Banner Top

Валюта сиёсатининг либераллаштирилиши халқимизга нима беради?

  “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони аҳолимиз, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз, мамлакатимизга ўз маблағларини инвестиция қилмоқчи бўлган чет эллик инвесторлар томонидан узоқ муддатдан буён кутилган, валюта сиёсати борасида кескин бурилиш қилган ҳужжат бўлди.

  Бир неча йиллардан буён айнан мазкур соҳадаги мавжуд камчиликлар ҳалқимизга, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, инвесторларга қийинчиликлар туғдириб, охир оқибат аҳоли фаровонлигига қайсидир маънода тўсиқ бўлиб келаётган эди.

  Оддий бир мисол, бирор бир нарса олиш истагида бозорга борган халқимиз вакиллари кўчада кунига, керак бўлса соатига, ўзгариб келган “қора бозор”даги ҳорижий валюта курсининг ошиб бориши ҳаттоки дастлабки эҳтиёж учун истеъмол молларининг нархига кескин таъсир қилиши туфайли ноқулайликларга дуч келар эди.

  Бундан ташқари, бир қатор ёшларимиз замонавий илм олиш истагида чет эл олийгоҳларида таҳсил олаётганликлари ҳеч кимга сир эмас. Лекин улар манзилларига етиб олиш учун маҳаллий авиа ташувчимиз чипталарини ҳам ҳаттоки чет эл валютасига сотиб олишга мажбур бўлишар, бунда эса банкларимиз томонидан хорижий валюта сотувларининг ҳажмида ҳам, даврийлигида ҳам фойдаланиш учун турли мумкин ва мумкин бўлмаган чекловлар белгиланиб келинган. Шу боис ҳам 2013 йилдан буён Ўзбекистон Республикасининг резидентлари - жисмоний шахсларга ваколатли банклар томонидан хорижий валютани халқаро тўлов карталаридан фойдаланган ҳолда нақдсиз шаклда сотиш механизми жорий этилган бўлсада, мазкур карталар ҳалқимиз орасида “чала карта” деб атаб келинган. Бу эса ўз-ўзидан аҳоли орасида норозиликларга сабаб бўлаётган эди.

  Эндиликда айнан мазкур Фармонга асосан хорижий валютани харид қилиш ва карточкага тушириш ҳажмида ҳам, ундан кейинчалик фойдаланишда ҳам бирор чеклов йўқ. Бундан ташқари, орадан бироз вақт ўтгач, бозорнинг барча иштирокчилари янги шароитларга кўникиб, мувозанат ҳосил бўлгач, жисмоний шахсларга хорижий валюта нақд кўринишда ҳам сотила бошлайди.

  Тан олиб айтиш керак «қора бозор» бирданига йўқ бўлиб кетиши қийин кечиши мумкин, лекин энди у иқтисодиётнинг айрим секторларига хизмат кўрсатишни тўхтатади. Шу боис ҳам имтиёзли конвертация умидидагина очилган ва ишлаётган лойиҳалар энди тенг рақобат шароитида ишлашга тўғри келади.

  Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки,барча тадбиркорлик субъектлари ҳам илгари имтиёзли конвертацияга рухсати бўлмаган. Айнан мана шу боис, товар ва хизматлар бозорида кучли ўзгариш кузатилмайди. Булар асосан халқ истеъмоли моллари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлардир. Уларнинг нархи умуман олганда ошмайди, чунки бу сегмент узоқ йиллар фақат бозор курсига кўра мўлжал олган ва у ерда рақобат муҳити шакллантирилган.

  Энди якка тадбиркорлар товарларини тезроқ сотиш, пулларни тезроқ тўплаш ва ўзларига хизмат кўрсатаётган банк ҳисоб рақамлари орқали сўмни тезроқ долларга конвертация қилишдан манфаатдор. Энди уларга фарқи йўқ: пул нақд бўладими, нақд бўлмаган кўринишда бўладими. Касса кирими қилинаётган нақд пул хусусий тадбиркорнинг ҳисоб рақамида эртаси куни пайдо бўлиши ҳисобга олинса, унинг учун айнан пластик карталар орқали савдо қилиш муҳимроқ бўлади, чунки маблағ дарҳол ҳисоб рақамга бориб тушади.

 Хулоса қилиб айтганда давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони мамлакатимиз иқтисодиётининг инвестициявий жозибадорлигини янада ошишига, бевосита ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланаётган тадбиркорларимизнинг олдида ғов бўлиб турган долзарб муаммонинг ҳал этилишига, асосийси мамлакатимиз иқтисодиётини янада жадал суръатларда ривожлантиришга энг асосийси халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.  

 

Элдор ТУЛЯКОВ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси.

 

Parliament.gov.uz

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены