Воскресенье, Август 25, 2013

Шомда тинчлик қарор топади...ми?

  Ниҳоят,  Сурия халқи кутган 6 йиллик орзу-умидлар ушалди. Шомда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиладиганга ўхшаб турибди. Ҳамма гап уни ушлаб қолишда. Шу лаҳзаларда ҳам кимдир Башар Асадни қарғаб ётибди, яна кимдир мухолифатга мағзава ағдараяпти. Ҳозир у ёки бу томонга ён босадиган пайт эмас. Аксинча ёвлашаётган томонларни яраштирадиган онлар келди. Ахир уруш чоғида Сурия халқи бошига не кўргуликлар солинди.

  Кимдир отасидан, кимдир онасидан, кимдир фарзандидан, яна кимдир ёру-биродарларидан айрилди. Дайди ўқ ва снарядлар минглаб кишиларни яримжон қилди, Наҳотки, оёгидан, қўлидан ажралган гўдакларнри кўриб раҳмимиз келмаса. Икки миллиондан зиёд қочоқ эса дарбадарликда кун кечираяпти.

 Шу кунларда тинчлик сулҳини Россия, Туркия ёки Эрон дипломатиясининг ғалабаси деяпмиз. Бу гапларда жон бор. Аммо, бу Сурия халқининг ғалабаси, десак муболаға бўлмайди. Халқнинг ўз тараққиёти ва фаровонлигини қуриш сари бирлашадиган онлари келди. Ким билади дейсиз, Суриядан Европага нефть ва газ қувурларини олиб ўтиш учун уринган, аммо мақсадига етолмай уруш бошлаган араб шайхлари ғаразли ниятларини давом эттирмаслигига ким кафолат беради.  

  Ҳозирги паллада 60 мингдан зиёд қуролли отрядларни бирлаштирган мўътадил мухолифат Остонада ўтадиган музокараларга ва тинчлик келишувларга рози бўлиб турибди. Аммо Ислом давлати деб аталмиш қонхўр тўда курашга тўймади. Уларга қарши аксилтеррор операциялари сўнгги лаҳзаларгача давом этади.

  Туркия президенти Ражаб Тойип Эрдағон куни-кеча берган интервьюсида буни эътироф этди. Косовалик ҳамкасби Хашим Тачи билан учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжумани чоғида Эрдағон Туркияга қарши қандай жиноий ташкилот турганидан қатъий назар, террорчиликка қарши кураш давом этажагини билдирди. 

 «У Фатхулла Гуленнинг террорчилик оқими бўладими, Курд ишчи партияси,YPG, ДЕАШ ёки DHKP-C бўладими, уларга қарши кураш ҳам Туркия ичкарисида, ҳам ташқарисида олиб борилади», - дейди Туркия раҳбари.  

  Айни чоғда Эрдағон террорчилик тузилмаларининг барча тарафдорларини жавобгарликка тортиш учун Анқаранинг қатъий позицияда қолишини баён этди. Туркия ҳарбий ҳаво кучларининг Дабик шаҳри яқинида террорчилар қўмондонларидан бири Абу Хуссайн Тунисийни йўқ қилиши ана шу баёнотларнинг исботи бўлди.  

  Туркия президенти Суриядаги ярашув ҳақидаги келишувга эришишга ҳисса қўшганларга миннатдорчилик билдирди. 

  «Мен барчадан, айниқса, азиз дўстим Владимир Путиндан ярашув жараёнларини қўллаб-қуватлагани учун миннатдорман. Туркия минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун саъй-ҳаракатларни давом эттиради. Ишонаманки, ярашув Сурия халқи тарихида ёрқин саҳифаларни очади», -деди президент.

  Эрдағоннинг таъкидлашича, Суриядаги ярашув битими БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорига кўра террорчи деб тан олинган ташкилотларга тегишли эмас.   «Туркия фуқаролари хавфсизлиги буткул таъминланмас экан, Туркия террорчиларга қарши, жумладан,  ДЕАШга қарши курашни давом эттиради. Мазкур масалада ён берилмайди», - дея қўшимча қилди президент.

   Афтидан, Анқара ва Москва ўртасидаги “музлик даври”нинг барҳам топиши Сурия муаммоси ечимининг топилишида муҳим роль ўйнади. Ҳатто яқинда Анқарада Россия элчиси Андрей Карловнинг ўлдирилишига оид фитналар ҳам ўртадаги муносабатларга дарз етказолмади.  

  Аксинча, чоршанба куни Туркиянинг Anadolu давлат ахборот агентлиги Анқара ва Москва фуқаролар урушидан чарчаган Суриядаги ўт очишни тўхтатишга келишиб олганлари тўғрисида хабар тарқатди. Reuters маълумотига қараганда, ҳар икки давлат Сурияни норасмий таъсир доирасига бўлиб олишга интилмоқда. Мазкур зоналар федерал структуралар доирасида эркин фаолият кўрсатади. Сурия раҳбари Башар Асад эса вақтинча бўлсада, ҳокимият тепасида қолади.

  Яқинда ташкил этилган учлик Москва-Анқара-Теҳрон Сурияда тинчлик ўрнатиш юзасидан музокараларни фаоллаштиришди. Ҳатто БМТнинг Сурия бўйича махсус элчиси Стаффан де Мистура буни ижобий қадам деб баҳолади. 2017 йил январида эса Остона (Қозоғистон) да Россия, Туркия ва Сурия мухолифати иштирокида учрашув ўтказилиши белгиланган.

  Ҳозирча АҚШ Сурия масаласига катта қизиқиш билдираётгани йўқ. Оқ уйнинг янги раҳбари Доналд Трамп Вашингтон бировларга ақл ўргатгандан кўра ўзининг ички муаммолари билан шуғулланишини баён қилди. Демак, бундай ҳолатда Шом тақдири Эрдағон ва Путинга боғлиқ бўлиб қолади.
 

                                                           Абдували Сайбназаров

 

Ўқилган 302 маротаба