Воскресенье, Август 25, 2013

Озарбайжон: сайёҳлик томон одимлаган давлат

 Озарбайжон Республикасининг асосий бренди нефт. Буни ҳаммамиз яхши биламиз. Бу соҳа мамлакат тарихи ва маданиятининг ўзига хос бир бўлаги. Аммо ҳозир давр ўзгарди. Бугун сайёҳлик жаҳон миқёсида энг даромадли ва энг истиқболли тармоққа айланди. Мазкур туганмас ресурс дунёга ўзни танитишнинг энг мақбул усулига айланди. 

  Гарчи СССР даврида одамлар одатда Кавказда дам олишни афзал кўрган бўлсаларда, Озарбайжонда туризмдан кўра, нефт қазиб чиқаришга устувор аҳамият қаратилган. Тан олиш керак, бугунги кунга келиб нефт поёнига етиб бораяпти. Қора олтин нархи кескин тушиб кетган. Дунё давлатлари ҳам ҳозирда қуёш, шамол энергияси каби муқобил энергияни ривожлантириш устида ишлаяпти.   

 Шунга қарамай, Озарбайжоннинг имижи ҳамон нефт билан боғлитқ. Биринчи нефт кони 1848 йили ишга тушган. Биринчи танкер ҳам Озарбайжонда қурилган бўлиб, у "Зороастр" деб номланган. Нефт манбалари ўз вақтида урушларда ютиб чиқиш имконини берган. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беритшича, жўғрофий жиҳатдан бугунги Озарбайжон ўрнида жойлашган қадимги Мидия давлати иҳтиёрида мидия мойи бўлган. Мазкур мойдан тўйинган ўқ-ёйлар оловнинг тез тарқалишига ёрдам берган. Ёнғин алангаси мидияликларга жангларда сезиларли устунликни қўлга киритиш имконини берган. 

  Озарбайжон 2001 йилдан буён туризмни ривожлантириш билан жиддий шуғулланмоқда. Нефт заҳиралари тугаб бораётган экан, унинг ўрнини нима биландир қоплаш зарурати юзага келиши шубҳасиз. Шунинг учун ўша пайтдан туризм вазирлик даражасида ўз ўрнини топди. 2001 йили Ёшлар, спорт ва туризм вазирлиги ташкил этилган. Мамлакатнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилотига аъзо бўлиши сабаби ҳам шунда. 

  Сайёҳликни ривожлантириш йўлида барча маъмурий механизмлар ишга солинди, иккита беш йиллик дастурлар ижро этилди. 2011 йили Озарбайжонда туризм йили деб эълон қилинди. Натижада бугунга келиб қулай туристик инфратузилма барпо этилди.  Боку жуда ҳам ёруғ, озода, чиройли ва замонавий шаҳар қиёфасига кирди. 

 Буларнинг бари нефтдан келган даромадлнинг йўллар, меҳмонхоналар қуриш ва бизнесни қўллаб-қувватлашга йўналтирилгани самарасидир. Дастлабки пайтларда битта беш юлдузли меҳмонхона мавжуд бўлган. Хорижлик меҳмонларнинг мазмунли дам олиши учун қулай шароит яратиш мақсадида "Марриотт", "Хилтон", "Кемпински", "Фермонт" ва бошқа машҳур брендлар жалб этилди. 

  Озарбайжон Шарқ ва Ғарб туташган ҳудуддаги, Буюк Ипак йўлидаги муҳим тарихий давлат. Асрлар мобайнида бутун дунё савдгарлари ва сайёҳлари учун очиқ ўлка саналган.  Ипаклар, ширинликлар, олтин ва марваридлар ортилган карвонлар Европадан Шарққа, Шарқдан Европага қатнашда айнан шу мамлакат ҳудудидан ўтишган. Озарбайжонда таниқли инглиз сайёҳи ва савдогари Энтони Женкинсон (XVI аср), ўзининг  «учта денгиз оша юриши» орқали танилган рус сайёҳи, тверлик савдогар Афанасий Никитин (XV аср), XIX таниқли ёзувчи ва сайёҳ Александр Дюма бўлишган ёки мамлакат сарҳадларидан ўтишган. 

  Озарбайжон ўзининг бой тарихий, маданий ва табиий мероси туфайли бугун миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб этаётгани бежиз эмас. Иссиқ Каспий денгизи, юмшоқ иқлим ва ноёб табиати мамлакатда туризмнинг соҳил, фаол ва овчилик кўринишлари ривожига асос бўлмоқда. 

  Минерал манбаларга бойлиги, тузли дараларнинг мавжудлиги, жаҳонда ягона шифобахш нефт – Нафталан Озарбайжонда даволаш туризмнинг шаклланишига хизмат қилмоқда. Бетакрор архитектураси, ўзига хос маданияти, турфа миллий ошхонаси тарихий, этнографик ва гастрономик сайёҳлик ишқибозларини Озарбайжон сари етакламоқда. Озарбайжон анъанавий мусиқа жанрларидан бири – муғомнинг ЮНЕСКО томонидан инсоният номоддий маданиятининг бойлиги деб эълон қилиши ортидан туризмнинг янги йўналиши – муғом тур шаклланди. 

 Мамлакат пойтахти Бокуга келган сайёҳлар тарихий-архитектура ёдгорлиги  “Ичари шаҳар”да бўлишни, қолаверса, худди шу ерда жойлашган ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига кирган афсонавий Ширваншох саройи ва минорани ҳам зиёрат қилишни исташади. 

  Озарбайжон минтақанинг сайёҳлик марказига айланган. Мамлакатда ҳар йили дунёнинг кўплаб мамлакатлари вакилларининг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этадиган йирик Халқаро кўргазма ўтказилиши ҳам фикримизнинг яққол исботидир. 

 

Абдували Сайбназаров

Ўқилган 154 маротаба Сўнги ўзгартириш Чоршанба, 04 Январь 2017 10:51