Banner Top

Назарбоев: Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг учрашуви бошқа мамлакатлар билан алоқаларга таъсир кўрсатмайди

  Қозоғистон  президенти Нурсултон Назарбоев Остонада Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувда Россияда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига тўхталди ва Марказий Осиё давлат раҳбарларининг учрашуви минтақа мамлакатларининг Россия, Хитой ва бошқа йирик мамлакатлар билан алоқаларига таъсир қилмаслигини таъкидлади.

  15 март куни Остонада Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида Назарбоев баёнот берар экан, 2017 йилда Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги ҳар бир мамлакатга экспорт кўрсаткичи 35 фоизга ошганини айтди. Унинг сўзларига қараганда, бу «аввал кузатилмаган кўрсаткичлардир».  У минтақада транспорт алоқаларини йўлга қўйиш ва давлат чегараларидаги муаммоларни бартараф этиш, янги ўтиш пунктларини яратиш лозимлигини қайд қилди.

  «Албатта, биз Қозоғистон ва Марказий Осиё мамлакатларини ёпиб қўйиш ҳақида гапираётганимиз йўқ. Бизнинг ҳайбатли қўшниларимиз бор. Бу Россия ва Хитой бўлиб, биз бу мамлакатлар билан  алоқалар, транспорт маршрутлари бўйича боғланганмиз», –деди Назарбоев.

  Назарбоев ўз сўзининг якунида Россия ҳақида гапирар экан, «Россияда сайловлар яхши ўтишига» умид билдирди. «Албатта, биз Владимир Путин муваффақият қозонишини тилаймиз. Буларнинг барчаси ижобий мулоқот ўрнатиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга ижобий таъсир кўрсатади», – деди Назарбоев.

  Россияда  президентлик сайлови келаётган якшанба, 18 март куни бўлиб ўтади. Номзодлар рўйҳатида 8 киши, жумладан амалдаги давлат раҳбари ҳам  бор.

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены