Воскресенье, Август 25, 2013

Ислом Каримовнинг амалга оширган буюк ишлари ва тарихий жасорати ҳақида. 79 йиллигига бағишланади

  Бу мақолада мустақил Ўзбекистоннинг ўтган 25 йиллик шонли тарихи, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг тинчлик ва бунёдкорлик йўлида амалга оширган буюк ишлари ва тарихий жасорати  ҳақида ҳикоя қилинади. Мақола ўтган йилнинг баҳорида ёзилган эди. Ўша пайти унинг қисқартирилган варианти айрим босма нашрларда эълон қилинди. 30 январь — Ислом Каримов таваллудининг 79 йиллиги яқинлашиши муносабати билан уни тўлиқ ҳолда эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.

Инсоннинг инсонга яхшилиги

 

Ер юзинда ўзга бир олам эрур бизнинг Ватан,

Бошқа ҳар бир ўлкадан кенг,  ҳар диёрдан каттакон.

Бу Ватанни жон билан сақлашга Чўлпон ҳозир ўл,

Кимки қасд қилса анга, кийсин пушаймондин кафан!

                                                                                                                    Чўлпон

 

 

   1.

  Ёш-яланг салом бериб ёнингдан ўтади. Ассалому алайкум дейди. Бу, сизга тинчлик тилайман, деганидир. Ҳар қадамда “Тинчлик-омонлик бўлсин!”, “Яхши кунларда кўришайлик!” деган тилак айтилади. Ва бунинг барчаси хуш ва ёқимли.

  Хўш, нега шундай? Айтилган тилак некбинлик ташигани учунми?

  ХХI асрга келиб, юракка ваҳм-таҳлика солувчи хавфу хатар кескин кучайди. Бир томонда – оламшумул ҳарорат кўтарилиши ва шунинг оқибатида иқлим ўзгариши, иккинчи томонда – экологик инқироз, айниқса, тоза ичимлик суви тақчиллиги, нефт-газ ва нарх-наво билан боғлиқ депсиниш, иккинчи томонда – мисли кўрилмаган фавқулодда табиий офатлар, учинчи томонда эса, уруш ва террор, вайронкорлик ва қабоҳат. Қаҳратон қиш кунлари бир нажот истаб Европада изғиб юрган қочқинлар, уларнинг аянчли қисмати ва мусибати, йўқотишлари тинч ва осойишта яшаётган одамнинг ҳам юрак-бағрини қон қилади.

  Кеча телевидение бултур рўй берган жаҳон миқёсидаги пўртанали кулфатлар ҳақида кўрсатув берди. Нималар бўлмади, 2015 йил! Лекин, ўша фожиаларнинг энг аянчлиси – Японияда содир бўлган даҳшатли тошқин ва шунинг оқибатида Фукусима атом электр станциясида рўй берган мудҳиш портлаш экан.

  Ўн метрдан баланд бўлган асов тўлқин аэропортдаги самолётларни хас-ҳашакдек оқизиб кетаётганини кўрган одам ўзини қўярга жой топа олмай қолади. Ёки бўлмаса, Ироқ ва Сурияни олинг. Бир томонда – уруш ва бу етмагандек, яна қонли-қиронли террор. Портлашлар оқибатида ҳар куни қанча беайб ва бегуноҳ инсон қурбон бўлмоқда, қанча одам жароҳат олмоқда. Қанча шаҳар ва қишлоқ кунпоякун қилинмоқда!

  Ҳолбуки, оддий бир ҳовли-жой қуришга бир инсоннинг умри етмайди!

  Бундан ўн йил муқаддам Ер юзида молиявий-иқсодий инқироз бошланган. Ҳали адоғи кўринган эмас. Манаман деган корхоналар инқирозга учрамоқда. Йирик банклар синмоқда. Ишсизлар сафи кундан-кунга кенгаймоқда. Пуллар қадр-қимматини йўқотиб, нарх-наво ўсиб бораётир. Устига устак, бу жараён кундан-кунга кескин ва шиддатли тус олаётир. Мана шу вазиятда жами жабр-жафо айланиб келиб, оддий одамлар бошига тушмоқда. Бир валломат йўқки, бу ситам ва кўргулик илдизини очиб берса, бизга!

  Кеча ҳамма ҳавас қилган кўп-кўп мамлакатда кўча тўла издиҳом – митинглар, норозилик намойишлари ва иш ташлашлар. Аммо, давлат ўз йўли билан, халқ ўз йўли билан. Икки ўртада эса, Хитой девори...

  Алдам-қалдам ҳаёт.

  Инсоннинг қадри ҳеч.

  Қочган ҳам, қувган ҳам “Худо!” дейдиган замон.  

  Чигал ва мураккаб, тангу тор вазият одам боласи нечоғлик заиф ва ҳимоясиз, нечоғлик нажотга муҳтож эканини равшан бир ойдинликда аниқ намоён этади.

 

  2.

  Бир эсга олинг, Мустақиллик арафасида вазият қандай эди?

  Миш-миш, иғво, фисқу фасод.

  Магазин пештахтасида шамол ўйнайди. Мажлислар шартаки тус олган. Қоп-қоронғи ўрмонда адашиб қолган одамдан ҳам ҳолимиз чатоқ. Ҳатто казо-казолар ҳам эртага нима бўлишини аниқ билмайди. Ҳаммани ваҳм ва саросима чулғаб олган. Ҳамма тушкун-ноумид.

  Нега?

  Чунки, биз ишонган идеаллар пуч ва ўйдирма бўлиб чиққан. Дунё остин-устин бўлиб кетган. Талончи ва йиртқичлар замони.

  Ва ўшанда ҳамма уйига темир эшик қуриб олган.

  Нега?

  Уюшган жиноий тўдалар таҳдидидан ўзини ҳимоя қилиш учун!

  Даврнинг эгаси ўшалар эди!

  Нималар ўтмади, юракдан?

  Ёдимда, собиқ иттифоқ инқирозга учраётган кунлар. Бир қўшни олдин гараж қурди, сўнг елиб-югуриб ишхонасидан автоулов олди, “Жигули”. “Лада” бўлсин”, “06”ўз мотори билан бўлсин”, “ранги оқ бўлсин”, деб “устама”ям берган, албатта.

  Орзу-ҳавас-да!

  У Автоваздан  “Жигули”ни миниб чиққач, аввало сигнализация қўйдирган, сўнг ойнасини қорамтир тусга бўятган. Подъездга келиб машинани қўйган-да, гаражнинг калитини олиш учун уйга кирган. Қайтиб чиқса, йўқ “тойчоқ”! Ҳатто, сигнализация ҳам иш бермаган. Гаражнинг калитини чангаллаганча қолаверган!

  Йўқ, топилмади ўша “жонивор”.

  Нималар қилмади, йиртқичлар! Тилла сирға деб қизларнинг қулоғини юлиб кетганига, арзимаган сариқ чақа деб бутун бир оилани қириб юборганига тирик гувоҳмиз.

  Бу, эл-улуснинг юзига оёқ босиб, одамларнинг кўз ўнгида содир этилган қабиҳлик!

  Мен яна бир воқеани унута олмайман. Кўча тўла одам. Бирдан издиҳом тисарилиб кимгадир йўл очди. Қарасам, ўн чоғли йигит. “Улуғ оға” ўғлонлари. Майкачан. Яна денг, наша чеккан. Қўлида эса, чўчқа сўядиган пичоқ. Ва ундан қон томади...

  Бундан мақсад нима?

  Юракка ваҳм солиш, албатта!

  Аммо, ҳозир шуни эслашга ботина оламикан, уларнинг ўзи?!

  Диндрапаркдаги отишмалар ёдингиздами?!

  “Баҳор” ресторани олдидаги-чи?!

  Стивинсон!..

  “Разборка”, “Кўча”, “Крестный отец...”

  Қани шу, бугун?!

  Ҳаммаси шом еди.

  Тугал барҳам топди.

  Олиб борилган халқчил сиёсат шуни кўрсатдики, Озодлик — тенги йўқ неъмат. Кишилик ҳаёти эса тинчлик ва осойиш, орасталик ва меҳр-оқибат билан файзли-тароватли. Обод ва оромбахш. Ватанинг тинч, хонадонинг осойишта бўлса, бағринг бутун. Ортингга қайрилиб қарамайсан. Қуриш-яратиш билан банд бўласан.

  Ва бу чинакам бахт экани, хушлик-хушвақтлик экани ҳеч қачон ҳозиргидек теранлик касб этган эмас.

  Орзу-ҳавасли одам нима қилса, ўзи, оиласи ва бола-чақаси учун, эртанги куни учун қилади. Ва ишидан кўнгли тўлиб, ўзидан рози бўлади, жони ҳаловат топади. Юрт эса келинчакдай чирой очади.   

  – Тепангда ўқ учиб, даҳшатли бомбалар портлаб, вайронада каллакесарлар изғиб юрса, қандай хотиржам яшаш мумкин? – дейди оқсоқол журналист Ҳамдам Эшонқулов. – Телевизор орқали дунёда рўй бераётган ҳодисаларни кўриб, жонинг узилиб тушади. Шарқ ўлкаларини чулғаган уруш, тараққий топган мамлакатларда содир этилаётган қонли хуруж ва террор, одамлар юз-кўзидаги қўрқув ва саросима, гўдагини бағрига босиб балодан қочиб бораётган муштипар келинчакни кўриб, юрак-бағринг туз сепгандай ачишади. Кеча бир болани кўрсатди, телевизорда. Журналист ундан: – Нимани орзу қиласан? – деб сўради. Уруш боласи ҳасрат билан термилган куйи: – Ҳар куни уйқудан турганда ота-онам билан опа-укамни эсон-омон кўрсам бўлди, – деди. Ҳолбуки, дунёни остин-устин қилаётган йиртқичлар ҳам, уларнинг ғаразли иддаоси ҳам ўша боланинг бир қатра кўз ёшига арзимайди. Ҳаёт нима учун берилади? Орзу-ҳавасли инсон яхшиликка интилиб яшасин учун! Дунёни жаҳаннамга айлантирсин учун эмас! Шу маънода, юртимиздаги файзу тароватни, мамлакатни чулғаб олган қуриш-яратишни, қайноқ ва хосиятли ҳаётни, айниқса, қўғирчоқдай кийинган жажжитойларни кўрсам, баҳри-дилим очилиб, кўнглим яйраб кетади. Э, садағанг кетай Тинчлик, дейман!..

  Биз дунёнинг паст-баландини кўрган оқсоқол билан телеминорада, тамаддихонада, бир пиёла чой устида гурунг қилиб ўтирибмиз. Қуйида чироқлар ёғдусига бурканган бепоён шаҳар ясланиб ётибди. Катта йўлда ҳаёт дарёси бир зум тиним билмайди: ўтаётган автоуловларнинг қизғиш, келаётган мошинлар чироғининг тиллоранг ёғдуси кўзни олади. Ҳу олисда қўш минори кўкка бўй чўзган, қуббалари ой ёруғида товланиб турибди. Бу – Ҳастимом мажмуаси. Ундан берида эса юзлаб прожектор нурга белаётган Минор жоъме масжиди. У кўрку маҳобати билан одамни ўзига маҳлиё этади. Ана, Миллий банкнинг кўркам ва улуғвор биноси. Сал ўнг тарафда – Мустақиллик майдони. У нурга чайилиб янада чиройли ва янада муҳташам кўринади. Ана, Мустақиллик ва эзгулик монументи. Оқ-оппоқ Сенат саройи, Бизнес марказ ва кутубхона...

    “Жар”, “Бунёдкор” спорт мажмуалари, теннис кортлари, ярим кеча бўлишига қарамай болалар тўп сураётган футбол майдончалари…

     Ҳа, шаҳар тун оғушида, аммо фараҳбахш. Юлдуздай жимирлаган чироқлар ёғдусига чайилган ва ҳаёт қайнайди. Унга боқиб, кўнглинг сув ичади.

     Инсонга яна нима керак?!

    Ўзингиз яхши биласиз, бу пайт жуда кўп ўлкада остона ҳатлаб кўчага чиқиш хавфли-хатарли ҳисобланади. Жуда кўп мамлакатда комендантлик соати жорий этилади. Ва мана шу вазиятда террор содир этилади, қон тўкилади. Одамлар шол бўлиб қолади...

    Мен дунё ҳаётини умумлаштириб, фожиа ясаётганим, ёки бўлмаса, Тошкент манзарасига поэтик тус бераётганим йўқ. Ҳаётнинг-воқеликнинг ўзи шундай. Бу сўлим кўриниш нафақат пойтахтга, балки Ўзбекистоннинг ҳар бир шаҳар-қишлоғига хос бўлган файзу тароватдир.

     Биз бир вақтлар “Ўзбекистон маданияти”ни орзиқиб кутар эдик, ҳеч бўлмаса, шу газетада бир янги гап чиқиб қолар, деб. Ошиғич харид қилар эдик. Аммо, бўлмас эди ўша, янги гап!

     Унинг навбатдаги сони эса, бир ҳафтадан сўнг чиқади...

     Йиллар давомида йилт этган ўзгариш бўлмас эди, ҳаётда!

     Мен кеча қишлоққа бориб қайтдим. Катта Ўзбек тракти бўйлаб Самарқандгача бир сайр этинг. Яйрайсиз. Йўлнинг икки четини намунавий лойиҳа асосида бино этилган шундай кўркам қишлоқлар, тамаддихонаю меҳмонхоналар ва беадоқ боғ-роғлар чулғаб олганки, беихтиёр ҳайрат бармоғини тишлайсиз.

      Нега?

      Чунки, куни кеча шу жой яйдоқ чўл бўлган!

      Саҳро бўлган!

      Ҳайратга тушасан.

     “Ё Раббим, наҳот Одам боласи кўз юмиб очгунча шунча ўзгариш қилиши мумкин?!”

      Ва минг қатла шукр қиласан. Чунки, сен кўрган иморатлар ҳар қандай одамни ҳайратга солади ва ҳар қандай сайёҳни ўзига маҳлиё этади.

      Соҳибқирони аъзам айтган-ку, қудратимизга шубҳа қилсангиз, иморатимизга қаранг, деб!  

       – Вақтида Бағдод “Минг бир кеча” шаҳри бўлган, – дейди оқсоқол. – Жарчилар кечаси билан “Бағдодда тинчлик!” деб шаҳар аҳлига  осойиш улашиб чиққан. Кейинги ўн йилда террор балосидан боши чиқмай қолди, Бағдоднинг! Қаранг, одамлар қора қонига ботиб ётибди. Устига устак, халифалик ўрнатамиз деган даъво билан йиртқичлар кўз очирмаётир. Қўрқинч ва таҳлика. Қирғин. Жудолик ситами. Осонми шундай вазиятда яшаш? Сиз шундан келиб чиқиб теварак-атрофга бир назар ташланг! Қаранг,  осмонимиз қандай мусаффо!

   Нима, бу ўз-ўзидан бўладими?!

  “Мана, қаранглар, тинчлик-осойишталик, барқарорлик шароитида яшаяпмиз, деган муҳтарам Президент 1999 йил 16 феврал куни. “Худога шукр, ҳаётимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурмоқда”, деган гапларни ҳар қадамда эшитиб турамиз. Аслида бу ҳам Парвардигоримизнинг неъмати. Одамзод табиати тинч-тотув ҳаётни хуш кўради, бундай ҳаёт унинг ички дунёсига, хоҳиш-иродасига, интилишига тўғри келади. Нега деганда, ҳар бир инсон, миллатига, жинсига, динига қарамасдан, нимани хоҳлайди? Инсон яна нимани истайди? Бола-чақасининг бахтини кўришни, эзгу ниятларини амалга оширишни истайди...

   Эй одамзод, теварагингга бир қара, нималар бўлаяпти?..

   Нотинчлик, тўстўполон. Одамлар бир бирини ўлдираяпти”.

  Агар, ҳақиқатнинг илдизига етиб бораман десак, бир тарихни эсга олиб ўтиш лозим бўлади. Ёдингизда бўлса, ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Ўш ва Узганда жуда мудҳиш қирғинбарон содир этилди. Давлатимиз раҳбари ўшлик-узганлик жабрдийдалар дил ярасига малҳам қўйсин деб Чингиз Айтматов билан Одил Ёқубовни ҳам жабҳага сафарбар этган, ўшанда. Кейинчалик: “Шу ёшга кириб, мундай қонхўрлик ва қабоҳатни, мундай қутуришни ҳеч кўрган эмасман! – деб ёзган Одил Ёқубов. – Бундай ваҳшийликдан сўнг бирон-бир халқни жиловлаб туриш ҳеч мумкин  эмас!

   Чингиз Айтматов ҳам, мен ҳам ҳаётнинг паст-баландини кўрган одам. Ёзувчи деган номимиз бор. Аммо, на у ва на мен юрак-бағри қон бўлган жафокашларга бир нима дея олмаймиз. Қандай кўнгил беришни билмаймиз. Жаҳолат шол қилиб ташлаган. Ўзимиз бир таскин-тасаллига зор бўп қолганмиз. Мана шундай вазиятда Ислом Абдуғаниевич Ўшга етиб келди! Бўлмаса, у киши уч кеча-ю, уч кундуз  тик оёқда, чегарада турган. Уйқу – нима, билган эмас. Қасос ўтида ёниб, денгиздай тошган азаматларни оғир-вазминликка ундаб, балони қайтарган!

   Яна денг, келган заҳоти элга сингишиб кетди. Уйи куйиб қолган жабрдийдаларга ҳамдард-ҳамнафас бўлди. Уларнинг дил ярасига малҳам қўйди. Бел туриб тоғдек таянчга айланди.

   Одамлар унга суяниб ва ундан куч олиб, ўзига келди.

   Ҳаёт азалий ўзанига қайта бошлади.

   Ҳамон кўз олдимда, бу!

   Ва Чингиз ҳам гувоҳ, унга!

   Буни унутиш ҳеч мумкин эмас!

   Шунда айтган Чингиз Айтматов: – Қани энди, ҳар бир халқнинг шундай ишонган одами, таянчи ва суянчи бўлса! – деб”.

   Ҳа, ҳаётда ҳеч бир нарса ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Бедорлик, уйқусиз тунлар, азоб-уқубат ва заҳматлар ҳосиласи сифатида юзага келади Тинчлик ҳам, Ободлик ҳам, мумтоз меъморий обидалар ҳам.

   Бугунги тўлғама замонда бунга эришиш, чегаралар осойишини қатъий сақлаб, яратувчилик ишига йўл очиш осон эмас, албатта. Петр I ўз ворисларига қўшни эл-улусни узликсиз уруш комида тутиб, кўз очирмаслик лозим эканини алоҳида уқдирган. Шу маънода, текканга тегиб, тегмаганга кесак отадиган хусуматчи кўпдан-кўп. Улар муттасил талаб солади, низо ва жанжал чиқаради. Ёмоннинг кирдикори туфайли ёмонотлиқ бўлиш ҳеч гап эмас. Аммо, Ўзбекистон у кўчага қайрилиб қарагани йўқ!

   Ёмон  ўз йўли билан, яхши ўз йўли билан!

   Замоннинг талаби шу!

   Ўтган аср охири, ХХI асрнинг бошларида содир этилган ўтли-оловли хуружларни бир эсга олинг. Ғанимлар Ислом байроғи остида нималар қилмади?! Олдин ваҳҳобийлик сарқитини тиқиштирди. Кейин Ислом давлати қурамиз, халифалик ўрнатамиз, деб дунёни бузди ва кўп қон тўкди. Аксарият улар заиф ва адашган, онги тўла шаклланмаган ғўр ёшлар, ёки бўлмаса, Исломга берилган тоифа, деб ўйлайди. Йўқ, ундай эмас. Улар Худодан қайтган қавм. Тўғри, адашганлар бор. Аммо, айб ўзида. Ўқимайдими “Қуръони Карим”ни. Ахир, Илоҳ, мўътабар Калом фақат яхшиликка ундайди-ку?!

   Уни ўқиган одам янглиш йўлга оёқ босмайди.  

   Энди, ҳалиги тоифага келсак, унинг ортида кучли марказлар ва қудратли давлатлар турибди. Мақсад Ўзбекистонни Озодлик йўлидан қайтариш ва яна қуллик исканжасига, очиқ айтганда, занжирбанд шер ҳолига солиш. Шу ғаразли ниятда қора кучлар Икки дарё орасини Яқин Шарқдаги каби, ҳеч бўлмаса, Косоводаги каби ҳеч ўчмас олов ичига тортишга уринди. Бунинг сабаби ойдинлашади, ҳали. Ва бу ғараз ва хусумат келтириб чиқарган кулфат ва нотинчлик, йўқотиш ва жудолик  ситами нима эканини билган билади, билмаган сафсата сотиб ўтаверади.

   Мана шундай фожиа туфайли ўлим топган ўғлини қон йиғлаб қабристонга узатиш уни оқ ювиб-оқ тараб вояга етказган онаси учун қанчалик мусибат эканини бир тасаввур этиб кўринг, биродар!..

   1999 йил 16 феврал куни, у йўқ-бу йўқ, Тошкентда содир этилган мудҳиш портлашлар гирдобига тушиб қолганман. Ва кўрганман, террор нима эканини! У кўз юмиб-очгунча қандай ваҳм-саросима қўзғаб, қанча дилни сиёҳ қилганини ва қанча уйга кулфат-мусибат олиб кирганини!  

   Террор шундай балоки, у одамни шол қилиб ташлайди. Фикрлашга, содир бўлган фожиани идрок этишга, ўзингни қўлга олишга имкон бермайди. Ва ҳаёт оқимини аянчли мажруҳлик томон буриб юборади. Битмас-туганмас жароҳат қолдиради.

   Ҳаёт дарахтини қовжиратиб ташлайди, у.

   Айтишларича, Феврал воқеалари қурбони бўлган кўп-кўп одамнинг ота-онаси бу куюкка чидай олмай ҳаётдан кўз юмган...   

   Шу маънода, айтиш керакки, Мустақилликнинг дастлабки ўн беш йили давомида халқаро террорчилар ва уларнинг ортида турган қора куч хуружи сира кўз очирган эмас. Жўш-хуружнинг қонли кўламини ўзимизга тасаввур этиш учун Фарғона, Ўш-Узган, Паркент ва Бўка, Феврал воқеалари, Янгиобод, Сариосиё ва Узун, ундан сўнг Андижонда содир этилган кулфатини эслаш кифоя. Ўша қонли террорлар моҳият эътибори билан бугун Ироқ ва Сурияда Ислом давлати ўрнатамиз деб содир этилаётган, минглаб инсонлар уйини куйдириб ташлаётган қонли қирғиндан зиғирча фарқ қилмайди.

   Улардаги ўхшашликни билиш учун яна бир фактни эслаш кифоя. 2000 йилнинг ёзида Тоҳир Йўлдош “Би-Би-Си” орқали Қамчиқ довонидаги ер ости йўлларини портлатамиз, деб дағдаға қилган.

   Нима бу?

   Ғулғула солишми ёки жаҳолат?

   Ёвузликми ёки қутуриш?

   Мўътабар Ислом дини номидан иш кўрган золимлар ҳамиша шундай қонсираб разолат ва қабоҳат содир этган. Вайронкорлик ва бузғунчилик қилган. Зеро, ёвузлик қандай ном остида ва қандай шаклда иш кўрмасин, унинг илдизи бир, иддаси бир! Ҳокимият ҳасрати, юлғичлик, вайронкорлик...

   18 март куни шомлик бир қочқин, афтидан, зиёли, “Улар бизни суратга олишни, мана, қочқинлар, биз уларга мурувват қилаяпмиз, деб дунёга кўрсатишни истайди, деди. Аслида биз йўқмиз, деб давом этди у, жаҳолат ўлимга маҳкум этган! Аллақачон ҳаммаси тугаб битган!” (Евроньюс).

   Ёш бир жойга борганда иссиқ уйингни ташлаб, ёт элларда бировнинг қош-қавоғига қараб улоқиб юриш ўлимдан оғир. Уларнинг бошига бу балони ёғдирган нима?

   Дунё неъмати!

   Ҳокимият ҳасрати!

   Амалпарастлик дарди бедаводур.

   Башир Асад учун тожу тахт бўлса бас. Қирилиб кетмайдими, халқ. Қаранг, биргина 2015 йил Сурия ва Ироқ аҳолисининг бир ярим миллиони Европага қочиб ўтган. (“АиФ”, 2016, №13).

   Ёвуз. Қонхўр. Вайронкор.

   Мана шу офат туфайли Ер юзида нажот истаб юрган қочқинлар сони 2015 йил 244 миллион кишига етган. Ҳеч бир замонда бундай бўлмаган, деб ёзади “АиФ”. (2016, №19).

   Турли ном остида турли мамлакатда нотинчлик келтириб чиқараётган террорчи тўдалар оз эмас! Улар тирикчилик ҳасратида кимнинг ноғорасига ўйнайди, албатта. Аммо, Ислом давлати қурамиз, деб қон тўкаётган ваҳшийлар ҳаммасидан ошиб тушади.

   Хўш, қаёқдан келиб чиқди, бу бало?

  Сир эмас, 1979 йил 27 декабр куни совет қўшинлари афғон заминига бостириб кирди. Шундан сўнг Афғонистонда уруш алангаси бир зум тинган эмас. Кўпдан-кўп кулфатни келтириб чиқарган мана шу кўргулик! Мамлакат ҳаёти тамомила издан чиқди. 150 та база ва ҳарбий лагер, жангарилар тайёрлайдиган бутун бир тизим юзага келди. У ҳар йили беш мингдан зиёд ёшни қаттолга айлантира бошлади. Афғонистонда “Ал-Қоида” толибларга шундай “таълим” берди, дейди Франция махфий хизмати собиқ майори Жан-Пьер Кандани (“АиФ”, 2016, №13).

  Афғон болалари бешикда эмас, окопларда улғайди. Яна бунинг устига, етти дорнинг тагидан қочган каллакесарлар ҳам ўша заминга уя қўйди. Улар на ўзлари одамга ўхшаб яшади ва на ўзгани тинч яшашга қўйди. Тоҳир Йўлдош: – Керак бўлса, отамизга ҳам жиҳод қиламиз! – деб ҳад ургани ёдингизда бўлса керак? Толиблар эса жума номозини Бухорода ўқиймиз деб Баёнат берди.

  Таҳлика устига таҳлика, ташвиш устига ташвиш!

  Нотинчлик.  

  Мана шундай вазиятда давлатимиз раҳбари Ҳайратон кўприги адоғида, Толиблар тумшуғи остида туриб: – Уларнинг қўлидан ҳеч вақо келмайди! Хотиржам бўлинг! – деб айтган, эл-улусга.

  Бугун ўтмишга айланган ўша нотинч кунлар ҳеч эсдан чиқиши мумкинми?!

  Воқеалар оқимидан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари 1993 йил 28 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида жаҳон ҳамжамияти эътиборини афғон муаммосига қаратди. Бу заминда тинчлик бўлмаса, дунёда тинчлик бўлмайди деб уқтирди, у киши. Ўша кунгача биров бу ҳақда ўйлаган эмас. Аксинча, ҳамма зиддини тутган. Ўзингиз ўйланг, қурол-яроқ бўлмаса, ким қирғин қила олади? Кимдир таъмин этмаса, қирғинчи оила ичини боқа оладими?

   Демак, кимгадир керак шу тизим, шу балойи азим!                           

  “Жаҳоннинг катта сиёсати гирдобига тушиб қолган бечора бир давлат бўлди бу – Афғонистон! Бечора бир халқ бўлди бу – афғон халқи! – дейди Ислом Каримов. – Шунинг учун жаҳон ҳамжамияти эътиборини, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар эътиборини бу масалага жалб этиш бизнинг бурчимиздир”.

  Шу боис, БМТ Бош Ассамблеясининг 50-сессиясида Афғонистонга қурол-яроғ етказиб беришни қатъиян маън этиш масаласи кун тартибига қўйилди. Ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши, ЕХҲТ, Европа парламенти бу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Шу тариқа кўп хайрли ишга қўл урилди. Аммо, орадан йиллар ўтган бўлса-да, ҳамон масала тугал ечим топгани йўқ.

   Агар, ҳамма бир ва ҳамжиҳат бўлиб, афғон муаммосини ҳал этишга киришганида, кейинги кўп-кўп уруш ва йўқотишнинг олди олинган, Европада қочқинлар нажот истаб юрмаган бўлар эди. Лекин, минг афсуски, ер юзида нотинчликдан манфаатдор ғаразгўй куч ундай-мундай эмас. Сиз билмайсиз, шундай хусуматчи давлатлар бор, ўзгаларнинг ризқини қирқиш учун айни дов-дарахт гулга кирганда кўклам кунларида кўкка ракета учиради. Шунда қор ёғиб, ер муз қотади. Кислота каби ёмғир ёғади. Ва ҳосилни – халқнинг ризқ-насибасини нест-нобут қилади.

   Яратгандан қўрқмайди, улар!

   Сир кўп оламда, хусуматчи кўп. Ёвлик, ёмонлик ва макр-ҳийла чегара билмайди. Жуда ҳушёр бўлмасанг, панд еб қолиш ҳеч гап эмас...

  Ислом Каримов “Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз” (1999 йил) китобида Афғонистон ва у ерда кечаётган жараён минтақага қандай таъсир кўрсатаётганига алоҳида тўхталади. “Афғонистон бугунги кунда жиноий ҳаракатлар майдонига, халқаро террорчилик ва экстремизм ўчоғига, гиёҳванд моддалар етиштириладиган асосий ўлкага айланиб қолди, деб уқтиради давлатимиз раҳбари. Вазият борган сари кескинлашмоқда, ҳарбий ҳаракатларнинг минтақадаги бошқа мамлакатларга ҳам ёйилиши хавфи тобора кучаймоқда.

  Бугунги кунда, афғон можаросини фақат маҳаллий ва минтақавий миқёсидаги танглик деб ўйлаган одам мутлақо хато қилади. Бу масала Афғонистондан олисда жойлашган бошқа ҳудудлар ва халқларнинг ҳам тинчлиги, осойишталигига таҳдид соладиган улкан миқёсдаги муаммога айланиб бормоқда...”

   Ёвузликка қарши турмаган уни ёқлаган бўлади.

   Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ўз вақтида Афғонистонда умуммиллий келишувга эришиш учун коалицион ҳукумат тузиш моделини таклиф этди. Шунга кўра 1997 йили “6+2”(Хитой, Ўзбекистон, Покистон, Эрон, Туркманистон, Тожикистон ҳамда АҚШ ва Россия Федерацияси) халқаро мулоқот гуруҳи иш бошлади. Хайрли интилиш туфайли 1999 йилнинг 21 июлида “Афғонистондаги можарони тинч йўл билан бартараф этишнинг асосий тамойиллари тўғрисида” Тошкент Декларацияси имзоланди. Бу саъйи ҳаракатлар БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан афғон можаросини сиёсий йўл билан ҳал этиш борасида муҳим қадам сифатида юксак баҳоланган.

   2001 йил Президент Ислом Каримов БМТ Бош котибига мурожаат йўллаб, БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши Афғонистонни демилитаризация қилиш масаласини кўриб чиқишини таклиф этди. Шунингдек, у киши НАТО/СЕАП ташкилотининг Бухарест саммитида (2008 йил) ўлкадаги можарони биргаликда ва сиёсий йўл билан ҳал этиш, ихтилофлар чўғини сўндириш, шу билан бирга, мувофиқлаштирилган иқтисодий ёрдам кўрсатиш, бунинг учун эса, Мулоқот гуруҳи таркибини “6+3”  шаклида кенгайтириш ғоясини илгари сурди. Яъни, НАТОни гуруҳ таркибига киритиш мақсадга мувофиқ, деб топди. Албатта, бу саъйи ҳаракат Афғонистонда тинчлик, барқарорлик ва ҳамжиҳатлик ўрнатиш учун жуда қимматли эди. Қолаверса, минтақа манфаатига мос ва мувофиқдир.

   Афғонистондаги кейинги ижобий жараёнда бу эзгу ҳаракатнинг қимматли ўрни бор, албатта.

   Айтиш жоизки,  айнан ўша даврда БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида Ўзбекистон раҳбари минтақа тинчлиги учун жуда ҳаётбахш яна бир ташаббус – Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш ғоясини илгари сурган. Ва Бош Ассамблеянинг 52-сессияси “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш тўғрисида” резолюция қабул қилган.

    Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қўшни ўлкада темир йўл барпо этилди, шунингдек, электр тармоқлари тортилди...

    Кези келганда шуни ҳам айтиш лозимки, минтақадаги тинчлик ва осойиш, ҳамкорлик ва аҳил-иноқликни янада мустаҳкамлаш Ўзбекистон раҳбарининг доимий диққат марказида бўлиб келган. Ва ҳозир ҳам шундай.

   У киши Тожикистондаги фуқаролар уруши, низо ва адоватни бартараф этиш, ўзаро иттифоқ бўлиб яшашни таъминлаш учун қанча жон куйдирди. Буни қўшни ўлка халқи жуда яхши билади.

   Қирғизистонда содир этилган охирги қонхўрлик ҳам оғир-босиқлик ва сабр-матонат билан енгиб ўтилди. Муқаррар адоват ва урушнинг олди олинди. Бунга барча гувоҳ бўлган.

   Бу ожиз-нотавонлик, муросасозлик аломати эмас, асло!

   Ва буниям унутмаслик керак.

   Бу – буюк бир бардош, улуғ миллатга хос матонат, ирода ва узоқни кўзлаб иш кўриш ҳосиласи. Зеро, Соҳибқирон айтганидек, биз Турк Ёфас ўғли авлодининг бош бўғинимиз. Ўтганлар эса, бизга табаррук Бобомиз ва мўътабар Момомиз ишонч кўзини тиккан авлод деб қарайди...       

   Мавзуга қайтсак.

   Иллатнинг олди ўз вақтида олинмаса, у кўп кулфат ва йўқотиш келтириб чиқаради. Афғонистондаги вазият ўнгланмаса, аввало ўз халқига, сўнг узоқ-яқин эл-улусга беқиёс зиён-заҳмат етказади. Катта сиёсий манфаатлар тўқнашган бу замин аввало афғон халқи бошига кўп ғурбат ва кулфат келтиргани ҳеч кимга сир эмас. Асл муддао эса, Ўзбекистонни олов ичига тортиш. Бу зундай замин...

   Ва биз бунга бефарқ қараб тура олмаймиз, албатта. Биз ҳар бир халқ аҳил-тотув яшашини, тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини истаймиз. Афғонистон халқининг ҳам бунга ҳақи бор. Ўзбекистон сиёсати ана шундай.

   Ўтган йили Мустақиллик байрамида давлатимиз раҳбари бу масалага янада ойдинлик киритди. Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмайди, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлаштирилишига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига мутлақо йўл қўймайди. Ўзбекистон давлатининг қонуни даражасига кўтарилган бу тамойилларни, айни шундай чуқур ўйланган йўлни, шундай сиёсатни биз учун энг тўғри, энг маъқул деб биламиз ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз.
Илгари ҳам айтганман бизга, халқимизга тинчлик ва омонлик керак. Бу ўзбек халқининг истаги, бу ўзбек халқининг мақсади, бу ўзбек халқининг қароридир...”

   Мана шу ҳақда ўйлаганда, беихтиёр Соҳибқирони аъзамнинг васияти ёдга тушади. Ўрнига у Пир Муҳаммад Жаҳонгирни валийаҳд қилгач, авлоду зурриёдига қарата: “Сизлар, керакким, анга мутиъ бўлуб, иттифоқ била анинг ишига машғул бўлғайсиз, то олам бузулмағай ва мусулмонларга ташвиш ва заҳмат бўлмағай”, деб уқтиради (Шарафуддин Али Яздий. “Зафарнома”, Т., “Шарқ” НМК, 1997 йил, 296-бет.). Мана шундан келиб чиқиб, кишилик жамияти босиб ўтган йўлга мурожаат қилсак, ҳақиқат юзидан чимматини олади. “То олам бузулмағай” деган ҳикмат шаҳодат беришича, шундай халқ, шундай миллат бўладики, тақдир унинг зиммасига оламга масъуллик-жавобгарлик шартини юклаб қўйган. Ҳаётнинг ўта қалтис ва ғоят хатарли бурилиш нуқтасида у бел туриши лозим. Бева-бечоралар умид билан унга кўз тикади. Яхшию ёмон ундан нажот истайди. Ўша халқ, ўша миллат ҳар қандай тангу тор вазиятда ҳам зиммасидаги вазифани тугал адо этади.

   Мисли йўқ кечмиш ҳодисалар талқини шундан далолат беради.

   Гап Халил Султон Соҳибқирон васиятини оёқости қилганида ёки Абдулатиф Султон Улуғбекни қатл этганида эмас. Гап шундаки, ҳар бир саъйи ҳаракат бугунги кун учун бир муносиб пиллапоя бўлди.

   Ҳазрат Соҳибқирон: “Золимларнинг эликларини мазлумлардин қисқа қилибдурмен”, дейди.

   Ва худди шундай.  

   Ўқиган бўлсангиз, Алигьери Данте “Илоҳий комедия”да Тўмарисни шундай улуғлайди:

 

   Даҳшатли қасос олиб, намоён бўлган

   Тўмарис Кирга шундай дейди:

   “Сен қонга ҳамиша ташна эдинг,

    Қониқмайин ичабер”.

 

   Ўша замон тарихчиси Павел Орозий “Жаҳон тарихи” китобида Кир Вавилонни кунпоякун қилгач, Тўмарис юртига ҳужум қилганини, алал-оқибат унинг ғазабига учраб, шармандали ўлим топганини алоҳида таъкидлайди (Фозила Сулаймонова. “Шарқ ва Ғарб”, Т., “Ўзбекистон”, 1997 йил, 91-бет.).

   Ўшанда Тўмариснинг ўғли қўшинга бош бўлган, Кир эса макр-ҳийла билан уни асир олган. Тўмарис ҳар қанча илтижо қилмасин, Кир уни қатл этган. Аммо, унинг қўшини Тўмариснинг ҳамласига дош бера олмаган. Музаффарият сўнгида Тўмарис бир ҳайбатли меш тиктириб, уни қонга тўлдирган ва танасидан жудо этилган Кирнинг калласини, сен ҳеч қонга тўймас эдинг, мана энди тўйгунингча ич, деб ўша мешга тиқиб юборган.

   Бу тарих Кўҳна қитъада жуда машҳур. Ҳатто Шекспир ҳам унга мурожаат этган...

   Аммо, гап бунда эмас, ҳозир. Гап шундаки, Тўмариснинг ўзи бағоят улуғ ва муҳташамдир.

   Биласиз, мўғул босқини ўзининг ваҳшийлиги билан юракни ларзага солган. Одам авлоди шундай қутуриши мумкин эканига ишонгинг келмайди, ҳатто. Аммо, сир эмас, “Бўжи келди!” деса ҳамон болалар чўчиб зир титрайди. Унинг даҳшат солган йиртқичлиги таъсири ҳамон қонда яшаб келади. Аммо, Жалолиддин Мангуберди бу ёвуз кучга қарши чиқиб, унинг додини берган. Аввал Нисода, сўнг Қандаҳор ва Валиёнда босқинчи мўғулларни кетма-кет тор-мор этади. Уларнинг мағлубияти “чингизийлар ҳеч енгилмас қўшин” деган ваҳима-тушунчани кунпоякун қилади.

     Босқинчилар 1221 йил декабрда Синд дарёси бўйида султон Жалолиддинни қуршаб олади. Баҳодирнинг лашкари оз миқдорда эди. Аммо, у ёв билан охиригача жанг қилади. “Қай томонга от сурмасин, тупроқни қора қонга белар эди”, деб ёзади Мирзо Улуғбек “Тўрт улус тарихи”да. Баҳодирнинг мислсиз матонати ва жасорати олдида Чингизхон ожиз қолади. Ахийри, Жалолиддин қуршовни ёриб чиқиб, азим дарёнинг у соҳилга кечиб ўтади. Шунда айтган Чингизхон, дунё дунё бўлиб, отадан бундай ўғил туғилган эмас, деб...

     Бу – тарих.

   Амир Темур эл-улусни мўғул истилосидан озод этиб, адолатли ва улкан  салтанат тузгани, салоҳиятли ҳарбий мактаб яратгани, бутун бир Уйғониш даврини бошлаб бергани, шунингдек, Европа тараққиётига йўл очгани жаҳон муаррихлари томонидан билъиттифоқ уқдириб келинади.

   Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” XII асрда Европа тилларига таржима қилинганини, тиббиёт олий ўқув юртларида табобат илми беш юз йил давомида шу асар асосида ўқитилгани ҳеч кимга сир эмас! (Фозила Сулаймонова. “Шарқ ва Ғарб”, Т., “Ўзбекистон”, 1997 йил, 231-бет.)  

 Хилда Хукхэм “Етти иқлим соҳиби” китобида ёзишича, Британияда XVII асрда Қиролнинг биринчи мунажжими иш бошлаган. У Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” асарига таянган ҳолда тадқиқот олиб борган...

   Бундай мисоллар кўпдан-кўп.

   Жаҳон тараққиёти Шарқ асосига қурилган.

   Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. 

   Форобий, Беруний, Хоразмий заковати ўша замонда бутун бир оламга маърифат ва зиё улашган. Ёки бўлмаса, Ислом оламининг устунлари бўлмиш Имом Бухорий, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Маҳмуд Замахшарий, Баҳовуддин Нақшбанд. Эсланг, улар қандай хайрли ишлар қилган!

   Бу ёқда – Термизий, Мотурудий, Марғиноний...

   Шоирлар султони ҳазрат Навоий...    

   Бу мўътабар сиймолар кишилик жамияти бешигини тебратиб, тарих ғилдирагини тўғри йўлга солиш учун дунё юзини кўрган, десак, хўш,  ким буни рад эта олади?! Шу маънода, истиқлолдан сўнг босиб ўтилган тарихий йўл, айниқса, “Ўтиш даври” жиддий муҳокама ва мулоҳаза юритишни талаб этади.

   Сиз бир эътибор қилинг. ХХ асрнинг кўзга кўринган сиёсатшуноси Збигнев Бжезинский саксонинчи йиллар охирида халқаро вазиятга баҳо бериб: “Ўзбекистоннинг мустақиллиги Ўрта Осиёдаги бошқа давлатларнинг яшаб кетмоғи учун жуда катта аҳамиятга эга”, дея таъкидлаган. Албатта, эндиликда наинки Ўзбекистон, балки бутун минтақада ҳукм сураётган тинчлик-хотиржамлик, ободлигу бунёдкорлик ўз-ўзидан бўлмаганини ақли расо ҳар бир одам чуқур англаб-ҳис этиб турипти. Шу маънода, ҳар бир қаричи бир азиз авлиёнинг, бир улуғ алломанинг, ёки бўлмаса, Тўмарису Широқдай бир ёвқўр ватанпарварнинг хоки покини бағрига босган, қайтмас ва ёвқўр ўғлонлари қонига чайилган мана шу мўътабар замин, унда яшаш саодати насиб этган бағрибутун халқ борлиги учун шукр қилиш керак. Унинг бедор ва курашчан руҳи бугунги Тинчлик ва Аҳил-тотувлик, Ободлик ва Озодлик тимсолида шак-шубҳасиз мужассам.

   Инсоннинг инсонга яхшилиги, бу!

   Қолган барчаси арзимас гаплардир...

 

Ўрол СОДИҚ

  

2016 йил март. Тошкент

Ўқилган 1642 маротаба Сўнги ўзгартириш Чоршанба, 11 Январь 2017 16:33