Воскресенье, Август 25, 2013

Янги йил табриги билан телевидение орқали халққа мурожаат қилиш аньанаси ҳақида

 Бир қатор мамлакатларда давлат ёки ҳукумат раҳбари  Янги йил табриги билан телевидение орқали халққа мурожаат қилиши аньанага айланган. Мурожатда ўтган йилда амалга оширилган ишлар, яқин келажакда бажариладиган вазифалар белгиланади ва янги йил билан табрикланади.

 Илк бор давлат раҳбарларининг халққа бевосита мурожаат қилишига замонавий технологияларнинг, аввалига радио, кейинчалик телевидениенинг  ривожланиши сабаб бўлган.

 Собиқ СССРда илк бор давлат рахбари 1935 йилнинг 31 декабрь куни радио орқали янги йил билан табриклаган эди. Ўшанда СССР Марказий Ижроия Кенгаши раиси (амалда давлат раҳбари) бўлмиш М. И. Калинин қутбчиларга радио орқали табрик йўллаган эди. 1941 йилнинг 31 декабрида эса М. И. Калинин СССР тарихида илк бор мамлакат халқини Янги йил  билан қутлади.

 Бу каби табрик 1944 йилгача давом этди. М.И.Калининнинг вафотидан кейин давлат раҳбарининг табриги 1953 йилга қадар тўхтатилди. 1953 йилнинг 31 декабр куни  СССР Олий Совети Президиуми раиси бўлмиш К. Е. Ворошилов радио орқали халқни янги йил билан табриклади. Н. С. Хрущёв томонидан шахсга сиғиниш қораланиши сабабли 1956 йилдан бошлаб  мамлакат халқига янги йил табриги “КПСС Марказий Қўмитаси, СССР Олий Совети ва Вазирлар Совети” номидан берила бошланди. 1971 йилдан бошлаб бу аньана бузилди ва Леонид Ильич Брежнев (у пайтда у хозирги кекса авлод ёдида қолгани каби гапи оғзидан тушиб қолмас, балки тетик эди) телевидение орқали халқни янги йил билан табриклашни бошлаб берди. Унинг мурожаати 1971 йилнинг 31 декабр соати  23:50да иккита телеканал орқали намойиш этилди. Бироқ Л.И Брежнев, сўнг Ю. В. Андропов ва К. У. Черненколарнинг оғир касаллиги сабаб давлатнинг биринчи рахбарларининг табригини марказий телевидение дикторлари ўқиб эшиттира бошлади. 1970- йиллар сўнгида табрикларни таниқли диктор Игорь Кириллов ўқиб берарди. Минтақавий Теле-радио эшиттириш технологияларининг кенг оммалашгани боис янги йил табриги бир вақтнинг ўзида минтақаларда ҳам бериладиган бўлди. 1982 йилнинг 31 декабр куни телевизор экранларида СССР Олий Совети Президиуми раисининг биринчи ўринбосари 81 ёшли В. В. Кузнецов пайдо бўлди ва мамлакат халқини янги йил билан қутлади. Чунки Л. И. Брежнев вафоти муносабати билан Олий Совет  Президиум раиси лавозими бўш турган эди. Ю. В. Андропов фақат КПСС МК Бош котиби лавозимини эгаллаган эди. Шу сабабли давлат раҳбари сифатида В. В. Кузнецовнинг табриги мантиқан тўғри эди.

  1985 йилнинг декабьрь ойида телевидениеда янги йил табриги билан КПСС МК Бош котиби Михаил Сергевич Горбачёв (Олий Совет Президиуми раиси лавозимини эгалламаган бўлса ҳам) чиқди. 1986, 1987 ва 1988 йилларда АҚШ президенти совет халқини, СССР раҳбари АҚШ халқини янги йил билан табриклаш аньанага айланди.

  СССР тарқаб кетиши муносабати билан 1992 ва 1993 йилларнинг кириб келиши телевидение орқали давлат раҳбарлари томонидан табрикланмади. Тўғри, 1991 йилнинг 31 декабрида таниқли хажвчи Михаил Задорнов биринчи дастур орқали намойиш қилинган байрам шоусида халқни янги йил билан қутлади. Янги йил арафасида, тўғрироғи 30 декабрь куни Россия раҳбари  Борис Ельцин телевидение орқали халққа мурожаат билан чиқар экан, 1992 йилнинг 2 январидан бошлаб бозор иқтисодиётига ўтилиши борасида  маълумот берди.

  1999 йилнинг 31 декабр куни Россия халқини бир эмас икки президент табриклади. Президент Борис Ельцин истеъфога чиқиши борасида баёнот берганидан кўп ўтмай президент вазифасини вақтинча бажарувчи Владимир Путин телевидение экранларида пайдо бўлиб. Россия халқини янги йил билан қутлади. Ўшанда Владимир Путин иш кабинетидан мурожжат қилган бўлса, кейинчалик Москова Кремлининг Иванов майдонидан  мурожаат қиладиган  бўлди.

  2013 йил 31 декабр куни Владимир Путиннинг аввал ёзиб олинган янги йил табриги  фақат Узоқ Шарқ аҳолиси учун намойиш этилди. Чунки унда Волгоградда юз берган террор ходисаси тилга олинмаган эди. Мамлакатнинг қолган қисмида яшаётган халқ учун янги йил табриги бошқатдан ёзилди ва эълон қилинди. В.В.Путиниинг мурожаати Хабаровскда, илк бор ёпиқ бинода ёзиб олинди.

  Айни дамда Россия Федерацияси президентининг янги йил табриги соат қутблари хисобга олинган холда, маҳаллий вақт билан 23:55 да теле-радио орқали берилади.

  Энди жаҳондаги айрим мамлакатларда жорий этилган аньаналар хақида қисқача маълумот берамиз.

  Австрияда Янги йил билан халққа президент мурожаат қилади. Канцлер аньанага кўра халқни 26 октябрда нишонланадиган миллий байрам билан қутлайди.

  1923 йили «Би-би-си» бош директори Жон Рейт қирол Георг V га  Рождество муносабати билан халққа мурожаат қилиш таклифини беради. Бироқ қирол бу ғояни инкор қилади. Аммо Жон Рейт ўз сўзида туриб олади. 1932 йили Георг V ўзининг Садринхемдаги қароргохида Буюк Британия халқига қилган мурожатини ёздиради. Шундан бошлаб Британия қирол ва қироличалари ҳар йили Рождество байрами билан табриклаш аньанага айланди. Фақат 1936 - 1938 йилларда Рождестово байрами билан қирол табрикламади. (Эслатиб ўтамиз, 1936 йилнинг декабридан 1952 йилнинг февралига қадар хукмдорлик қилган Георг VI етти ёшидан бошлаб дудуқланар эди). 1957 йилда илк бор Рождество табриги қиролича Елизавета II томонидан телевидение орқали намойиш этилди.

  Германияда 1970 йилдан бошлаб янги йил мурожаати билан канцлер чиқади. Амалда давлат рахбари хисобланмиш Федераль президент халқни Рождество билан табриклайди. 1949 йилдан 1969  йилга қадар бунинг тескари бўларди. 1952 йилда илк бор байрам табриги телевидение орқали намойиш этилди. 1986 йилнинг 31 декабрида ARD телеканали Гельмут Колнинг бир йил аввалги янги йил табригини эфирга узатди. Телеканал раҳбарияти бу англашилмовчилик туфайли юз берганини тан олди ва эртаси куни, яъни 1987 йилнинг 1 январида канцлернинг янги йил табриги намойиш этилди.

  Янги йил байрами эски йилнинг сўнгги ва янги йилнинг биринчи кунида нишонланадиган халқ байрами. Янги йилнинг 1 январда бошланиши Рим хукмдори  Юлий Цезар томонидан эрамизнинг 46 йили жорий этилган. Айни дамда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида янги йил Григориан календари бўйича 1 январдан бошланади. Янги йилни биринчи бўлиб Тинч океанидаги Кирибати халқи кутиб олса, энг охирги бўлиб Тинч океанидаги Мидуэй ахолиси эски йилни кузатиб қўяди. Айрим мамлакатларда Ой тақвими бўйича ҳам янги йил нишоналанади.

  Масалан Хитойда янги йил 21 январ- 21 феврал оралиғида нишоналанса, минтақамизда 21 март куни Наврўз  байрами ўтказилади.

 

Шарофиддин Тўлаганов тайёрлади

Ўқилган 363 маротаба Сўнги ўзгартириш Пайшанба, 05 Январь 2017 17:14