Banner Top

Дунё матбуоти: Младич учун ҳукм, Мьянма тақдири, Кўкнори майдонлари учун бомбалар, ИД болалари

Младич қамоқда, бошқаларчи?

  «Учинчи Рейхдан кейинги Европадаги энг қонхўр ҳарбий бошлиқ генерал Ратко Младич ўзининг қолган умрини қамоқда ўтказади. Гаага трибуналининг бошқа ҳар қандай чиқарган қарори бемаънилик бўларди», дея ҳисоблайди собиқ Югославия уруши бўйича китоблар муаллифи Ед Вуллиами ўзининг The Guardian учун ёзган мақоласида.

  Младич ҳарбий бошлиқ ва унинг жойи озодликда эмас, балки қамоқдир. Бироқ дунёнинг бошқа кучли раҳбарлари ўзларининг жиноятлари учун жавоб берадими?

  Ед Вуллиами Тинчлик бўйича Нобел мукофоти соҳиби, Кейптаун архиепископи Десмонд Тутунинг сўзларини келтиради, у Ироқдаги ҳарбий  компания учун Буюк Британия собиқ бош вазири Тони Блэр ва АҚШ собиқ президенти Жорж Бушлар судга тортилиши кераклигини айтган эди. Суриядаги уруш учун Путин ва Асадга нисбатан ёки “Ислом Давлати”ни қуроллантираётган  ва Яманни портлатаётган Саудия Арабистонига нисбатан адолат қарор топадими? Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳаракат фаоли Аун Сан Су Чжига нисбатан айб қўйиладими? – деган саволни ўртага ташлайди The Guardianдаги мақола муаллифи.

Мьянмадаги этник тозалашлар?

  Қўшма Штатлар илк бор Мьянма армиясини Ракхайн штатида рохинжа-мусулмонларига нисбатан “этник тозалаш” ўтказганликда айблади. Ҳарбий қатоғон мобайнида 600 000 киши ўз уйларидан чиқариб юборилди, дея ёзди Le Monde.

  Нашрнинг таъкидлашича, БМТ 11 сентябрдаёқ Мьянма ҳукуматини рохинжаларга нисбатан «этник тозалашда» айблаган, аммо Вашингтон бу иборани ишлатишдан воз кечиб келаётган эди.

  «Бу шавқатсизликлар учун маъсул бўлганлар жиддий жазоланиши керак», дея баёнот берди АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Мьянма Қуролли кучлари бош қўмондони катта генерал Мин Аун Хлай ва фуқоро маъмуриятининг норасмий раҳбари Аун Сан Су Чжи билан бўлиб ўтган учрашувда. Le Monde Рекс Тиллерсоннинг “фактлар чуқур таҳлил қилинганидан сўнг шимолий Ракхайн вилоятида рохинжаларга нисбатан этник тозалаш ўтказилгани аниқ бўлди ва бу даҳшатли шавқатсизликни асло оқлаб бўлмайди”, деган сўзларини келтиради.

Ҳаводан кўкнори майдонларига

  АҚШ томонидан ҳаводан зарба бериш орқали кўкнори майдонларни йўқ қилиш мақсадида Афғонистонда янги фронт очилиши маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлиши мумкин, дея ёзди The Times of India экспертларга таянган ҳолда.

  Сурия ва Ироқда “Ислом Давлати” гуруҳига қарши амалиёт тугаганидан сўнг АҚШ Ҳарбий Ҳаво кучларига тегишли юқори технологияли самолёт ва учувчисиз аппаратлар Афғонистонга олиб келиниши мумкин. «Америка ҳамиша ўзининг бомба ташловчи технологиялари тарихдаги энг аниқ эканлигидан фахрланиб келади. Бироқ, ҳаводан зарбаларнинг кўпайиши тинч аҳоли ўртасида қурбонларнинг кўпайишига сабаб бўлади, натижада АҚШ кўпроқ дўстлари бўлиши керак бўлган жойга душманлар уруғини қадайди», дейди газетага берган интервьюсида Хьюман Райтс Вотчнинг Вашингтон идораси директорининг ўринбосари Андреа Празов (Andrea Prasow).

  Бироқ вице-президент Дик Чейнининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси Джон Ханна эса, “Толибон” ҳаракатининг “гиёҳванд моддалар империяси”ни йўқ қилиш лозимлигини таъкидлайди. "Ҳар қандай стратегия ўз мақсадига эришмоқчи бўлса кескин ва жиддий чоралар кўрилишини, жумладан душманни даромад манбаларидан маҳрум қилишни  тақозо этади", дейди Джон Ханна Франс-Пресс агентлигига.

ИД болалари тақдири

  Германия Федерал ҳукумати “Ислом Давлати” гуруҳининг немис жангарилари болаларини мамлакатга қайтаришга қарор қилди, дея хабар беради Frankfurter Allgemeine Zeitung.

  ГФР ТИВ Ироқ хукуматига мурожаат қилиб ИД жангариларининг етим-болалари ушлаб турилган жойга дипломатларнинг боришига рухсат берилишини сўради. Германия ОАВ маълумотларига қараганда, вояга етмаган олти нафар бола ИД жангариларининг бевалари бўлмиш оналари билан Ироқдаги сўроқ қилинадиган марказларда ушлаб турилибди.

  Конституцияни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ханс-Георг Масзен ИД жангариларнинг катта ёшдаги болаларидан бўладиган таҳдидлардан огоҳлантирди. Унинг фикрича, бу болалар “жиҳодчилар”нинг мафкуравий таъсирига тушиб қолган. Улар қайтиб келиши билан бу ерда “жиҳодчи”ларнинг янги авлоди пайдо бўлиши мумкин”, дея огоҳлантиради Ханс-Георг Масзен.

Хитой белбоғининг ранги қандай?

  The Nation Пекиннинг “бир белбоғ, бир йўл” ташаббуси доирасидаги CPEC (Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги) лойиҳаси ҳақида ёзди.

  Лойиҳани молиялаштириш куни кеча 46 миллиард доллардан 63 миллиард долларгача кўпайтирилди. Автомобиль ва темир йўлларнинг кенг тармоғи Покистоннинг Гвадар порт шаҳрини Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор ўлкасини боғлаши кўзда тутилмоқда.

  Кенг қамровли “Бир белбоғ-бир йўл” дастури доирасида “Хитой-Ўрта Осиё йўлаги” лойиҳаси ҳам хаётга татбиқ этилади. Бироқ минтақадаги Хитой иштирокидаги кўплаб лойиҳалар қоғозда қолиб кетган, дея таъкидлайди The Jamestown Foundation таҳлил маркази. 2002 йилдан 2013 йилгача Хитой Қирғизистон билан темир йўл қурилиши масаласида камида иккита лойиҳани мухокама қилган эди. Лекин ҳар гал томонлар турли сабаблар, жумладан молиявий сабаб туфайли, келишувга эриша олмаган эди. «Пекиннинг ташаббуслари минтақани том маънода иқтисодий интергациялашувига ҳисса қўшадими ёки келажакда Ўрта Осиё республикаларини геостратегик қарама-қаршилигига сабаб бўладими, буни айтиш қийин», дея таъкидлайди The Jamestown Foundation.

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены