Воскресенье, Август 25, 2013

Глобал сув хавфсизлиги ва Давлатлараро манфаатлар мувозанати!

  Франциянинг Марсель шаҳрида (2012 йил март) бўлиб ўтган Бутунжаҳон сув форуми арафасида Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан тарқатилган маърузада ичимлик суви билан таъминлаш соҳасида  глобал миқиёсда ўта жиддий (катострафик) вазият юзага келаётганлиги тўғрисида маълумотлар келтирилган.

 Вазиятнинг бундай кескинлашишига олиб келаётган асосий сабаблар сифатида сув истеъмолчилари сонининг кескин ошиб бораётганлиги ҳамда мавжуд сув ресурсларидан номақбул (норационал) ва самарасиз фойданалиш омиллари санаб ўтилади. Ўтган XX аср мобайнида дунё аҳолиси сони уч каррага кўпайгани ҳолда сув истеъмоли ҳажми етти мартага ошганлиги юқорида билдирилган фикрларнинг қанчалик асосли эканлигини тасдиқлайди. Ўрганишни, алоҳида ёндашувни ва ҳалқаро миқиёсда ҳисобга олишни талаб қиладиган яна бир ҳолат ҳолат шундан иборатки, дунёдаги қирққа яқин давлат қурғоқчилик ҳукм сурадиган ҳудудларда жойлашгандир. Яна бир жиҳат, мазкур давлатларнинг сувга бўлган талабларининг ярмидан ортиғи бошқа давлатлар ҳудудларида шаклланадиган ва давлатлараро чегаралар орқали ўтиб келадиган трансчегаравий сув ресурслари ҳисобига қопланади. Бундай ҳолат, катта сув заҳираларига эга бўлган давлатларнинг таъсир доирасининг ортиши ҳолатларини келтириб чиқаради. Ўз навбатида уларнинг сув ресурслари етишмовчилигини бошидан кечираётган мамлакатларга нисбатан иқтисодий ва сиёсий таъсир ўтказиш воситасини қўлга киритиш имкониятини вужудга келтириб чиқариши мумкин.

  Бирлашган миллатлар ташкилотининг маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда сув муаммоси орқали 300 га яқин доимий такрорланиб турадиган конфликтли ҳолатлар мавжуддир. Яна бир ҳар қандай сиёсатчи, айниқса давлат раҳбарларининг ҳисобга олиши лозим бўлган ҳолат шундан иборатки, дунё бўйича кейинги ярим аср мобайнида сув ресурслари билан боғлиқ 500 га яқин давлатлараро ўзаро тортишувлар келиб чиққан бўлиб, уларнинг йигирматаси ҳарбий ҳаракатлар ёки урушлар билан якунланган бўлиб, ҳарбийлар ва тинч аҳоли ўртасида талофатлар ва ўлим ҳолатларини келтириб чиқарган.

  Экспертлар фикрича, сув ресурслари, айниқса ичимлик суви етишмовчилиги муаммосининг чуқурлашиб бориши  биринчи навбатда климатдаги глобал ўзгаришлар, иккинчидан ўсиб бораётган ер шари аҳолисининг озиқ овқат маҳсулотлари ва гигиена воситаларига бўлган талабининг кескин ошаётганлиги билан изоҳланади. Бундан ташқари таъкидлаш лозимки, сув ресурсларининг, айниқса ичимлик сувининг қитъалар миқиёсида жуда нотекис тақсимланганлиги ҳам муаммони янада чигаллаштирмоқда. Масалан, бугунги кунда Осиё қитъасида ер шари аҳолисининг 60,0%и истиқомат қилгани ҳолда, дунё бўйича ичимлик суви захираларининг учдан бир қисмигина ушбу қитъада жойлашгандир.

  Марказий Осиёда жойлашган мамлакатларда, шу жумладан Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши асосан суғориладиган ерларда олиб борилади. Сув ресурсларининг асосий истеъмолчиси ҳудудда фойдаланиладиган сув ресурсларининг 90 фоизидан ортиғи ишлатиладиган суғориладиган деҳқончилик ҳисобланади. Марказий Осиё республикалари ҳудуди, унинг ҳамма дарё ва кўллари тегишли бўлган, Орол денгизининг оқимсиз ҳавзасига киради.

  Марказий Осиё республикалари ҳудудида ўртача бир йилда 117,7 миллиард кубометр сув ишлатилиб, шундан 11,4 миллиард кубометри ер ости, 6 миллиард кубометри қайтарма сувлар бўлиб, улардан 108,4 миллиард кубометри суғоришга, 9,3 миллиард кубометри халқ хўжалигининг  бошқа тармоқларига кирувчи бозор субъектлари эҳтиёжлари учун ишлатилмоқда. Мазкур сув ресурсларини шаклланишининг асосий манбаи бўлиб, минтақамиздаги икки азим дарё – Амударё ва Сирдарё ҳисобланади.  Табиий ва сунъий омиллар таъсиридаги Амударё ва Сирдарё оқимларидаги ҳар қандай ўзгаришлар минтақада сув таъминоти масалаларида муаммолар келиб чиқишига олиб келади.

  Орол денгизи ҳавзасининг ер усти сувлари Марказий Осиё давлатлари томонидан биргаликда ишлатилади. Амударё ҳавзаси тоғли ҳудуди кўллари сув ҳавзалари 46 миллиард кубометрни, Сирдарёнинг - 4 миллиард кубометрни ташкил қилади. Текислик ҳудуди кўлларида сувнинг ҳажми, Орол денгизини ҳисобга олмаганда, 70 миллиард кубометрга  яқинни ташкил этади. Экспертларнинг тахминий ҳисоб-китобларига кўра Амударё ва Сирдарёнинг асосий сув манбалари шаклланадиган  Ҳисор-Олой абадий музликларидаги  музнинг ҳажми  88 миллиард кубометр, Помир Олой музликларида - 465 миллиард кубометр деб баҳоланади.

  Дарё оқимидаги сув ресурслари асосан Орол денгизига  қуйиладиган Марказий Осиёнинг энг йирик дарёлари - Амударё ва Сирдарёда тўпланган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим ўзгариши рамкавий конвенцияси бўйича Ўзбекистон Республикасининг биринчи миллий ахборотида келтирилган маълумотлар бўйича Орол денгизи ҳавзаси дарёларининг сув ресурслари ҳажми оқимнинг кўп йиллик ўртача  ҳажми жами 116,5 миллиард кубометрга тенг бўлгани ҳолда, шу жумладан Амударё бўйича 78,6 миллиард кубометрни, Сирдарёда 37,9 миллиард кубометрни ташкил қилади. Амударёда ўрганилган давр мобайнида энг паст сув таъминоти бўлган йилда 46,9 миллиард кубометрни, энг юқори сув таъминоти ҳолатида оқим ҳажми 108,4 миллиард кубометрни ташкил қилган ва оралиқдаги фарқланиш 2,3 бараварга тенг бўлган. Мазкур фарқланиш Сирдарё бўйича янада юқори бўлиб, мос равишда энг паст сув таъминоти  шароитида 21,4  миллиард кубометрни, энг юқори сув таъминоти ҳолатида оқим ҳажми 54,1 миллиард кубометрни ташкил қилган ва оралиқдаги фарқланиш 2,5 бараварга тенг бўлган.

  Давлатлараро келишувга кўра, ушбу дарёлардаги сув ресурсларидан Ўзбекистонга, йилига ўртача 43-45 миллиард кубометр  сув ажратилади. Таъкидлаб ўтилганидек, ҳар бир муайян йилда сув ресурслари ҳажмидаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб, ҳажмлар белгиланган нисбатларига мувофиқ тўғриланади.

  Шу жойда яна бир ҳолатга эътибор қаратиш лозим бўлган ҳақиқат шундан иборатки, ҳалқаро экспертларнинг тахминий баҳолашлари натижаларига кўра, кейинги 40 йил ичида ҳудудда вазият кескин ўзгарган. Мутахассисларнинг ҳисоб – китоблари натижаларига кўра охирги ярим аср мобайнида ҳудуддаги асосий дарёларни сув билан таъминлайдиган абадий музликларнинг майдони 1/3 қисмга камайган. Ер шарида рўй бераётган глобал исиш оқибатида абадий музликларнинг тез эриши оқибатида айрим йилларда дарёлардаги сув оқими кескин кўпайиши қонуният кўринишини олмоқда. Жумладан, Туямўйин сув омборига вегетация даврида барча манбалардан кириб келадиган сувнинг ўртача ҳажми 20,0-25,0 миллиард кубометрни ташкил қилгани ҳолда 1998 йилда башорат қилинган 26.2 миллиард кубометр  ўрнига 42,0 миллиард кубометр  ёки ўртача йиллик кўрсаткичларга нисбатан 1,7-  2,1 марта, башорат қилинганнига нисбатан 1,6 марта кўп сув келган. Шу жойда яна бир сув муаммолари бўйича мулоҳаза қилишни талаб қиладиган жиҳатга эътибор қаратадиган жиҳат шундан иборатки, айрим ҳудуддаги давлатларда тизимни ирригация режимидан энергетика режимига ўтказишга қататилган сиёсат ва бошқа омиллар таъсирида сув таъминоти масалаларида кескин етишмовчилик ҳолатлари тез-тез такрорланиб турадиган бўлиб қолмоқда. Масалан, агарда Туямўйин сув омборига вегетация даврида барча манбалардан кириб келган сувнинг ҳажми 1998 йилда 42,0 миллиард кубометрга тенг бўлгани ҳолда 2008 йилда бор-йўғи 8,2 миллиард кубометр ёки ўртача кўрсаткичларга нисбатан 2,4-3,1 марта, 1998 йил кўрсаткичларига нисбатан 5,1 марта кам бўлган. Бундай салбий ҳолат келиб чиқишига қиш мавсумида йиғилиши лозим бўлган сув ресурсларининг электр энергияси ишлаб чиқариш мақсадларида ташлаб юборилганлиги ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаган.

  Мана шундай оқибатни келтириб чиқишига сабаб бўлган ҳолат бўйича аниқ маълумотларни, биринчи навбатда тизимни ирригация режимидан энергетика режимига ўтказилганлигининг яққол исботини Сирдарё ҳавзасида жойлашган Тохтагул сув омборига мисолида кузатиш мумкин. Яъни, вегетациялараро даврда ёки қиш мавсумида мазкур сув омборидан электр энергияси ишлаб чиқариш мақсадларида ташлаб юборилган. 1991 йилда 5 миллиард 65 миллион кубометрни ташкил этгани ҳолда 2004 йилда худди шу даврда 9 миллиард 50 миллион кубометр (2007 йилда 7 миллиард 766 миллион кубометр) ёки 1,8 бараварга яқин ортиқ сув ташлаб юборилган. 1992 йилдан бошлаб бу кўрсаткич муттасил ошиб борган (1994 йилда 12 миллиард 471 миллион кубометргача етган).

  Бундан ташқари ҳалқаро экспертларнинг ҳисоб китобларига кўра ер шарида рўй бераётган глобал исиш оқибатида яқин 20-25 йил ичида Марказий Осиёда жойлашган асосий дарёлардаги сув оқими ҳажми 7 %га яқин камайиши тахмин қилинмоқда.

  Санаб ўтилган омиллар таъсирида кейинги йилларда Амударё ва Сирдарёда сув оқими ҳажмининг анъанавий тарзда камайиши қонуният кўринишини олиши ҳолатларини келтириб чиқармоқда. Жумладан, ҳудудда ишлатиладиган сув ресурсларининг 2/3 қисмидан ортиғини берадиган Амударё ҳавзасида жойлашган Нурек сув омборига барча манбалардан кириб келган сув ҳажми 1992 йилда 22,6 миллиард кубометрни ташкил қилгани ҳолда бу кўрсаткич 2008 йилда 18,6 миллиард кубометрга тенг бўлган ёки 18%га яқин қисқарган.

  Мамлакатимизнинг биринчи Президенти томонидан сув таъминотидаги мазкур салбий ҳолатларнинг янада кучайиб кетишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон қўшни давлатларда қурилиши режалаштирилаётган Рогун ва Қамбарота-2 гидроэнергетика иншоаатларини қурилишига қарши эмасигини рўйи-рост билдирилгани ҳолда,  ушбу иншоатлар бўйича лойиҳалар бўйича ҳудуднинг сейсмик ва экологик хавфсизлиги нуқтаи назаридан мустақил ҳалқаро экспертиза ўтказиш зарурлиги ҳамда мазкур гидроэнергетика соҳасидаги ишга бошланган тақдирда, Амударё ва Сирдарё каби трансчегаравий дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган давлатларда сув оқими камайишига олиб келмаслигини узил-кесил таъминлаш бўйича тегишли давлатлар мажбурият олганлари тақдирда, уларнинг қурилишида Ўзбекистон бевосита иштирок этиши мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.

  Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Ўзбекистон ташаббуси нуфузли ҳалқаро молия ташкилотлари Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки, Европа иттифоқи томонидан ҳам қўллаб-қувватланаётганлиги мазкур ташаббусни қанчалик даражада асосланганлиги ва узоқни кўзлаганлигини яна бир карра исботлайди. Чунки, узоқ тарихдан маълумки сув муаммоси ҳал этишда ҳар томонлама ўйлаб ечим топишни талаб қиладиган масала эканлигини эсдан чиқармаслик лозим.Ўйланмасдан қабул қилинган, айниқса трансчегаравий характерга эга бўлган дарёлар бўйича ҳалқаро Ҳукуматлараро даражада  қабул қилиниши лозим масалалар бўйича бир томонлама қабул қилинган қарорлар келтириб чиқарадиган оқибатлардан ҳар доим эҳтиёт бўлиш лозим! Чунки, сув муаммоми– бу ҳаёт-мамот масаласи эканлигини эсдан чиқармаслик керак.

  Каримов томонидан илгари сурилган ташаббуснинг қанчалик даражада асосли, ўринли ва ҳалқаро ҳуқуқ нормаларига мос эканлигини Жаҳон банкининг Президенти Роберт Зелликнинг Мамлакатимиз Президентига йўллаган жавобидаги қуйидаги эътироф яна бир карра исботлайди: “... Сизнинг минтақадаги экологик мувозанат заифлиги, бирор бир давлатнинг энергетика соҳасидаги имкониятлари ишга солинса, бу трансчегаравий дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган давлатларда сув оқими камайишига олиб келмаслигини узил-кесил таъминлаш зарур экани, шунингдек, янги иншоатларни лойиҳалаштиришда улар барпо этиладиган ҳудудларнинг сейсмик хавфсизлиги инобатга олиниши тўғрисидаги фикрларингизни тўлиқ қўллаб - қувватлайман”.

  Сув таъминоти масалаларининг табиий омили бўлган ушбу санаб ўтилган ва бошқа омиллар трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва тақсимлаш масалаларида алоҳида мамлакатлар манфаатлари устунлиги тамойилидан воз кечган ҳолда минтақадаги барча мамлакатлар манфаатлари уйғунлиги ва мувозанатини таъминлаш тамойили устворлигига эришиш заруриятини белгилаб бериб ҳалқаро ҳуқуқ даражасида мазкур ҳолатларни ўзида акс эттирувчи қабул қилинган ва амалда бўлган ҳужжатларда мазкур муаммога тегишли бўлган ҳуқуқ нормаларини барча манфаатдор мамлакатлар томонидан ижро этилишини таъминлаш бўйича мажбуриятни,  “Қўшнинг тинч – сен тинч” тамойилидан келиб чиқиб, белгиланган тартибда расмийлаштиришни кун тартибининг энг долзарб масаласига айлантираётганлигини эътироф этиш лозим.

  Жумладан, 1992 йил 17 мартда Хельсинкида қабул қилинган “Трансчегаравий сув оқимлари ва ҳалқаро кўлларни ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича Конвенция” бўйича томонлар трансчегаравий сув ресурсларидан экологик асосли ва рационал бошқаришни таъминлаш, уларни асраш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг трансчегаравий  хусусиятларидан келиб чиқиб ва бажариладиган ҳар қандай фаолиятнинг трансчегаравий  таъсири ва оқибатини ҳисобга олиб, трансчегаравий сув ресурсларидан мақсадли ва адолатли фойдаланишни таъминлаш учун барча тегишли чора-тадбирларни кўриш мажбуриятини олиши белгилаб қўйилган.

  Худди шунингдек, “Трансчегаравий сув объектларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида ҳалқаро ҳамкорликнинг асосий принциплари тўғрисидаги Битим”да юқорида эътироф этилган Конвенциядагига ўхшаш ва маълум даражада аниқликлар киритилган сув муаммоларини ҳал қилишга қаратилган ҳуқуқий нормалар ўз аксини топган. Жумладан, мазкур Битимга қўшилган томонларга атроф-муҳитга, шу жумладан сув объектларига салбий таъсир кўрсатувчи сув хўжалиги тадбирларини ўтказмаслик ва сув объектларида сув ресурсларидан фойдаланиш ва тақсимлашнинг умумий приципларини аниқлаб олиш мажбурияти юклатилган.

  Марказий Осиё республикалари Амударё ва Сирдарё ўзанларида маълум гидроиншоатлар қуриш ва улар орқали олинадиган трансчегаравий сув ресурсларини тақсимлаш масалаларида юқорида эътироф этилган Конвенция ҳамда Битимга қўшилиб, тегишли бандлари ижросини таъминласалар мамлакатлар манфаатлари устунлиги тамойилидан воз кечиш ҳамда минтақадаги барча мамлакатлар манфаатлари уйғунлиги ва мувозанатини таъминлаш тамойили устворлигига эришиш учун ҳуқуқий асос яратилиб, ўзаро муроса йўлини танлашнинг амалдаги ҳуқуқий асос яратилган бўлади. Акс ҳолда Ислом Каримов томонидан Оролни қутқариш ҳалқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг кенгайтирилган таркибдаги учрашувдаги сўзлаган нутқида таъкидланганларидек: “Агар биз мувозанатга эришолмасак ва ўзаро муросага келолмасак, бу муаммони ҳал эта олмаймиз ва унинг ечими узоқ йилларга чўзилиб кетади”.

 

Эркин Джуравич Юсупов

ТошДАУ “Қишлоқ хўжалигида менежмент” кафедраси мудири

 

Ўқилган 177 маротаба