Banner Top

Шарофиддин Тўлаганов. Ислоҳотлар даврида яшаётганимдан фаҳрланаман

  Эркин Воҳидовнинг “Меҳр уйин кенг очсанг Эркин дўст бўлур бегона ҳам” деган сатрлари ёдингиздами? Бу сатрларни бугун кўп такрорладим.

  Гапни узоқдан бошлайман. Ўтган асрнинг 90-йилларининг бошларида 2-ТашМИда Ёшлар Иттифоқида ишлардим, шу билан бирга талабаларга тарихдан дарс берардим. Ўша вақтларда тиббиёт инстутутида хорижлик талабалар ҳам таҳсил оларди. Уларнинг кўпчилигини ҳиндистонлик, покистонлик ва афғонистонлик талабалар ташкил қиларди. Афғон талабаларининг деярли кўпчилиги ўзбеклар эди. Ўшанда, мен улар билан суҳбатлашар эканман, ўзимни ўрта асрларга, Алишер Навоий, Заҳриддин Бобур замонига бориб қолгандек ҳис қилардим. Улар ажиб бир латофат билан ўзбек тилида сўзлашарди. Сўзлари мулойим эди.

  Душанба куни Тошкентда Афғонистонга бағишланган халқаро анжуман ўз ишини бошлайди. Шу муносабат билан бугун Халқаро Пресс клубнинг анжумани ўтказилди. Маълумки, айни дамда Термизда бир гуруҳ афғонистонлик талабалар таҳсил олмоқда. Уларнинг тўрт нафари(икки йигит, икки қиз) Тошкентга келди. Суҳбатлашдим. Яна ўзимни ўрта асрларга тушиб қолгандек ҳис қилдим.

  Гўзал ўзбек тили. Латофатли ўзбек тили. Майин ўзбек тили. Нақадар ширали ўзбек тили... Таърифига гап йўқ ўзбек тили..

  Хитойда кимдир гуноҳ иш қилса, уни “ишқилиб ислоҳатлар даврида яша” деб дуо қилишар экан. Бу ибора ўтган асрнинг 80-йилларида кўп такрорланарди. Тўғри ўша даврларда хитойликларнинг бу дуоси бизнинг авлодга қаратилганидан кўнглимиз ўксирди. Чунки аҳвол ёмон эди.

  Ҳозир Ўзбекистонимизда ўтказилаётган кенг қамровли ислоҳотларни кўрар эканман, мана шу ислоҳотлар даврида яшаётганимдан фаҳрланаман. Мамлакатимизда оламшумул ишлар амалга оширилмоқда. Бундан фахрланмай бўладими, ахир.

  Бугунги тадбирда ҳамкасбларим таниқли тарихчилар, олимлар, сиёсатчилардан интервью олар экан, мен Термизда ўқиётган, айни дамда Тошкентга келган афғонистонлик тўрт нафар талаба билан суҳбатлашдим(кейинчалик бошқа журналиситлар ҳам уларни суҳбатга тортишди).

  Биласизми, дунёга ёшлар кўзи билан қараш керак. Мана шу тўрт нафар афғонистонлик ўзбекларнинг гаплари кўнглимни тоғдек кўтарди. Улар бир гапни тез-тез такрорлашди: “Шавкат Мирзиёвга минг раҳмат”.

  Талабалар ўзлари учун ўқиш имкониятини яратиб берган президентимизга, ўзбек халқига самимий миннадорлик изҳор қилишди.

  “Биз Ўзбекистонга келиб, эндиликда рамзий чегарамиз бўлмиш Амударё ҳам бизни ажрата олмаслигига ишонч ҳосил қилдик. Чунки қалбимиз, қарашларимиз, тилимиз, динимиз, эзгу мақсадларимиз бир”, дейишди. Уларнинг Ўзбекистонда таҳсил олаётганидан ота-оналари, қариндошлари, бутун афғон ўзбеклари ҳурсанд экани шундоққина юзлардан, гап-сўзларидан кўриниб турарди. “Тинчлик-хотиржамлик бўлса, ота-оналаримиз Ўзбекистонга келишни, Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз,Термиз ва сўзсиз Тошкентни зиёрат қилишни мақсад қилиб қўйишган” дейишда афғонстонлик ёшлар.Тинчлик-хотиржамлик туфайли Ўзбекистон нималарга қодир эканлигини дунёга намоён қилмоқда. Биз бундан – Ўзбекистондан, Ўзбекистон ютуқларидан фахрланамиз, деган гапларни эшитар эканман, мана шу юрт, мана шу халқ фарзанди бўлганимдан, буюк ислоҳотлар даврида ишлаётганимдан ғурурландим.

 

Шарофиддин Тўлаганов

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены