Banner Top

11 йиллик йўқотишга ким жавобгар?

  Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимиз 12 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар чуқур ва кенг таҳлиллар асосида кўриб чиқилди.

  Ҳақиқатдан ҳам Президентимизнинг соғлиқни сақлаш тизимига жиддий эътибор қаратаётганлигинибиринчи навбатда“Халқ соғлом бўлса жамият ёки давлат бой бўлади”қоидасини амалда таъминлашга, иккинчидан мазкур тизимда илдиз отган камчиликларни тезроқ тугатиш орқали аҳоли учун муносиб ҳаёт даражасини шакллантиришгақаратилган ҳаракатлари сифатида қаралиши лозим.

  Мазкур жараёнларни кузатиш орқали жамиятнинг маълум даражада мустақил фикрига эга бўлган аъзоларида табиий равишда, соҳа мутасаддилари шу пайтга қадар тўпланиб қолган камчиликлардан хабардор бўлмаганларми, ҳозирги ҳолатларда ҳам яна Шавкат Миромонович томонидан бот-бот такрорланадиган “Эски ҳаммом эски тос” қоидаси янада илдиз отган ҳолда давом этмаётганмикан қабилидаги саволлар қуйилиб келаверади. Сабаби йиғилишдан кейин тегишли мутасаддиларнинг интервьюларни таҳлил қилиб, фақат Президентнинг у ёки бу йиғилишдаги билдирган фикрларини эътироф этишдан нарига ўтилмаётганга ўхшаб туюлади! Чунки, наҳотки шу соҳанинг мутахассислари, айниқса раҳбар мутасаддилари шу пайтга қадар соҳада йўл қўйилган камчиликлардан хабарлари бўлмаса, шу пайтга қадар улар қаерда юрган эдилар ёки улар ойдин тушиб қолганми ёхуд йиғилиш натижаси бўйича мутахассис сифатида аниқ равшан фикр билдириш эмас, балки такрор – такрор эътирофларни кўриб улар соҳа мутахассисларими ёки тайёрлаб берилган матнни ўқиб эшиттирадиган дикторларми деб ўйланиб қоласан. Бундай хулоса қилишимнинг сабаби, соҳада тўпланиб қолган камчиликлар (албатта бундай камчиликлар фақатгина соғлиқни сақлаш соҳасига тегишли эмас, балки барча тармоқларда ҳам мавжуд) охирги бир йилнинг меваси эмас эканлиги ҳамма биладию, лекин бундан кейин ҳам шундай хатоликлар яна такрорланмаслигини олдини олиш учун нима қилиш керак деган оддийгина савол устида бош қотиришни ҳоҳламаймиз!

  Бундай қабилдаги хулоса қилишимнинг сабаби 11 йил бурун, аниқроқ айтадиган бўлсам 2006 йилда Ҳукумат томонидан “Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси киритилиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ваколатлари кегайтирилиб, халқ табобати истисно қилинган ҳолда,шу даврга қадар рухсат этилган хусусий тиббий амалиёт билан шуғулланиш қонун билан таъқиқланганэди. Депутатлар ичидан айримлари мазкур киритилаётган қонун лойиҳаси замон ривожланишига зид эканлиги тўғрисида гапириб, қонун лойиҳасини ишлаб чиқилиши қандай ҳолатлар билан изоҳланишини асослаб беришларини талаб қилганларида мутахассислар хусусий тибиёт шуғулланувчи тадбиркорлар тиббий хизматлар кўрсатишлари учун етарли шароитлар яратмаганликлари, зарур тиббиёт асбоб ускуналарига эга эмасликлари қабилида жавоб беришга ҳаракат қилгандилар. Агар муаммо шундай келиб чиққан бўлса, тиббий фаолият билан шуғулланиш мажбурий лицензиялашни талаб қиладиган фаолият эканлиган келиб чиқадиган бўлсак,қандай қилиб зарур моддий техник базага эга бўлмаган ва қўйилган талабларга жавоб бермайдиган хусусий тадбиркорларга тиббий фаолият билан шуғулланиш учун лицензиялар берилган қўринишида қўйилган саволларга мудасадди ҳукумат вакиллари жўяли ва аниқ жавоб беролмаган эдилар. “Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунига асосан Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Соғлиқни сақлаш ва тиббий суғуртанинг, соғлиқни сақлаш сифати давлат стандартларининг норматив базасини ишлаб чиқиши ҳамда барча тиббий муассасаларнинг уларга риоя этиши устидан назоратни амалга ошириш ҳамда даволаш-профилактика ва дорихона муассасаларининг сертификацияси ва аккредитациясини амалга ошириши” каби ваколатларга эга эканлигидан келиб чиқадиган бўлсак, агарда ҳақиқатда ҳам лицензия талабларини бузган хусусий тиббий муассасалар бўладиган бўлса, қонунчикда белгиланган тартибда улар фаолиятини тўхтатиб туриш ёки тугатиш орқали муаммони ечса бўлар эдику! Қонунга бундай кўринишдаги ўзгартириш киритишни ўзбек мақолида айтилганидек, “Бургага аччиқ қилиб, кўрпани ёқиш”га ўхшатиш мумкин. Аччиқ бўлса ҳам бу ҳақиқат!

  Ўша пайтда бугун Ўзбекистон Республикасининг парламентида энг кўп ўринга эга бўлган ўзларини хусусий тадбиркорларни ҳимоячиси деб ҳисоблайдиган ЎзЛиДеПнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳеч қандай эътирозларсиз мазкур қонун лойиҳасини қабул қилинишига бош қош бўлган эдилар. Албатта Ҳукуматни ёки мазкур қонун лойиҳасини тайёрлаган мутасадди вазирлик ва идораларни тушунса бўлади, яъни ҳалқаро қонунчилик амалиётида бундай ҳаракатни “Лоббизм” дейилади, бу дунё амалиётида ҳам бор нарса, улар ўз манфаатларини устун қўйишга доимо ҳаракат қилиб келганлар бундан кейин ҳам шундай бўлади, бу жамият қонунияти, лекин ҳалқ вакиллари бўлган депутатларнинг масалага бунчалик даражада маъсулиятсизлик билан панжа орқасидан қарашларини қандай баҳолаш мумкин, бу бир алоҳида муҳокама қилишни талаб қиладиган масаладир!

  Президент Ш.Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни ривожлантиришга қаратилган тегишли қарорлари қабул қилинганидан кейин ўзларни иқтисодиётнинг хусусий секторини ва кичик бизнесни ҳимоячилари ҳисоблайдиган ЎзЛиДеПнинг Сиёсий кенгаши ва кенгайтирилган фракция йиғилишларида ўзларини реклама қилиш ёки қўпол бўлса ҳам айтиш керак Раҳбарият олдида яхши кўрсатиш мақсадида мазкур қарорни ўз вақтида чиқарилган ва партия дастурий вазифаларига тўла мос келиши ҳақида бонг уришларини кўриб, ўзбек миллатининг вакили сифатида уялиб кетасан киши! Ўша пайтда улар қаерда эдилар? Ўринли савол туғилади, бундан 10 йил илгари ҳам худди шу ЎзЛиДеП партияси бор эди ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолият кўрсатар эди, нимага ўша пайтда партия сайловолди дастуридан келиб чиқиб, умуман бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда, бозор иқтисодиёти талабларига зид киритилган қонун лойиҳасини қабул қилинишида бош қош бўлган эдилар! Мана Сизга жуда оғир бўлсада Ўзбек сиёсатининг ва Ўзбекистон парламентаризмининг ҳақиқий юзи!

  Савол туғилади, 11 йилликмуддат бой берилди, энди бунга ким жавоб беради? Агарда ўша пайтда Ҳукумат бундай қонунни киритмаганда эди, киритганда ҳам Парламент ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда қонун лойиҳасини қабул қилмаганда эди, соғлиқни сақлаш соҳасида қанчалик олдинга кетиб қолган бўлармидик, лекин бу ҳам савол! Энг асосийси бундан жамият, айниқса фуқароларимиз қанчалик манфаат кўрган бўлар эдилар. Давлатимиз раҳбари томонидан бугунги кунда долзарб масала сифатида қўйилаётганидек тиббий хизмат фақат марказда эмас, балки вилоятлар марказлари ва энг қуйи даражаларда ҳам ривожланган бўлармиди балки?

  Албатта, ўзбекларда ўтган ишга саловат деган гап бор, энди тарихни орқага қайтариб бўлмайди, лекин бундан кейин моданинг орқасидан қувиб ҳалқимизнинг ҳаётини қийинлаштириб қўймаймизми деган саволга жавоб қидириб кўриш керак! Чунки Президентимиз томонидан йиғилишда таъкидланганидек, “Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада яхшилаш, халқимизни тиббиёт тизими фаолиятидан рози қилиш – барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир”. Халқни тиббиёт тизими фаолиятидан рози қилиш нафақат мазкур соҳада фаолият кўрсатадиган хусусий тиббиёт муассасалари сонини кўпайтириш билан, балки улар хизматининг сифати билан биргаликда ушбу хизматларнинг баҳолари билан ҳам боғлиқлигини эсдан чиқармайлик! Кўпчилик ҳолатда нимага нархлар бунчалик даражада юқори деган саволларга, худди шундай хизматлар бошқа давлатларда бундан ҳам юқори қабилида жавоб беришга ҳаракат қинади, улар айтаётган давлатларда аолининг олаётган даромадлари ҳам жуда юқори эканлигини ҳисобга олишни ҳоҳламаймиз.

  Хулоса қилиб айтганда, тиббиёт соҳасида хусусий секторга йўл очиб берилаётганини маълум гуруҳ одамларга бойишлари учун имконият деб қаралмаслик керак, аксинча Президентимиз таъбири билан айтганда аҳоли учун муносиб ҳаёт даражасининг сифатини тубдан яхшилаш учун хизмат қилиши лозимлигини эсдан чиқармайлик!

 

Эркин Юсупов, иқтисод фанлари доктори

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены