталар қурси ҳам  уларга бўлган талаб ва таклиф нисбати асосида шаклланишидан келиб чиқиб, агарда талаб ва таклифнинг мувозанатли нисбати келиб чиқмас экан, эртага яна бугунги кундаги қора бозор курсидан юқори курсдаги қора бозор курси келиб чиқмаслигига ким кафолат бера олади.

  Шунинг учун бундай масалаларни ҳал қилишда шошма шошарлик қилиш асло ярамайди, яна бир жиддий масала ички бозор талабини қондирмасдан туриб, аҳолининг сотиб олиш қобилиятинин кескин пасайиб кетишига олиб келувчи экспорт сиёсатига ўтиш ва ички бозор баҳоларини эркин алмашинадиган валюталар курсига боғлаб қўйишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Бундай сиёсат мамлакат суверенитети тамойилларига умуман мос келмайди ва оқибат натижада мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кун тартибига биринчи масала сифатида қўйилаётган “аҳолини ишонтириш ва инонтиришга” қаратилган давлат сиёсатига нисбатан аҳолининг норозигарчилигини келтириб чиқаришлигини эсдан чиқармаслик керак.

 

Юсупов Эркин Джураевич

ТДАУ, “Қишлоқ  хўжалигида менежмент” кафедраси мудири

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены