Banner Top

Туркия президенти Қирғизистон раҳбари билан учрашувда “Гуленчилар” масаласини кўтарди

  9 апрель куни  президент Сооронбай Жээнбеков Анқарага расмий ташрифи доирасида Ражаб Тайип Эрдўғон билан учрашди. Президентлар икки мамлакат ўртасидаги хамкорлик масалаларини, Қирғизистон-Туркия муносабатларидаги айрим масалаларни муҳокама қилишди.

  Инвестиция, қишлоқ хўжалиги ва фуқороларни ижтимоий суғуртаси соҳасида ҳамкорликка оид битимлар имзоланди. Президент Эрдоған Турк тилли мамлакатлар Кенгашининг навбатдаги саммити сентябр ойида  Бишкекда бўлиб ўтишни маълум қилди.

  Икки томонлама учрашувлардан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ражаб Тайип Эрдўғон баёнот бериб, "Қирғизистон Туркия учун муҳим мамлакат эканлиги”ни таъкидлади. Туркия Президенти  шунингдек, Фетхулла Гулен ҳаракатига нисбатан зарур чоралар кўришга чақирди, Туркия ҳукумати бу ҳаракатни "2016 йилда ҳарбий тўнтариш уюштиришга уринганликда" айблайди:

  - Бизнинг яқин ҳамкорлигимиз 2016 йилда тўнтаришга бўлган уринишдан сўнг, минг афсуски, турли синовларга дуч келди. ФЕТО ўз таъсир доирасидаги одамлар орқали бизнинг ҳамкорлигимизни заҳарламоқчи ва бузмоқчи бўлди. ФЕТО аъзолари ва унга ҳайриҳоҳ бўлган одамлар Қирғизистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларни бузишга уринди. Президент Жээнбековнинг бугунги ташрифи ФЕТОнинг шу каби ҳаракатларига муносиб жавоб бўлди. Туркия ФЕТОнинг охирги аъзоси мамлакатда ва хорижда ўз қилмишлари учун жавобгарликка тортилмагунга қадар  бу ҳаракатга нисбатан курашни давом эттираверади. Улар бизнинг 551 нафар фуқоромизнинг қонини тўкишди ва яна 29 нафар ватандошимиз уларнинг қўлида ҳалок бўлди. Бу ташкилот раҳбарининг қўлга олиниши, уларнинг илдизини қуритиш биз президентларнинг бевосита вазифамиздир, чунки бу ҳаракат Туркия ва Қирғизистон хавфсизлигига таҳдид солади. Бу ташкилот эртага Қирғизистонда худди бугун Туркияда бўлгани каби ҳаракат қилиши мумкин. Биз яккама-якка ва делегацияларнинг кенгайтирилган таркибида бу масалаларни ҳам муҳокама қилдик.

  Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков матбуот анжуманида "Гуленчилар" билан боғлиқ масалани четлаб ўтишга уринди.

  Туркия расмийлари 2016 йилда бўлиб ўтган ҳарбий тўнтаришга уринишдан сўнг Қирғизистонга мурожаат қилиб Фетхулла Гулен билан боғлиқ ўқув юртларини беркитишни сўради. Ўшанда расмий Бишкек Анқарага кескин суратда турк ўқув юртлари Қирғизистонга ҳеч қандай таҳдид солмаслигини маълум қилган эди.

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены