Воскресенье, Август 25, 2013

Тенг бўлайлик, тенгга теголмас ҳеч ким

  Африкани бир чеккачи Тунис деган давлат бор. Кўпчилик эшитган чиқар. Бундан 4-5 йил аввал шу давлатдаги Сид-Бузид деган шаҳарнинг бозоридаги савдогар йигитга ноқонуний савдо қилгани учун танбеҳ сифатида назоратчи аёл бир дона апельсин отган. Маъмурият вакилининг қўпол муомаласи, айниқса унинг аёл киши экани савдогар йигитнининг нафсониятига тегиб, кейинчалик жонига суиқасд қилиши (ўзини ўзи ёқиб юбориши)га сабаб бўлган дейишади.

  Ушбу мудҳиш воқеа кейинчалик бутун Яқин Шарқдаги талотўпларни бошлаб берди. Иқтисодий аҳволи, ривожланиш даражаси ва фаровонлик кўрсаткичларидан қатъий назар йигирмага яқин давлатларда оммавий тартибсизликлар бошланиб кетди. Айримларида давлат тўнтариши бўлди, айримларида эса қайта-қайта давлат тўнтариши бўлди. Қонга беланган Яқин Шарқни ҳолига маймунлар йиғлади. Миллионлаб одамлар қочқин мақомини олиб, Ўрта ер денгизини нариги ёғига интилди, айримларига денгиз қабристон бўлди.  Денгизни у томонида ҳам қишда қаҳратон совуқ, ёзда жазирма иссиқ, очлик ва камситиш миллонлаб қочоқларнинг ҳамроҳи эканини “илғор” “деморкатик” ОАВлар орқали ҳар куни кўрсатилмаса ҳам, ҳар замондан бу борадаги янгиликлардан хабардормиз.

  Сурия, Ироқ, Ливия, Тунис, Яман, Миср. Шуларнинг қайси бирида ғиж-ғиж ўз ватанининг душманлари яшайди? Халқи бир-бирини ўлдиришга ташна деса, дабдурустдан бировини айтиб юбора олмаймиз. Ахир, подани булғайдиган битта-иккита бўлади, кўпчилик кенгаш билан иш қилади, кенгашли иш эса тарқамас деймиз. Имоним комилки, аксарият сурияликлар ватанига муҳаббати бошқаларникидан камроқ эмас. Ҳеч қайси ливиялик ўз туғилган жойида қирғин-барот бўлишини истамаган. Шундай экан, нима сабабдан миллион-миллион халқ, миллат ўз ватани тинчлиги, барқарорлиги учун аввалбошдан, энг дастлабки кунлардан оёққа турмади. Нима учун, донишмандлигини намоён этмади. Турли ижтимоий тармоқларда кенг ёйилган ёлғон хабарларга “йўқ” демади, нима учун? Бу саволга Яқин Шарқда истиқомат қилаётган юз миллионлаб одамларнинг жавоби лоқайдлик, атрофдаги воқеаларга панжа орасидан қараш эканига ишончим комил.

  Ливия давлати оч ва қашшоқ Африкага хос бўлмаган даражада бой, фаровон давлат бўлган. Айтишларича, давлатининг раҳбари қоқ чўлнинг ўртасига сув олиб келиш, қатор ижтимоий хизматларни текин қилиб берганидан ташқари, ливиялик йигитларнинг нозик қўллари қурол ушлаб қавармасин деб, озгина нон-сув эвазига ҳар қандай хизматга тайёр қўшниларининг йигитларини ҳарбий хизматга ёллаган экан. Бугун бу давлат ўрта асрлар каби қабила-қабила бўлиб яшаябди. Ҳар бир қабиланинг ўзи қонуни, ўз божхонаси, ўз армияси, ўз доҳийси бор. Бир давлат ичида яна ўн давлат.

 Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат. Уни асраб-авайлаш ҳар кимнинг ҳам муқаддас бурчи. Афсуски, баъзан билиб-билмай устимиздаги мана шу мусаффо осмонга туфлаш ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлиб қоламиз. Чунки осмонга туфласанг бетингга қайтиб тушиши тайин. Айрим ёшларимизнинг интернет тармоғида тарқатаётган видеолавҳаларни ҳам осмонга туфлашга қиёслаш мумкин. Кўпни кўрган, ўтмишда турфа хил таҳдиду хавфларга чидам билан дош бериб, ҳар доим ҳам бирлигини намоён эта олган халқнинг ҳамжиҳатлигига раҳна солишга интилиш осмонга туфлашдан бошқа нарса эмас.

 Бугунги кунда интернет тармоғида қорқиз кийимидаги йигит тасвирланган видеолавҳа, унга билдирилган муносабатлар кўпайиб кетди. Эмишки, бу фалон вилоятликларга хос хислат эмишки, афсус ва надоматлар ила буни ўша вилоят вакиллари бошқаларга тўнкаётган экан. Ҳа, ҳа, тўғри ўқияпсиз давлат эмас, вилоят. Нима, вилоятларни ўртасига чегара қурилдими, миллати бошқами, дини бошқами ёки тили бошқами?

 Масаланинг шу кун нуқтаи назари билан қарасак, эркак кишининг аёллар либосини маълум бир маданий тадбир учун кийиши ҳеч қандай янгилик эмас. Эсимда бор, мактабда ўқиганимда, энг машҳур интермедия “Келинлар қўзғолони”нинг ўша аёллар либосини эркаклар киядиган қисми эди. Кейинчалик шу саҳналарни турли жойларда кўрганман.

  Заруриятга қараб, бадиий-эстетик жиҳатдан талабга мос равишда аёллар либосида роль ўйнаш мумкин. Тарихчиларимиз яхши билади, ўтган асрларнинг шу йилларида янги очилган театрда аёл актрисалар йўқлиги муносабати билан эркаклар аёлларнинг ҳам ролларини ўйнаган. Ҳали диний тузумлар ҳукмрон бўлган ана шу даврларда ҳам бунақанги бемаънигарчилик – кўчада қорқиз кийимидаги ёш болани ушлаб олиб сазойи қилиш ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган бўлса керак. Ахир, Ўзбекистон ёшларининг салоҳияти, куч-қудрати, қолаверса дунёқараши қай даражада экани, дунёни бизга бераётган баҳоси қайдаю, шу икки-учта аҳмоқнинг қилиғи қайда?

  Ҳуқуқий томондан видеолавҳада акс этган зўравонлик қип-қизил жиноят бўлиб, унинг учун “реалний срок” бўлишига ишончим комил. Бундан ташқари турли ҳил қиёфада одамларни камситиб, ҳақорат қилиш ҳам қонунчилигимизда жиноят деб, эътироф этилади.

 Икки вилоятнинг айрим ёшлари интернетга чиқиб бир-биринг юзига лой чаплаши албатта, яхшиликка олиб келмайди. Қатор-қатор муҳокамалар, билдирилаётган фикрлардаги агрессив кайфият айрим ёшларимизни бугунги тинлик ва хотиржамликнинг қадрига қай даражада етаётганини кўрсатиб турибди.

  Яқин Шарқда олов ичра қолган шаҳар ва қишлоқ аҳолиси бугун  жанжални билиб-билмай бошлаган бир гуруҳ ёшларни лаънатлаганларидай, бугун биз ҳам ўзини бошқариш даражасидан чиқиб кетган “мурожаатчи”ларни лаънатлаймиз.

  Ана шунақанги ишбузғунчиларнинг ватанини хонавайрон қилган, култепага айлантирганлардан нима фарқи бор?

  Бу борада депутатлардан шу каби бузғунчи ғояларнинг тарафдорларига жавобгарликни кучайтиришни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан эса халқимизни ёппасига ҳақорат қилган бундай нокасларга муносиб жазо бериш учун барча чораларни ишга солишларини сўраймиз. Мамлакатимиз тақдирига бепарво бўлмаган, шу ватан тинчлигини ўз ҳаётий аъмолига айлантирган ёшларимиз бу борада қандай ёрдам керак бўлса, беминнат хизмат қилишига ишончим комил.

  Мақола сўнгида марҳум Мухаммад Юсуфнинг “Маҳаллийчилик” шеъридаги қуйидаги мисралари ёдга келади.

  Тенг бўлайлик, тенгга теголмас ҳеч ким,  

  Аҳил бўлсак бизни енголмас ҳеч ким,  

  Азиз бошимизни эголмас ҳеч ким,

   ...

  Бош эгилиб, ўзга юртда сарсон-саргардонликдан асрасин!

 

                                                          Азизбек Эгамбердиев

Ўқилган 249 маротаба