Воскресенье, Август 25, 2013

Европада муз даври кузатилмоқда….ми?

  Европанинг бир қатор мамлакатларида кучли қорбўронлари кузатилмоқда. Янги йилнинг илк кунларидан бошлаб Туркия, Италия ва Албанияда ҳам табиат инжиқликлари туфайли одамлар, айниқса уйсизлар қийналмоқда.

  Италияда ташландиқ уйдан бошпана топган  7 киши совуқдан вафот этди. Мамлакатнинг бир қатор минтақаларида кузатилган Арктика циклони қорбўронларини келтириб чиқарди. Бу ўз навбатида коммунал хизмат ходимларининг ишини оғирлаштирди. Италия шаҳарларидаги кўчаларни қорлардан тозалашнинг имкони бўлмаяпти. Айрим аҳоли пунктларида хаво ноль даражадан пастга тушиб кетди. Ватикандаги Муқаддас Петр ибодахонаси яқинидаги фавворанинг сувлари музлаб қолди. Кўнгиллилар уйсизларга ёрдам бермоқда. Римда 3 мингга яқин уйсизга иссиқ овқат ва кўрпа-тўшак тарқатилди. Бу каби совуқ Римда сўнгги 20 йилда биринчи бор кузатилмоқда. Италиянинг жанубий минтақаларини ҳам оппоқ қор қоплади.

  Туркиянинг Истамбул шахри мавзеларида қорларнинг қалинлиги 40 сантиметрга етди. Босфор бўғозидан кемалар қатнови вақтинча тўхтатиб қўйилди. Йўлларнинг музлаб қолиши оқибатида кўплаб йўл транспорт ходисалари келиб чиқди. Одамларнинг фикрича, қор ёғиши билан Истамбулдаги ҳаёт, гўёки, тўҳтаб қолади. Чунки тор кўчаларда автомобилларнинг қатнови мураккаблашади. Шахардаги халқаро аэропортдан юзлаб самолёт парвозлари бекор қилинди, айримлари кейинга қолдирилди. 700га яқин уйсиз фуқоро “Зейтинбурнуспор“ спорт залига жойлаштирилди. Мегаполисда қутқарув хизматининг туну-кун ишлайдиган навбатчилиги йўлга қўйилди.

  “Кўҳна қитьа”да табиат инжиқликлари одамларни саросимага тушириб қўйди. Ҳозирча 20 кишининг вафот этгани айтилмоқда. Биргина Польшада совуқ уриши туфайли 12 киши халок бўлди. Уйсизларга мўлжалланган бинолар тўлиб-тошиб кетди. Сўнгги бир кеча-кундузда 21та йўл транспорт ҳодисаси юз бериб, 27 киши жарохат олди. Улардан 4 нафари вафот этди. Бу хақда Польша марказий полиция бошқармаси матбуот котиби Давид Марчиняк баёнот берди.

  Қор бўронлари Болгария шимолий-шарқида транспорт қатновини тўхтатиб қўйди. Автобус ва машиналарнинг йўлга чиқиши тақиқланди. Ўнлаб шаҳар ва қишлоқлар иссиқ ва сувуқ сув, электр манбаидан маҳрум бўлди. Болгарияда уч нафар муҳожир музлаб қолди. Руминиянинг автомобил йўлларини ҳам қалин қор қоплади. Қутқарувчилар қор исканжасида қолиб кетганларга ёрдам бермоқда.

  Македония ва Сербия ўртасидаги чегара беркитилди. Сербияда мухожирлар совуқ уришидан азмият чекмоқда. Минглаб мухожирлар қочқинларга мўлжалланган бошпаналарга боришдан бош тортмоқда. Улар Македонияга қайтарилишларидан хавфсирашмоқда. Бунинг натижасида мухожирлар ташландиқ саноат биноларини ўзларига бошпана қилиб олмоқда. Уларнинг олов ёқиб исинишдан ўзга чораси йўқлиги айтилади. Сава ва Дунай дарёларининг музлаб қолиши туфайли Сербия хукумати кемалар қатновини тўхтатиш борасида қарор қабул қилди. Бу хақда Сув транспорти учун маъсул бўлган Қурилиш ва Инфратузилмалар вазирининг ёрдамчиси Велько Ковачевич маълум қилди. Коммунал хизмат ходимлари Сербиядаги халқаро ва республика аҳамиятига эга бўлган автомобил йўлларини қорлардан тозалашга  жалб қилинди. Якшанба куни Чехиянинг Прага ва Карвина шахарларида музлаб қолган икки кишининг   жасади топилди.

  Греция портлари ҳам қор исканжасида қолиб кетди. Хорватияда кучли шамол вазиятни янада кескинлаштирмоқда. Йўлларда фақат занжирли автомобилларнинг қатновига рухсат берилди.

  Францияда эҳтиёт чораси кўрилиши борасида огоҳлантирилиш берилганига қарамай, фожеа юз берди. 32 нафар португалиялик сайёҳни олиб кетаётган автобус катта тезликда харакатланар экан, чуқурликка ағдарилиб тушди. Йўл транспорт ҳодисаси оқибатида тўрт киши халок бўлиб, 20 киши жароҳат олди. Уларнинг ҳаммаси шифохонага ётқизилди. Уч кишининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

  Бельгиянинг жанубий худудлари ҳам қалин қордан бенасиб бўлмади. Мамлакатнинг марказий ва шимолий худудлари туман билан қопланди. Бир қатор минтақаларнинг йўллари музлаб қолди.

  Россия пойтахти Москвада сўнгги 125 йилда илк бор энг совуқ давр кузатилгани айтилмоқда. Мамлакатнинг марказий минтақаларидан  совуқ ҳозирча чекиниш ниятида эмас.

  Германиянинг Бавария ўлкасида минус 27 даража совуқ қайд қилинди. Йўллар музлаб қолгани сабаб автомобилларнинг ҳаракатланишида мураккабликлар юзага келди. Бир қатор минтақаларнинг раҳбарлари аҳолига мурожаат қилиб, эхтиёж бўлмаса, кўчага чиқмасликни  тавсия қилди.

  Кучли қорбўронлари нафақат “кўҳна қитьа”да, балки “океан ортида ҳам кузатилмоқда. АҚШ жанубида қорбўронлари ноқулайликларни келтириб чиқарди. Шимолий Каролина штатида ноқулай об-ҳаво туфайли 260 та йўл транспорт ҳодисаси қайд қилинди. Маҳалий аэропортлардан уч мингта самолёт парвози бекор қилинди. Юзлаб парвозлар эса кейинга қолдирилди. Канаданинг Торонта шаҳридан 70 километр шарқда 100дан ортиқ автомобил ўзаро тўқнашиб кетди. Бу ўз навбатида Боуманвилль ва Порт-Хоуп шаҳарларини боғловчи автомобил йўлининг 30 километри  вақтинча   беркитилишига сабаб бўлди.

 

Tnews.uz

 

Ўқилган 296 маротаба