Воскресенье, Август 25, 2013

Сув ресурслари глобал инқирози шарпаси

 Атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва ҳаддан зиёд исрофи туфайли сув бутун дунё бўйлаб тобора тақчил ресурсга айланиб бормоқда. Зеро, мазкур масалалар тобора ўткирлашиб, кескинлашиб бораётгани, кенгайишда давом этиши ҳаммамизга таъсир кўрсатувчи муаммодир. Айримлар аҳамиятига кўра сувни нефт билан таққослашади. Аммо нефтдан фарқли ўлароқ, сув яшаш манбаи.

 Сайёрамизда сув билан боғлиқ вазиятнинг чуқурлашуви яқин ўн йилликда ҳар бир мамлакат сувга иқтисодий фаровонлик, инсон ҳуқуқлари  ва тугаб бораётган ресурс сифатида муносабатни ишлаб чиқиши кераклигини кўрсатади. Дунёнинг учта минтақаси  — АҚШ, Яқин Шарқ ва Хитойдаги сув тақчиллиги  — соҳада қатор муаммолар борлигини кўрсатади. 

 Жаҳон ресурслари институти ҳисоб-китобларига қараганда, 2025 йилга бориб дунё аҳолисининг учдан икки қисми, айниқса, Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Ғарбий Осиё аҳолиси сув ресурслари  тақчил ҳудудлар сирасига кириб қолади. Сув тақчиллиги ҳозирги кунда Суриядаги урушнинг асосий сабабларидан бири сифатида эътироф этилади ва эҳтимол, янада кўпроқ можаролар келтириб чиқарадиган ва қочоқлар оқимини кўпайтирадиган манбага айланади. 

  Хитой жаҳоннинг энг йирик аҳолига эга ва сувни ифлослантирадиган энг йирик мамлакат саналади. Бир неча ўн йиллар Маонинг “шундай қилиш керакки, баланд тоғлар бошини эгсин, дарёлар ўзанини бурсин” шиори остида яшаган гигант миллат ичимлик суви тақчиллигини бошдан кечираяпти ва мазкур вазиятдан чиқиш йўлини кўрмаяпти.

  Чучук сув қайта тикланадиган манба эмаслигини тан олган БМТ 2010 йили тоза сув ва санитария муаммосини барча 193 аъзо мамлакатлар розилиги билан БМТнинг Минг йиллик тараққиёт мақсадлари сирасига киритди. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланишни таъминлаш учун 1,7 триллион  доллар маблағ керак бўларкан. 

АҚШ — Канада

  Жаҳон ресурслари институти тахминларига кўра, Қўшма Штатлар “юқори стрессли”, Канада эса “паст стрессли” минтақа ҳисобланади. Дунё чучук сув заҳираларининг 20 фоизига эга Канада келажакда сув экспортига эътиборни кучайтиришига ишоралар бор. Бу албатта сиёсатчилар иҳтиёридаги масала. Канаданинг Қўшма Штатлардаги собиқ элчиси Гэри Дуер яқин йилларда АҚШ ва Канаданинг сув туфайли баҳси шу даражада кескинлашадики, Keystone XL қувурлари бўйича тўқнашувлар “аҳмоқона кўрина бошлайди”, дея 2014 йилда башорат қилганди. 

АҚШ —Мексика

  Иккита асосий сув ресурси — Колорадо ва Рио-Гранде дарёлари  — Қўшма Штатлар ва Мексикани ажратиб туради. Махсус шартномалар ушбу манбалардан ҳар бир мамлакатга  ажратиладиган сув миқдорини белгилайди. Бироқ охирги йилларда Мексикадан сув беришнинг чекланиши Америкадаги манфаатдор доираларнинг ғазабини келтирди. Улар фикрича, Мексика ўзининг сув истеъмолига устувор аҳамият қаратаётган бўлсада, Қўшма Штатлар келишувда кўзда тутилган сувни етказиб бермоқда. Бошқа томондан, мексикалик манфаатдор томонлар АҚШдан келтирилаётган сувнинг ичишга ёки қишлоқ хўжалигида фойдаланишга яроқсиз эканлигидан норозилик билдиришган. Шунинг учун резервуарларда сақланаётган бу сувлардан фойдаланиш чекланган. 

               Аҳоли корпорацияларга қарши

  Шиша идишларда сув ишлаб чиқариш заводларини қуриш ҳақидаги таклифлар бутун Шимолий Америка жамоаларининг қаршилигига учради. Калифорниядаги Макклауд фойдаланилмаган йирик сув манбаларига эга кичик шаҳарча бўлиб, 56 та брендга эга йирик компания Nestlé сув манбаларини сотиб олиш ишқида ёнди. 

  Nestlé  2003 йилда 50 йил мобайнида Макклауд сув йиғиш ҳавзасидан улкан миқдорда сув олиш орқали мамлакатда йирик завод қуришни таклиф этди. Шубҳасиз, ҳар куни шаҳар бўйлаб сув тарқатадиган юзлаб юк ташиш машиналари атроф-муҳитни ифлослантириши билан бирга шовқинни кучайтириб юбориши турган гап эди. Компания маҳаллий жамоатчиликнинг олти йиллик қаршилигидан кейин 2009 йилда ўз режаларидан воз кечишга мажбур бўлди. Шиша идиш сувлари Ассоциациясининг қайд этишича, идишлардаги сувлар Америкада ишлатиладиган сувнинг атиги кичик қисмини ёки ҳар йили Калифорнияда ишлатиладиган сувнинг атиги 0,02 фоизини  ташкил этади, холос. Америкада сувнинг ифлосланиши Мичиган штатидаги Флинт билангина чекланмайди. У умуммиллий муаммо ҳисобланади. Таркибида свинец бўлган жўмрак суви ифлосланиши ОАВдаги чиқишларда устунлик қилган бўлсада, тадқиқотларнинг кўрсатишича, беш йил мобайнида йиғилган сув намуналарида 300 дан зиёд ифлослантирувчи ашёлар, унинг учдан икки қисми “назорат қилиб бўлмас кимёвий моддалар” мавжудлигини кўрсатди. Қишлоқ хўжалиги чиқиндиларининг сув йўлларига қўшилиб кетиши оқибатида Америкада дарёларнинг 40 фоизи, кўлларнинг 46 фоизи балиқ овлаш, чўмилиш ёки сув флора ва фаунаси яшаши учун учун яроқсиз аҳволга келган.   

Ортиқча суғориш

  Қишлоқ хўжалиги Америкада истеъмол қилинадиган сувнинг 50 фоизини, ғарбий штатларда 90 фоизини талаб қилади. Суғориладиган сув саккизта штат ҳудудида жойлашган, Қўшма Штатларда суғориладиган ерларнинг 20 фоизидан ортиғини таъминлайдиган Огаллала қатламидан олинади. Сув йирик чорва молларини боқиш, кукуруза, пахта ва дон етиштиришда ишлатилади. Бир вақтлар Огаллала битмас туганмас сув манбаи деган гап сўзларга мисол бўла олади, бироқ пала-партиш фойдаланиш унинг аста-секин қуришига олиб келмоқда. 1960 йилда унинг сув заҳиралари 3 фоизга қисқарди, 2010 йилда 30 фоизга. Канзас штати Университети олимларининг айтишича, ҳозирги тенденциялар сақланиб қолса, яна 50 йилдан кейин сув ҳажми 69 фоизга қисқариши мумкин экан. Сув қатламини сақлаш бўйича саъй-ҳаракатлар давом этмоқда, бироқ аҳволни тезда тўғрилаш имконсиз. 

Қурғоқчилик

  Калифорнияда олти йилдирки, кучли қурғоқчилик давом этмоқда. 2015 йилнинг апрелида губернатор Жерри Браун штат тарихида биринчи марта ичимлик сувига 25 фоизлик чекловни эълон қилди. Қурғоқчилик жануби-шарқий ва шимоли-шарқий ҳудудларга ҳам таъсир кўрсатмоқда, Шундай қилиб у штат ҳудудининг 47 фоизини қамраб олди.   Калифорния қурғоқчиликдан энг кўп жабр кўрган штат бўлсада, унинг Лос-Анджелес шаҳри Arcadis консалтинг фирмаси томонидан барқарор тараққиётга эга шаҳарлар индексига мувофиқ, дунёда Копенгагендан кейинги самарали сувга эга шаҳар деб топилди. Сан-Франциско ҳам рейтингда юқори ўринда. Ҳар икки шаҳар ҳам сувдан такрорий фойдаланишнинг юқори даражаси билан фахрланиши мумкин.

  Кўплаб сиёсатчиларнинг фикрича, уруш, нефт ва инсон ҳуқуқлари Яқин Шарқнинг асосий муаммоларидандир. Маълумки, сув ҳам барқарорлик ва фаровонлик калитидир. Сув тақчиллигини бошидан кечираётган 10 та мамлакатнинг 8 таси Яқин Шарқда жойлашган. Улар чўлланишга, ерости сувлари сатҳининг тушиб кетишига, кўп йиллик қурғоқчиликка, сув ресурсларига эгалик қилиш борасида миллатлараро баҳсларга, сув ресурсларидан норационал фойдаланишга маҳкумлар. Буларнинг бари шундоқ ҳам кескин минтақадаги беқарорликни кучайтиради.

                                                                                           Сув — бу сиёсат

  Яқин Шарқда сув ва сиёсат чамбарчас боғлиқ. Трансчегаравий тозалаш ҳақидаги оддий келишув сувни бўлинадиган ресурс сифатида кўради. Табиий ресурслар соҳасида иқтисодчи Дэвид Б. Брукснинг сўзларига кўра, келишувлар яқин истиқболда зиддиятларнинг олдини олишга ёрдам беради, бироқ узоқ истиқболда сув ресурсларидан барқарор ва адолатли бошқаришни кафолатламайди. 

  Исроил-Фаластин можароси бунинг яққол намунасидир. 2016 йилнинг жазирама ёзида Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғидаги 2,8 миллионга яқин араблар ва маҳаллий етакчилар бир неча бор чучук сувдан маҳрум эканликларидан шикоят қилишди. Исроил эса фаластикликларни эскирган инфратузилмани янгилаш учун музокаралар столига ўтиришдан бош тортаётганликда айблайди. Осло келишувларига кўра, Исроил сув ресурсларини назорат қилади. Мазкур масалаларни ечиши керак бўлган Исроил-Фаластин қўшма қўмитаси беш йил мобайнида бирор марта ҳам йиғилмади. Инсониятнинг энг ҳаётий муамосига оид бундай нохолис сиёсат Яқин Шарқнинг аксарият давлатларида кузатилмоқда. 

Иордан дарёси ҳавзаси

 Ливан, Сурия, Исроил, Ғарбий қирғоқ ва Иордания ҳудуди орқали оқиб ўтадиган Иордан дарёси сув билан боғлиқ бир ёки бир неча доимий давлатлараро зиддиятларнинг марказида жойлашган. Мана 60 йилдан ошдики, Иордан Исроил ва араб давлатлари ўртасидаги кескинлик манбаи бўлиб келади. 

 1953 йилда Исроил сувни шимолий Галилей денгизидан жанубдаги Негев чўлигача етказиб бериш мақсадида 130 километрли қувур қуриш лойиҳасини илгари суради. Орадан ўн йил ўтиб мегалойиҳа якунига етгач, Сурия Иордан дарёси сувининг 60 фоизини олишга имкон берадиган канал барпо этиш орқали Исроил ниятларини йўққа чиқаришга интилади. Айни шу масала 1967 йилда олти кунлик урушга сабаб бўлади.

 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бир киши кунига камида икки литрдан сув ичиши керак деган хулосага келган. Уруш каби фавқулодда вазиятларда, сувга эхтиёж икки марта ўсади. Шахсий гигиена ва овқатни тўғри ҳазм қилиш учун ҳам яна кўпроқ — кунига 5,3 литр сув керак. Кийим-кечакни ювиш ва чўмилишга ҳам сув зарур.

Яман

  Яман пойтахти Сана ва бошқа шаҳарлар бевосита ўткир сув етишмовчилиги хавфи остонасида жойлашган. Агар керакли чоралар кўрилмаса, орадан 1-10 йил ўтиб ана шу ҳолат юз беради. Яманга сувнинг катта қисми ерости сув манбаларидан келади. Шаҳар аҳолисининг ўсаётгани ва сув талаб қиладиган ўсимликлар (айниқса, наркотиклар) йилига ерости сувлари сатҳининг 2 метрдан пасайишига олиб келмоқда. Давом этаётган фуқаролар уруши ва гуманитар инқироз ҳам сув муаммосининг чуқурлашувига олиб келаяпти. Аҳолининг учдан бир қисми, тахминан 20 милион киши тоза ичимлик сувидан маҳрум. Агар вазият ўзгармаса, шаҳар аҳолисининг 2,9 миллиони сув етишмовчилигидан қочоққа айланиши мумкин.

Сурия қурғоқчилиги ва фуқаролар уруши

 Афтидан Яқин Шарқ сув сабабли жуда кўп урушларни бошдан кечирадиганга ўхшайди. Аммо сув етишмовчилиги шундоқ ҳам можарони келтириб чиқарадиган бошқа омилларнинг кескинлашувига олиб келди.  

  Суриядаги вайронкор уруш ҳозирги вақтда глобал муаммо ҳисобланади, можаро ва қурғоқчилик ўртасидаги алоқа мавжудлиги фақат яқиндагина жамоатчиликка аён бўлди. 2006 йилдан 2010 йилгача Сурия сўнгги 900 йилдаги энг оғир қурғоқчиликдан азият чекди. Қурғоқчилик туфайли чорва нобуд бўлди, озиқ-овқат нархи кўтарилди, 1,5 миллионга яқин фермерлар ўзларининг қуриган ерларни ташлаб шаҳарга кўчди. Қочоқлар оқими, шунингдек, юқори ишсизлик даражаси ва бошқа омиллар исёнларни, охир-оқибатда фуқаролар урушини келтириб чиқарди. Инқироз 30 йил илгари ўйланмаган сиёсатнинг оқибати бўлди, дейиш ҳам мумкин. 1970-йилларда президент Хофиз Асад (ҳозирги президент Башар Асаднинг отаси) Сурия қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзини таъминлайдиган давлатга айланиши керак деган қарорга келди. Фермерлар чуқур-чуқур қудуқлар қазишга киришиб, ерости сувларидан фойдаланишга ўтишди. Охири ахвол қудуқларнинг қуришига олиб келди. 

  Сув ресурсларидан нотўғри фойдаланиш минтақада кўплаб муаммоларни юзага чиқарди.  Аксарият экспертлар сувга оқилона ёндашув улардан айримларининг олдини олган бўларди, деган фикрда якдиллар. Масалан, ер боқиши мумкин бўлган чорва моллари сонини аниқлаш учун тадқиқотлар зарур. Сув ресурсларини сақлаб қолишни сув нархидан фойдаланган ҳолда ҳам рағбатлантириш мумкин. Ҳозирги  кунда эса Сурияда фермерлар олдингидан кўра 30 фоиз кам сув сарфлаган ҳолда ҳосилдорликни 60 фоизга оширишга имкон берадиган томчилаб суғориш усули афзаллигини ҳис этганларидан кейин томчилаб суғориш тажрибавий усули оммалашди. 

Сув тозалаш

  Сув тозалаш, яъни тузсизлантириш  — сув инқирозининг олдини олиш ёки ечиш варианти бўлиб, Яқин Шарқ олимлари 50 йилдан зиёд вақтдан бери унинг устида ишламоқда. Сайёрамиздаги сувнинг 97 фоизи тузли сув эканини инобатга олсак, бу жозибали вариант. Аммо унинг камчиликлари ҳам бор. Бир томондан, бу жуда кўп энергия сарфланадиган жараён. Шунинг учун кўплаб сув тозаловчи заводлар нефтга бой Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қувайт ва Байрайн каби давлатларда қурилган. Бошқа томондан, ишлаб чиқариш жараёнида ортган тузларнинг баъзан океанга ташланиши уммон ҳаётига зиён етказади. Исроиллик тадқиқотчилар яқинда ўйлаб топган самарали усул эса мамлакатнинг сувга бўлган эҳтиёжининг 55 фоизини қондирмоқда. 

Хитой: сув глобал муаммо

 Хитой расмийларининг ҳисоблашича, мамлакатдаги ер ости сувларининг 80 фоизга яқини ичишга яроқсиз, шаҳар ҳудудлардаги ерости сувларининг 90 фоизи ифлосланган. Расмий маълумотларга қараганда, Хитойдаги бешта дарёнинг иккитаси қишлоқ хўжалиги ва саноатда фойдаланишга яроқсиз.  360 миллиондан зиёд киши ёки Хитой аҳолисининг чорак қисмига яқини тоза ичимлик сувидан маҳрум. 

 1997 йилдан бери сув баҳслари йилига ўн минглаб норозиликларга сабаб бўлади.

 Хитойда сувни ифлослантираётган асосий манбалар кимёвий ўғитлар, қоғоз ва кийим-кечак ишлаб чиқарадиган корхоналардир. Расмий ҳисоботларга кўра, мамлакатдаги дарё ва кўлларнинг 70 фоизи шу даражада ифлоски, улар денгиздаги ҳаёт манбаини сақлаб қолишга қодир эмас. Хитойдаги энг узун дарё Янцзининг ифлосланиши  фақат шу дарёда яшаши мумкин бўлган Байжи делфинининг қирилиб кетишига олиб келди. Йириклиги жиҳатидан иккинчи Хуанхэ дарёси Хитой цивилизациясининг бешиги ҳисобланади, вайронакор сув тошқинлари туфайли уни ҳам қайғу дарёси деб аташмоқда. Бугунги кунда унинг қирғоқларидаги 4000 та нефт-кимё заводлари сувни тиклаб бўлмайдиган даражада ифлослантирди.

  Хитой сув тақчиллигини ҳис этадиган кўп сонли давлатлардан биридир. Мамлакатда ер шари аҳолисининг бешдан бир қисми истиқомат қилсада, чучук сувнинг 7 фоизига эгалик қилади, холос. Бу сувнинг 80 фоизи Хитой жанубида жойлашган. Шунга қарамай, Хитой шимолида қишлоқ хўжалиги ва саноат ривожланган, Пекин каби йирик шаҳарлар ҳам шу ҳудудда жойлашган.

  Харитада Пекин бўйлаб оқиб ўтадиган юзлаб дарё ва ирмоқлар кўрсатилганига қарамай, амалда уларнинг деярли барчаси қуриган. 1980 йилларда ҳам Пекиннинг ер ости сувлари туганмас деб кўриларди, аммо улар башорат этилганидан ҳам кўра тезроқ тугаяпти. Сўнгги 40 йилда сувлар 300 метргача тушиб қолди. 2005 йили собиқ сув ресурслари вазири Ван Шучэн Пекиннинг 15 йилдан кейин сувсиз қолишини тахмин қилганди. Мамлакат шимолида сув етишмовчилигини бартараф этиш мақсадида расмийлар жанубдан шимолга сув келтириш лойиҳасини ишлаб чиқди. Бунинг учун 4345 км. узунликда канал қазиш кўзда тутилди. Юксак техник муваффақият сифатида кўрилган лойиҳа юқори қиймати, қурилиш йўлида истиқомат қиладиган юз минглаб кишиларни мажбуран кўчиришни назарда тутгани сабабли танқид қилинди.  

  Экологларнинг айтишича, ифлосланган сувнинг жанубдан шимолга келтирилиши барибир муаммони ечолмайди. Эксрертлар эса Хитойнинг сув муаммоларида Коммунистик партияни айблашади.

  «Шундай қилиш керакки, баланд тоғлар бошини эгсин, дарёлар эса  ўзанини бурсин» — Мао Цзэдун (1949-1976) бошқаруви йилларида машҳур ташвиқот шиори мавжуд эди. Шу мақсадда Хуанхэ дарёсида тўғон қурилди. Хитойдаги тўғонлар сони 1949 йилда 22 тадан бугунга келиб 87 мингга ўсди. Аризона штати Университетининг Хитой тарихи профессори Дэвид Пиетцнинг айтишича, Мао ҳукумати Шимолий Хитой текислигидан сўнгги томчи сувни ҳам суғуриб олишга уринди. Оммавий саноатлаштириш даврида эса зарарли моддалар катта миқдорда дарёга ташланди.

  Масалан, Тяньцзин провинциясини Пекин билан боғловчи Хай дарёсига 674 та дренаждан сониясига 1162 галлон ифлосланган сув куйиларди. Натижада дарё суви тузли, қора ва ҳидли бўлиб қолди.

  Сунь Ятсен университетининг 2008 йилдаги маърузасида қайд этилишича, Янцзи ва Хуанхэ дарёлари  бўйида жойлашган 21 минг нефтехимия заводларининг 13 мингтаси дарёга миллиардлаб тонна чиқинди сувларни тўкишган. 

Саратон қишлоқлар

  Хитойда сув объектларига чиқинди сувлар, оғир металлар ва бошқа зарарли моддалар ташланиши миқдорининг кўпайиши “саратон қишлоқлар” иборасининг пайдо бўлишига олиб келди. 2005 йилда ўтказилган текширувлар айрим қишлоқларда рак билан оғриганлар мамлакатдаги ўртача даражадан 19-30 марта юқори эканлигини кўрсатди. «Синьхуа» давлат ахборот агентлигининг хабарига кўра, 400 дан зиёд саратон қишлоқлари мавжуд.

Меконг дарёси муаммолари

  Меконг дарёси Жануби-Шарқий Осиёнинг ҳаётбахш манбаи. У Тибет платосидан бошланиб, кейин Камбоджа, Бирма, Лаос, Таиланд ва Вьетнам ҳудуди бўйлаб пастга оқади. Меконг дарёси юқори қисмида катта миқдорда дамбалар қуриш орқали Хитой минтақа сув ресурсларидан фойдаланишга қаттиқ чекловлар ўрнатган. Шу боис бу мамлакатни қурғоқчилик оқибатларини кескинлаштиришда ҳам айблашади.  Ваҳоланки, тўғонлар қуришда дарё бўйидаги бошқа давлатлар ҳам қолишмаяпти. 

  Экспертлар фикрича, ўрмонлар қуриш ва уларни қайта тиклаш, қишлоқ хўжалиги юритишда самарали усуллар ва илғор тажрибалардан фойдаланиш сув тақчиллиги муаммосини ечишда энг самарали йўлдир.  

 

                                                         Абдували Сайбназаров,

tnews эксперти

 

Ўқилган 236 маротаба