Воскресенье, Август 25, 2013

Пиротехника воситаларидан фойдаланиш дунё миқёсида қисқартирилмоқда

  Италиядаги мингдан ортиқ шаҳарлар, жумладан Рим ва Турин шаҳарларининг маъмуриятлари Янги йил оқшомида пиротехника маҳсулотларидан фойдаланишни таъқиқлаш тўғрисида фармойиш қабул қилди.

  Бу ҳақда мамлакат Атроф муҳит ва ҳайвонларни муҳофаза қилиш уюшмаси  баёнот берди. Тарқатилган хабарларга қараганда, Рим мэри Виржиния Раджи томонидан қабул қилинган фармойишга кўра, 29 декабрдан то 1 январнинг 24.00га қадар  ҳар қандай  пиротехника воситаларини ишлатиш мутлоқо тақиқланади. Кимда ким бу фармойишни бузадиган бўлса, у ҳолда 25 евродан  500 еврогача жарима тўлайди. Турин мэри Кьяра Аппендино ҳам шу каби фармойишни имзолади. Унинг сўзларига қараганда, мушакбозлик нафақат инсонлар ва ҳайвонлар ҳаётига хавф туғдиради, балки атроф-мухитни ҳам  ифлослантирар экан.

 Шуни эслатиб ўтиш керакки, куни кеча Мексикадаги  пиротехника махсулотлари сотиладиган бозорда юз берган олтита портлаш оқибатида халок бўлганлар сони  36 кишига етди. Улар орасида болалар ҳам бор. Жароҳатланганлар эса 72 кишини ташкил қилади. Улардан айримларининг аҳволи оғир экани айтилмоқда. Бу хақда Мехико  штати прокурори Алехандро Гомес маълум қилди.

  Портлаш юз берган Тультепек шаҳридаги Сан-Паблито бозори Мексикадаги пиротехника махсулотлари маркази сифатида тан олинган. Бозорда 300га яқин дўкон бўлиб, шундан 290таси бутунлай   вайрон бўлди.

  Ҳеч кимга сир эмас, кейинги пайтларда пиротехника буюмларидан кўнгилочар тантаналарда ва бошқа маиший мақсадларда фойдаланиш дунё миқёсида кенг оммалашди. Улар, айниқса, Янги йил байрамлари арафасида кўп ишлатилмоқда. Бу эса пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар кўпайишига, баъзан эса ёш авлоднинг саломатлиги ва маънавиятига жиддий хавф туғилишига олиб келмоқда. Янги йил арафасида ота-оналар фарзандларига турли совғалар, ўйинчоқлар харид қилиш пайига тушишади. Бундай пайтларда айрим нафси ҳаккалак отган "ишбилармонлар" пиротехника буюмларини пуллаб, чўнтак қаппайтиришга уринади. Лекин сиртдан беозор кўринган бу ўйинчоқлар бола соғлиғига, оилалар хотиржамлигига зиён етказмаслигига кафолат борми?

  Кўпчилик мушакбозликни Янги йил оқшомининг рамзи сифатида кўради. Бироқ пиротехника махсулотлари болалар учун хавфли эканлигини асло ёддан чиқариш керак эмас. Болаларни юз бериши мумкин бўлган хавфдан огоҳлантириш сотувчилар билан бир қаторда биз  - ота-оналарнинг ҳам асосий вазифамиз бўлиши керак. Сир эмас, фарзанди пиротехника махсулотларидан зарар кўрган ота-оналар  адолат қарор топишини истаб қолишади ва сотувчи хамда ишлаб чиқарувчиларни судга беришади. Аслида айбни бировдан эмас ўзларидан излашлари керак эмасми? Мушакбозлик қилмасдан ҳам янги   йилни   кутиб  олиш   мумкин-ку!

  Янги йил арафасида пиротехника махсулотларига талаб ортишидан асло кўз юмиб бўлмайди. Таҳлилларга қараганда, жаҳон мамлакатларида шифокорлар ва тез ёрдам хизмати ходимлари айнан янги йил байрами арафаси,  янги йил кунлари ва байрамдан кейин айнан пиротехника маҳсулотларидан зарар кўрганларга энг кўп ёрдам  берар экан.

  Пиротехника воситалари тез ёнадиган моддалардан тайёрланади ва уларнинг деярли барчаси ёнғин чиқиш хавфи юқори бўлган буюмлар ҳисобланади. Бу эса одамлар саломатлигига, жамоат тартиби ва фуқароларнинг мол-мулкига жиддий зарар етказиши мумкин.

  Маълум бир маҳсулотга бозорда талаб бўлмаса, ҳар қандай таклиф ҳам бекор. Пиротехник воситалар бозори ҳам бундан мустасно эмас. Хўш, уни сотиб олаётганлар кимлар? Ҳаммаси ҳам ҳали она сути оғзидан кетмаган болажонларимиз эмас, гоҳида уларни гуёки шу билан хурсанд қилиш мақсадида дасталаб сотиб олиб берадиган ота-оналар ҳам бор. Афсуски, бу пулларимиз том маънода ҳавога учади. Учганда ҳам тинч эмас, кимнидир куйдириб, кимнидир майиб-мажруҳ қилиб, ҳеч бўлмаганда кимнингдир юрагини ёради…

 Пиротехника воситалари портлаши оқибатида ундан сачраган учқун кўзга тушиб, термик куйишга олиб келмоқда. Булар қаторига пиротехника сабабли тез-тез учраётган бошқа жароҳатларни ҳам киритиш мумкин.

  Психологларнинг фикрича, ҳар хил пиротехник ўйинчоқлар болада қўпол хатти-ҳаракатлар, жаҳлдорлик, асабийлик ҳолатлари пайдо бўлишига олиб келади. Пиротехника воситалари аслида одамларнинг тинчини бузувчи, руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи, кучли қўрқув сабабли жиддий касалликларни келтириб чиқарувчи офатдир. Бунинг натижасида инсон бир умрга ногирон бўлиб қолиши ҳам мумкин.

  Мактабда ўқиганимиз тарих фанидан маълумки, қадим-қадимда хитойликлар иккита кашфиёт қилишган. Биринчиси қоғоз ва китоб бўлса, иккинчиси порохдир. Тўғри ўшанда порох харбий мақсадларда эмас, балки байрамларда мушакбозлик мақсадларида ишлатилган эди. Ҳозир ҳам “Осмон ости мамлакати”да шарқона янги йил кутиб олинар экан, онда-сонда бўлса-да пиротехника воситаларидан фойдаланилади. Бироқ мушакбозлик ёнғинларга сабаб бўлаётганини ҳисобга олган хукумат турар-жой биноларида пиротехника маҳсулотларидан фойдаланишни тақиқлаб қўйди. Бу мамлакатда мушакбозлик фақат ўт ўчирувчи ва полиция ходимлари назоратида  бўлган  махсус   жойлардагина уюштирилади.

  Халқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, қатор мамлакатларда, жумладан, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, Канада, АҚШ (айрим штатларида), Россия, Қозоғистон, Молдова, Латвия ва Эстонияда пиротехника буюмлари муомаласини лицензиялаш амалга оширилмоқда.

  Сўнгги йилларда дунё жамоатчилиги томонидан пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳажмининг кескин ошаётганлиги ва бу аянчли оқибатларга олиб келаётганлиги ҳақида бонг урилмоқда. Кўрилаётган чораларга қарамасдан, юртимизда ҳам бу борада кўзга ташланаётган ҳолатларнинг учраб тургани ачинарлидир. Мамлакатимизда дилни яйратадиган байрамлар, қувончли тантаналар кўп. Бу юрт тинчлиги, халқнинг турмуши фаровонлигидан дарак. Айниқса, байрамларда кичкинтойлар беҳад қувонади.

  Уч-тўрт йил муқаддам Янги йил байрами арафасида кўчаларимизда пиротехника воситалари кўпайиб кетган, байрамни ҳатто ўз уйингизда бемалол ўтириб кутиб олиш ҳам муаммо бўлиб қолганди. Чунки, мамлакатимизга ноқонуний йўл билан келтирилган пиротехника воситаларининг «пақ-пуқ» овози кўпчиликни безовта қилар эди. Бунинг оқибатида оғир асорат колдирувчи ёнғинлар содир бўлган. Тинимсиз, шовқин-суронлардан кексалар, айниқса, беморлар, азият чекишарди. Ана шундай дилхираликларга чек қўйиш мақсадида 2010 йил 22 сентябрда «Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши бу каби муаммоларни бартараф этди.

  Кўрилган чора-тадбирлар туфайли мамлакатимизда ушбу йўналишдаги ишлар тартибга тушди.

 

Шарофиддин Тўлаганов

 

Ўқилган 118 маротаба