Воскресенье, Август 25, 2013

Бизга таржимонлар керакми ёки мутахассислар?

  Жуда узоқ бўлмади, 2015 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган ҳалқаро нуфузли конференцияда иштирок этиб, унда ўз чиқишлари билан қатнашган Ўзбекистонлик вакилларнинг ўз мавзуларига оид бошқа давлатларнинг ва ҳалқаро ташкилотларнинг вакиллари томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатга тош отиш мақсадида берилган саволларга қайтарган жавоблари, чет элликларнинг эса бу жавоблардан қониқмаганликларини, жавоблар эса ўша нотиқ мутахассисларнинг на ҳалқаро тажрибадан, на мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсат мазмун моҳиятидан хабардор эмаслиги ёки уларнинг мазмунини тушунмаслигини кўриб, юқорида мақолага мавзу сифатида танланган “Бизга таржимонлар керакми ёки мутахассислар?” кўринишидаги аччиқ бўлсада савол ўз ўзидан хаёлимга келди.

  Савол берган бошқа давлатларнинг ва ҳалқаро ташкилотларнинг вакилларига таржимонлар орқали асосли мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва янгиликларнинг мазмун моҳияти тушунтирилганидан кейин уларнинг фикрлари тубдан ўзгарганлигининг гувоҳи бўлдик. Бундан қандай хулоса келиб чиқади, чет тилларни билиш доимо ҳам мутахассиснинг билим даражаси ва тегишли соҳа бўйича унинг замонавий билимларга эга эканлиги тўғрисида хулоса қилиш имконони бермаскан!

  Ҳақиқатда ҳам донишманд ҳалқимизнинг азал-азалдан бир мақоли борки, унда “Тил билган эл билади” дейилади. Ушбу мақол талабидан келиб чиқиб, айниқса мамлакатимиз мустақиллкка эришгандан кейин унинг глобал иқтисодиётнинг бир бўлагига айланганлиги сабабли давлатимизнинг биринчи раҳбари томонидан 2012 йил 10 декабрда ПҚ-1875-сонли “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган бўлиб, унда замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш йўли билан, ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда бунинг негизида, уларнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳамда дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун шарт-шароит ва имкониятлар яратиш мақсад қилиб қўйилган. Қарорда кўзланган  мақсадни жиддий мушоҳада қиладиган бўлсак, чет тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш асосий масала сифатида қўйилганлигига эътибор қаратиш лозим бўлади. Демак, мазкур қарор қабул қилишдан асосий мақсад сифатида чет тилларни биладиган таржимонлар тайёрлашга эмас, чет тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш белгилаб қўйилганлигининг гувоҳи бўламиз.

  Мазкур масаланинг ижросини таъминлашга айрим раҳбарлар томонидан бир томонлама ёндашув бўлганлиги натижасида, айниқса лавозимларга номзодларни кўриб чиқиш жараёнида асосий мезон сифатида номзоднинг соҳа сир асрорларини билиши эмас, балки чет тилини билиши юқори ўринга қўйилиши одат тусига айланди. Бир нарсани эсдан чиқармаслик лозимки, ҳар доим ҳам тил билиш соҳани бекаму кўст билиш дегани эмасдир. Мазкур жараённинг қонуниятга айланиши натижасида кўпчилик ёшларимизда юқори савиядаги мутахассис бўлишга интилиш эмас, балки тилни билишга интилиш кучайётганлигини кўришимиз мумкин.

  Иқтисодиётнинг глобаллашуви ва инновацион ривожланишга асосланган бугунги замонида соҳалар бўйича инновацион ишланмаларни тилни биладиган шахс эмас, балки соҳанининг назариясини ва амалий сир асрорларини чуқур биладиган мутахассислар яратишини эсдан чиқармаслик керак! Мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш орқали дўнё ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаб боришга “Ҳамма нарсани кадрлар ҳал қилади” деган шиорда белгилаб қўйилганидек том маънодаги дунё бозорида рақобатбардош юқори савияли мутахассислар тайёрлаш орқали эришиш мумкин эканлиги аксиома эканлигини тан олиш даври келди.

  Биз бу билан чет тилларни ўрганмаслик керак деган ғояни илгари суришдан йироқмиз, ҳалқимиз мақолида айтилганидек ёки биринчи президентимиз томонидан қабул қилинган қарорда белгиланганидек жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳамда дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун чет тилларни ўрганиш табиий зарурият сифатида қаралиши керак.

 

Юсупов Эркин Джураевич

            ТошДАУ “Қишлоқ хўжалигида

менежмент” кафедраси мудири

                                                                         

Ўқилган 380 маротаба Сўнги ўзгартириш Пайшанба, 05 Январь 2017 13:32