Banner Top

Рақамли дипломатия: давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашда янгича ёндашувлар ҳаётга татбиқ этилаяпти

  Бугун дунёда кечаётган глобаллашув жараёнлари мамлакатни истиқболда тараққий топтириш жараёнида ахборот-коммуникация технологиялари, интернет-сервислар ҳамда “мулоқот концепцияси” ёндашувидан самарали фойдаланишни талаб қилмоқда. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига оид ахборотни тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий қилиш зарурати белгиланган.

  Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги 114 та давлат органи ўз электрон порталига эга. Уларнинг 79 фоизида мобиль версияси ҳам мавжудлиги аҳоли учун қўшимча қулайликлар туғдирмоқда. Бундан ташқари, вазирлик ва идоралар расмий веб-сайтларида улар фаолияти ҳақида долзарб янгиликлардан хабардор бўлиш учун электрон обуна тизими жорий этилган.

  Сўнгги вақтларда давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу чоралар давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотнинг янги ёндашув ҳамда усулларини татбиқ қилиш имконини бераётир.

  Биринчи ёндашув — давлат органларининг виртуал қабулхоналари бўлиб, у жамоатчилик билан онлайн-мулоқот ўрнатишнинг ўзига хос трендига айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил сентябрь ойида ишга туширилган Виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz) давлат органларининг халқ билан мулоқотини йўлга қўйишнинг янги шаклларига йўл очди.

  Бир вақтнинг ўзида Юртбошимизнинг “Facebook” ва “Davra.uz” ижтимоий тармоқларида саҳифалари очилди. Мамлакатимиз раҳбарининг “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида давлат раҳбари фаолияти, Фармон ҳамда қарорлари, чет мамлакатларга ташрифлари ва бошқа маълумотлар тезкорлик билан жойлаштирила бошланди. Саҳифада интернет фойдаланувчилари янгиликларга фикр билдиришмоқда, ҳар бир фуқаро ўз муносабатини ёзиб қолдираяпти. Бу ҳам халқ билан мулоқот механизми юқори даражада ташкил этилаётганининг ёрқин ифодасидир.

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Facebook”даги саҳифасини 110 мингдан ортиқ киши ўқийди. Президент Виртуал қабулхонасида 1,3 миллиондан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилди. Бу саъй-ҳаракатлар давлат органлари, раҳбарлар учун ўрнак бўлди, десак, янглишмаймиз. Чунки улар ўз виртуал қабулхоналарини ташкил қилди. Бугунги кунда қарийб барча давлат органлари ўз виртуал қабулхонасига эга бўлиб, бу фуқароларнинг муаммоларига амалий ечим топишда қўл келмоқда. Пировардида юртдошларимиз виртуал оламда тобора фаоллаша бошлади. Уларнинг мамлакат сиёсий бошқарувига нисбатан ишончи мустаҳкамланаётгани яна бир эътиборли жиҳатдир.

  Иккинчи ёндашув давлат органларининг ижтимоий тармоқлардаги фаоллигида кўзга яққол ташланади. К. Бьола ўзининг “Digital Diplomacy: тheory and practice” (“Рақамли дипломатия: назария ва амалиёт”) китобида рақамли дипломатияга жамиятда кечаётган ўзгаришларни рақамли воситалар ҳамда виртуал ҳамкорлик орқали бошқариш стратегияси, дея таъриф беради. Рақамли дипломатия “юмшоқ куч” воситаси сифатида ишлатилиши мумкин ва зарур ҳам.

  Юртимизда ушбу йўналишдаги кўрсаткичлар жадал ўсиб бораяпти, айни пайтда виртуал фаолият сифати ҳам тобора такомиллашаётир.

 Бугунги кунда мамлакат раҳбари, ҳукумат, қатор вазирлик ҳамда идоралар “Facebook”, “Twitter”, “YouТube”, “Telegram” ва бошқа замонавий АКТ тармоқларидан унумли фойдаланмоқда. Ушбу воситалар Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини илгари суриш ҳамда интернет фойдаланувчилари билан мулоқот ўрнатишда асқатаяпти. Мамлакатимизда амалга оширилаётган шу ҳамда бошқа чора-тадбирлар оммавий дипломатиянинг янги шакли — рақамли дипломатияни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ижтимоий тармоқларда расмий ҳужжатлар, Ўзбекистон раҳбарининг мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг турли масалалари бўйича қарашлари чоп этилаяпти. Бу борадаги транспарентлик тамойили расмий шахслар ҳамда интернет фойдаланувчилари ўртасидаги мулоқотни “виртуаллаштириш” ва юртимизда юз бераётган жараёнларни икки томонлама муҳокама қилиш учун асос бўлаётир.

  Ўзбекистонда рақамли дипломатиянинг биринчи босқичлари шаклланаётганини 2016 йилда “Digital Diplomacy” интернет нашри алоҳида эътироф этди. Нашр дунёнинг 210 та мамлакати ташқи сиёсат идоралари фаолияти натижадорлигини ошириш мақсадида тадқиқот олиб бориб, дунё рейтингини тузди. Ушбу тадқиқот 210 мамлакат ташқи ишлар вазирликларининг 2015 йил январь ойидан 2016 йилнинг март ойига қадар бўлган муддатдаги фаолиятини қамраб олди. Таҳлилчиларнинг айтишича, ҳозирги кунда дунёнинг қатор мамлакатлари ташқи ишлар маҳкамалари ҳамда ҳукумат идоралари томонидан ижтимоий тармоқларда 740 дан ортиқ саҳифалар юритилади, 208 тасида расмий веб-саҳифа ва 43 тасида мобиль илова ҳам мавжуд.

  Турли мамлакатлар ташқи ишлар вазирликларининг аксарият қисми “Twitter” ҳамда “Facebook” ижтимоий тармоқларида ўз саҳифаларига эга. Бунда ташқи сиёсат идораларининг интернет, авваламбор, ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ҳисобга олинади. Рейтингнинг биринчи ўнталигидан Буюк Британия, Франция, АҚШ, Европа иттифоқи, Ватикан, Ҳиндистон, Исроил, Мексика ва Швейцария ўрин эгаллаган. Ўзбекистон эса 124-ўриндан жой олди. Тадқиқот даврида мамлакатимиздаги давлат идораларининг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги юқори бўлмаганлигини инобатга оладиган бўлсак, 2017 йилда Ўзбекистон худди шундай рейтингларда ўз мавқеини сезиларли даражада яхшилаб олишини кутиш мумкин.

  “Facebook” ҳамда бошқа ижтимоий тармоқларда саҳифа ва гуруҳлар очилиши давлат органларининг интернет фойдаланувчилари билан тезкор мулоқот юритиши учун қулай платформа яратади. Булардан оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик фойдаланишига ҳам имконият пайдо бўлади.

  Учинчи ёндашув давлат органлари веб-сайтлари фаоллиги ошаётганида кўзга яққол ташланади. Кейинги пайтларда мамлакатимиз интернет нашрлари ўз фаолиятини замон билан ҳамнафас равишда такомиллаштириб бормоқда. Улар учун ахборот маҳсулотларини тайёрлашда тезкорлик ва ахборотнинг тўлиқлиги асосий мезонга айланаяпти. Шу билан бирга, жамоатчиликни давлат органлари фаолияти ҳақида хабардор этишнинг амалий механизмларини белгилашга, фуқароларга қабул қилинаётган қарорлар ҳақида батафсил маълумот беришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Барча вазирлик ҳамда расмий идоралар ва вилоятлар ҳокимликлари расмий веб-сайтларида янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матни эълон қилинмоқда.

  Жисмоний ҳамда юридик шахслар томонидан ариза, шикоят ва бошқа турдаги мурожаатларни юбориш тартиби, шунингдек, қайта алоқа имкониятлари ҳақида ахборот жойлаштирилаяпти.

  “Интернетда давлат идоралари очиқлиги”, деганда, авваламбор, тармоқ фойдаланувчиларига давлат органи фаолиятига дахлдор у ёки бу ахборот билан эмин-эркин танишиш ҳамда уни муҳокама этиш имконияти яратилгани тушунилади. Хўш, Ўзбекистонда қайси давлат идораси анча очиқ ва шаффоф фаолият юритмоқда?

  2017 йилнинг апрелида давлат органларининг 2017 йил 1 январь ҳолатига очиқлиги индекси тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинди. Рейтинг Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши томонидан тузилди.

  Мазкур кенгаш 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини ошириш жараёнига кўмаклашиш бўйича жамоатчилик назоратини таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида ташкил этилган. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш бўйича рейтинг доимий равишда олиб борилади.

  Индекс натижалари йилига икки марта — 1 январь ва 1 июль ҳолатига кўра тузилади. Рейтинг натижаларига мувофиқ, 47 та давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари орасидан Давлат солиқ қўмитаси биринчи, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Марказий банк эса иккинчи ўринни эгаллади. Адлия вазирлиги учинчи ўринни қўлга киритди. Умуман, очиқлик индекси ўнталигидан Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги ҳам жой олган.

  Видеоселектор йиғилишларини ташкил этиш тўртинчи ёндашув саналади. Ўзбекистон Президенти мамлакатни ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича давлат органлари раҳбарлари билан икки томонлама ва кўп каналли видеоалоқа форматида амалий йиғилишлар ўтказиб келмоқда. Бундай механизм давлат раҳбарига топшириқлар ижроси юзасидан бевосита масъул шахслардан ахборот олиш ҳамда уларнинг фаолиятини назорат қилиш имконини бераяпти.

  Хорижий тажрибада рақамли дипломатиядан, авваламбор, ташқи сиёсий вазифаларни виртуал кенглик имкониятлари ёрдамида амалга ошириш воситаси сифатида фойдаланилади. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий веб-сайти ҳамда “Facebook”даги саҳифаси орқали ташқи ва ички сиёсатга дахлдор долзарб, холис ахборотларни доимий равишда бериб бормоқда.

  Шу ўринда мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси ушбу йўналишда фаол иштирок этаётганини таъкидлаш лозим. Жорий йилнинг 5 июль куни ташқи ишлар вазири А. Комилов мамлакатимизда ҳамда чет элда бўлган фуқароларимиз билан тўғридан-тўғри эфир орқали учрашув ўтказиб, уларнинг саволларига жавоб қайтарди. Видеоконференция шаклида ташкил қилинган тадбирда Ўзбекистоннинг хориждаги элчихона ва консулхона раҳбарлари қатнашди.

  Ўзбекистон фуқаролари ўз мурожаатини вазирнинг виртуал қабулхонасига, Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра. электрон почтасига, шунингдек, вазирликнинг “Facebook”даги саҳифасига ҳамда “Telegram”даги каналига матнли, аудио ва видеошаклларда юбориш имкониятига эга бўлишди.

  Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни қайд этиш керакки, рақамли дипломатияни ҳаётга жорий қилиш мамлакатнинг миллий манфаатларини илгари суриш, ташқи сиёсий фаолият очиқлиги ҳамда шаффофлигини ошириш йўлидаги долзарб вазифаларни тўлақонли рўёбга чиқариш имконини беради.

  Рақамли дипломатия мамлакатимиз олиб бораётган фаол ташқи сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида миллионлаб хорижликларни ортиқча сарф-харажатларсиз хабардор этиш, жамоатчиликнинг кайфиятини, муносабатини билишда айни муддао ҳисобланади.

Фаррух ЖЎРАЕВ,

Иқтисодий тадқиқотлар маркази эксперти.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены