Banner Top

Эронда вазият қандай?

  Европа Иттифоқи Эрон расмийларига мурожаат қилиб, фикрлар ва йиғилишлар эркинлигини ҳурмат қилишга чақиради ва низолашаётган томонларни зўравонликлардан воз кечишга даъват қилади, дея баёнот берди ЕИнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича олий вакили Федерика Могерини.

  Вашингтон Эронда зўравонликлар авжига чиқиши муносабати билан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулотда мажлиси чақирилишини талаб қилмоқда. Норозилик намойишларида инсонларнинг ҳалок бўлиши билан боғлиқ масала юзасидан Женевадаги инсон ҳуқуқлари Кенгаши ҳам ўз фикрини айтиши керак, дея ҳисоблайди АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли.

 Сешанба куни БМТда уюштирилган брифингда Хейли жасорат кўрсатаётган эронлик намойишчиларни мақтади ва мамлакатнинг барча ҳудудларида кузатилаётган намойишлар кутилмаганда пайдо бўлганини, ташқаридан уюштирилмаганини таъкидлаб ўтди. Бундан аввал Эрон раҳбари ва маънавий етакчиси аятолла Али Хаменеи норозилик намойишларига изоҳ берар экан, Эрон душманлари  мамлакат ҳукуматига зиён етказиш мақсадида бирлашганларини айтган эди.

  Эронда 28 декабрда бошланган аксилҳукумат намойишларида камида 20 нафар намойишчи, жумладан камида бир полиция ходими ҳалок бўлди. Шанба куни Теҳронда 450дан ортиқ киши ушланди. Аввалига намойишлар асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва товарларнинг нархи кўтарилишига қарши қаратилган эди, бироқ кўп ўтмай сиёсий аҳамият касб эта бошлади.  Кутилмаганда пайдо бўлган намойиш иштирокчилари очиқдан очиқ ҳукумат ва руҳонийлар режимига қарши чиқа бошлади, шунингдек полиция идораси ва ҳарбий базага ҳужум қилишга уринишди.

  Норозиликлар оқибатида ҳибсга олинганларга “худога қарши чиқиш” айби қўйилиши мумкин, бунинг учун улар ўлимга ҳукм қилинадилар. Бу ҳақда Теҳрон инқилобий судининг раҳбари Муса Газанфарабади маълум қилди. У қанча одамнинг ҳибсга олинганини маълум қилмади.

  “Радио Фардо” тарқатган хабарга қараганда, бир неча кундан бери мамлакатда давом этаётган норозиликлар давомида 700га яқин киши ҳибсга олинган. Эрон ички ишлар вазирининг ўринбосари ҳибсга олинганларнинг 90 фоизидан кўпроғини 25 ёшдан ошмаганлар ташкил қилишини билдирди.

  Эрон давлат телевидениеси норозиликлар вақтида 2 январга ўтар кечаси 9 кишининг вафот этганини хабар қилди. Шу тариқа расмий маълумотларга кўра, бир неча кун ичида ҳалок бўлганлар сони камида 20 кишига етди, вафот этганлар орасида полиция  ходимлари ҳам бор.

  Эрон олий руҳонийси оятолла Али Хаменеи 28 декабрда бошланган норозилик намойишлари билан боғлиқ вазиятга илк бор изоҳ берди ва мамлакатдаги тартибсизликлар ортида “Ислом республикаси душманлари” турганликда айблади. Бироқ у “душманлар” номини тилга олмади.

  АҚШ, Германия, Швеция, Туркия, Исроил, Франция ва Буюк Британия хукуматлари Эрон хукумати томонидан норозилик намойиши иштирокчиларига нисбатан бўлаётган зўравонликларни танқид қилиб чиқди.

  Россия ТИВ вакилари мамлакатдаги вазиятга ташқаридан аралашув бўлиши эҳтимоли ҳақида баёнот берди. Сурия хукумати Эрон раҳбарияти билан бирдам эканлигини маълум қилди.

  Эрон президенти Ҳасан Роухани пайдо бўлган зўравонликлар ва жамоат мулкига зиён етказилишини қоралаб чиқди, шу билан бирга ҳукуматни  “танқид ва норозиликлар учун имконият яратиб беришга” чақирди.

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены