Воскресенье, Август 25, 2013

Одамлар кўнглидаги дард ёхуд газета ёлғонни ёзадими?

  Газеталар бугун нега фақат бир хил мавзулар атрофида ўралашиб қолди? Нега жамиятдаги муаммоларга журналистларнинг ўткир-ўткир муносабатлари кўринмаяпти? Халқни қийнаётган айрим чигал масалалар нега дадил танқид қилиб чиқилмаяпти? Фельетон деган жанрлар ўтмишда қолиб кетдими? Матбуотда тузик-қуруқ ўқийдиган нарсалар қолдими ўзи?

 Бу каби саволлар кўпчиликнинг дилидан ўтаётгани табиий. Сабаби, халқ матбуотга ишонади, ўз дардини у билан баҳам кўради, ундан илинж кутади... Кутган ва излаган нарсасини топа олмаса, ҳафсаласи пир бўлади. Одамларни қийнаётган бир қатор муаммолар матбуотда таҳлил ва танқид қилингач, ўз ечимини топганини катта авлод вакиллари, айниқса, яхши эслашади. Бугун негадир бундай ҳолатлар бир қадар камайиб қолгандай...

Баҳоналар атрофидаги муаммолар

 Яқинда таҳририятимизга бир аёл телефон қилди. «Маҳаллалар ҳақида жуда ҳавойи гапларни ёзяпсизлар, аслида ҳақиқий ҳолат қандайлигидан хабарларинг борми? Оқсоқол ёрдам пулларини кимларга бераётганини биласизларми?..» дея яна ўнлаб саволларни ёғдириб ташлади. Жим туриб эшитгач, «Илтимос, опажон, марҳамат қилиб ўзингизни таништирсангиз? Сиз қайси маҳаллада турасиз?» деган саволимиз, афсуски, жавобсиз қолди...

  Мамлакатимизда ўн мингга яқин маҳалла бор. Улар фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилди ва шунга яраша юзлаб маҳаллаларимизда ишга ёндашув бутунлай ўзгарди. Лекин бу ҳамма жой гуллаб-яшнаб кетди, дегани эмас. Инсон омили билан боғлиқ баҳоналар атрофидаги баъзи бир муаммоларимиз ҳали-ҳануз ечимини кутаётгани рост. Улардан қутулиш учун биринчи навбатда, софдил, сергак, фидойи, холис, шижоатли кишиларнинг — жамоатчиликнинг ёрдами зарур. Ахир, ўз вазифасини суиистеъмол қилаётган амалдор «менга чора кўришингизни сўрайман», деб жазони ўзи талаб қилиб олдимизга келмайди-ку! Қуюшқондан чиққанни адолат халачўпи билан тўғри йўлга солиб қўйиш ҳар биримизнинг инсоний вазифамиз эмасми?

  Андишали халқмиз. Ўз қўшнимиз, маҳалладошимиз, ҳамкасб ё раҳбаримизнинг юзидан ўтолмай, уларнинг ҳамма найрангларидан ҳамиша кўз юмиб, мум тишлаб туришга одатланганмиз. Соғлом ақл асосида фикрлайдиган онгли инсон ҳуда-беҳуда ана шу «андиша»ни баҳона қилиб турса, атрофда ўзибўларчилик, тўрачилик, иккиюзламачилик каби ўта хатарли иллатлар урчиб кетишига жуда қулай шароит ҳозирламайдими?

  Оч қорним, тинч қулоғим

  Бир киши корхона раҳбари ходимлар маошини туя қилаётгани ҳақида шикоят хати ёзди. Жойига бориб, масалани ўргандик. Ҳужжатларда ҳеч бир ишкал йўқ. Жамоадаги қирқ тўққиз нафар ходим «бундан хабаримиз йўқ», деб елка қисди. (Балки улар оч қорним, тинч қулоғим, қабилида йўл тутишгандир.) Яқинда пенсияга чиққани сабабли жамоани тарк этган даъвогарнинг фикри эса мутлақо бошқача. Уни раҳбар билан юзлаштирдик, лекин барибир ҳар ким ўз фикрида қолди. Шунда аён бўлдики, бу масала фақатгина инсон омили воситасида ҳал қилинади. Шу жараённинг ичида юрган, барчасига гувоҳ бўлган кишиларгина холис ва ҳаққоний гувоҳлик берса, айбдорни топиш мумкин. Акс ҳолда, масалани ечиб бўлмайди. Холис ва ҳаққоний гувоҳлик берадиган мардни эса кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмади...

  Яна бир мухлисимиз газета вақтида етиб бормаётганини билдирди. «Қаердан обуна бўлганингизни айтинг, ҳал қилиб берамиз», десак, «Мен ҳали бу ташкилотда яна узоқ йиллар ишламоқчиман, келинг, тинчгина юрайлик. Бу муаммони мен айтмадим, сиз эшитмадингиз», деб жавоб берди…

  Энди бир холисона ўйлаб кўрайлик. Ўзимизнинг муносабатимиз шундай бўлгач, муаммолар ечимини кимдан кутамиз?

  Нуфузли бир ташкилотга «шу тизимда халққа ўзини ҳожатбарор қилиб кўрсатаётган товламачию фирибгарлар кўпайиб кетяпти. Келинг, қўлни-қўлга бериб, ўшаларга қарши курашайлик», деган мазмунда мурожаат қилдик. Кўп ўтиб, «соҳада сиз назарда тутган шахслар йўқ», деган жавоб келди. Лекин ойни этак билан ёпиб бўлармиди? Касални яширганимиз билан иситмаси ошкор қилиб туради-ку!

  Вазирликлардан бирига берган хатимизнинг жавоби масъул шахс имзолагандан кейин уч ой ўтгач, бизга етиб келди. Орадаги масофа ошиб борса уч чақирим. Қолаверса, бугун ахборотни тезкор етказиш бўйича ҳар қандай муаммо бартараф этилган даврда яшаяпмиз.  

  Яна айрим ташкилотлар борки, улардан маълумот олишдан кўра, парвоз қилаётган туяни учратиш осонроқ. Бирор масалада мурожаат қилинса, албатта ёзма мурожаат қилинг, деган буйруқ оласиз. Ёзма мурожаат қилинганда эса неча «чиғириқ»дан ўтказилиб берилган жавобдан на таҳририят барака топади, на газетхон. 

Бугунги «Фармонбиби»лар

  Айрим кишилар шундай боқибеғам кимсаларни исм-шарифини тўла-тўкис кўрсатган ҳолда матбуотда гумбурлатиб танқид қилиниши кераклигини айтишади. Бугун бу фикр ҳам анча баҳсли. Тўғри, бундан ўттиз-қирқ йил муқаддам шундай танқидий чиқишлар, фельетонлар бўлган. Ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ҳурмат қилмайдиган, давлатни осонгина ўмариб, бойлик орттиришга танда қўйган ноинсоф, виждонсиз амалдорлар аёвсиз танқид қилинган. Матбуотдаги бундай чиқиш ўша мансабдорнинг партиядан ўчирилиб, мансабидан ҳайдалиши билан якун топган.

  Ҳозирги кунни ўша пайтлар билан солиштириш тўғри бўлармикан? Ахир, бугун одамларнинг иш услуби анча ўзгаргани сир эмас-ку! Қолаверса, бирор мансабдор йўл қўяётган камчиликни албатта бармоқни бигиз қилиб, ўша кимсанинг пешонасига нуқиб айтиш шарт эмас-ку! Масалан, матбуотда «фалон туманнинг автомобиль йўллари умуман талабга жавоб бермайди», деб ёзилса, бу ишга масъул бўлган туман ҳокими-ю, йўл идораси раҳбарининг исм-шарифини келтириб ўтиш шартмикан? Гап кимнинг эътиборсизлиги ҳақида кетаётгани шундоғам маълум-ку!

  Тўғри, баъзан Фармонбибига ўхшаб «мани номим чиқмади!» дейдиганлар ҳам топилади. Лекин матбуотнинг вазифаси ким айбдору ким гуноҳкор каби масалалар билан шуғулланиб, бировни фош қилиш, унга ҳуқуқбузар ёки жиноятчи сифатида ҳукм ўқиш эмас. Бунинг учун масъул тизимлар бор. Матбуот фақат омманинг фикр-мулоҳазаларини, халқни қийнаб келаётган мавзуларни таҳлилий ўрганиш ва ёритиш, масъулларни жамоатчилик эътиборидаги шу нуқтага қаратиш, шу йўл билан камчиликларнинг тўғриланишига эришишдан иборат эмасми аслида?

  Омманинг фикрини матбуотга олиб чиқишдан мақсад баъзи соҳаларда билиб-билмай йўл қўйилаётган камчиликлар ҳамда кўпчиликни қийнаб келаётган масалалар ечимини топишга кўмаклашиш, холос. Буни тўғри англаб етмаган баъзи мансабдорлар раҳмат айтиб, камчиликни ўнглашга киришиш ўрнига отдан тушса ҳам эгардан тушмасликка ҳаракат қилади. Матбуот худди қайсидир раҳбар фаолиятини тафтиш қилиб, уни жиноятчига чиқараётгандай, зўр бериб ўзини оқлаб, айбни бошқаларга улоқтиришга тушади. Халқда бир нақл бор: башаранг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама. Ойна ҳамиша борини борича кўрсатади. Унинг вазифаси шу. Матбуот ҳам жамиятнинг кўзгуси. Шундай бўлгач, ундан гина қилишга ҳаққимиз борми?                       

Туяқушнинг тутуми

  Баъзан «Матбуотда танқид берилмаяпти!» дейдиган кимсанинг ўзидан ёрдам сўраб, келинг, шу мавзуда сизнинг танқидий фикр-мулоҳазалари­нгизни эълон қилайлик, десак, у бир пасда ўзини қўйишга жой тополмай, жуфтакни ростлайди. Кейин эса «тутқич бермас қаҳрамон»га айланади. (...Туяқушга юк кўтар, деса, мен қушман, деркан, бўлмаса парвоз қил, дейилса, ахир, мен туяман-ку, деб жавоб бераркан) Шу қилмиши учун ўзини ҳам боплаб танқид қилиш мумкин. Лекин бу ҳам унга, табиийки, ёқмайди. Бунинг сабаби нималигини биласизми? Аччиқ бўлса ҳам тан олишга мажбурмиз: бизда танқидга соғлом назар билан қараш, у бизнинг муваффақиятимиз учун эканини англаб етиш, уни тўғри қабул қилиш кўникмаси йўқ. Шу сабабли ҳеч биримиз: «ўринли танқидингиз учун раҳмат, шу туфайли хато ва камчиликларимни тўғрилаб олдим», деёлмаймиз.

  Аслида ота-боболаримиз «танқид дўстларнинг туҳфасидир», дейишган. Бир-бирларини беғараз ва самимий танқид қилиш билан қўллаб-қувватлашган. Улар эришган ютуқларнинг замирида ана шу холисона қараш ётган бўлса, ажаб эмас. Боиси, ҳеч бир киши хато ва нуқсондан холи эмас. Улардан қутулишда эса бошқаларнинг ёрдамига албатта эҳтиёж сезилади.       

 Пичоқни ўзингга ур, оғримаса, бировга, дейишади. Танқид пичоғи жарроҳнинг тиғидек нарса. У ўрнида ишлатилса, хастани дарддан халос этади. Фақат унинг ўзига яраша оғриғи бор. Шунга бардош бера олсак, бўлгани.

 

Туробжон АБДУРАЗЗОҚ

Oila davrasida” газетаси

 

Ўқилган 468 маротаба