Banner Top

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди

  Бу ҳақда 18 апрель кунги “Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент фармонида маълум қилинган.

  Ҳужжатда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилиши таъкидланган.

  Янги қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:

  тармоқлар, ҳудудлар ва турли хусусийлаштириш шакллари бўйича муттасил янгиланиб турувчи маълумотлар базасини ҳамда хусусийлаштирилган объектлар реестрини, шунингдек, давлат активлари реестрини шакллантириш;

  хусусийлаштирилган корхоналар фаолияти молиявий-иқтисодий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини солиқ, иқтисодиёт ва статистика органлари билан биргаликда доимий асосда таҳлил қилиб бориш, бунинг асосида фаолият кўрсатмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни, бўш ётган ва самарасиз фойдаланилаётган объектлар ҳамда ер участкаларини аниқлаш;

  илгари хусусийлаштирилган корхоналар самарадорлигининг пастлиги ҳамда ишламаётганлиги сабаблари ва омилларини, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш қувватлари, бўш ётган ва қурилиши тугалланмаган объектларни аниқлаш;

  янги иш жойларини яратиш, ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш ва модернизациялаш ҳамда рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олишда, коммуникацияларга уланишда ва тижорат банкларидан кредитлар ажратилишида уларга кўмаклашиш мақсадида аниқ хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантиришнинг “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишни таъминлаш;

  Савдо-саноат палатаси билан биргаликда хусусийлаштирилган объектлар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорларга бизнес юритиш ва бизнес-режаларни ишлаб чиқиш асослари, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик, менежмент, молиявий бошқарув ва бошқа фанларни касб-ҳунар коллежлари базасида ўтказиладиган курсларда ўқитишни ташкил қилиш, бунда тажриба алмашиш учун республикамизда ишлаётган катта муваффақиятларга эришган тадбиркорлар ва хорижий мутахассисларни жалб этиш;

  банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш, уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш ва янги инвесторларни жалб этиш дастурларини ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришда иштирок этиш;

  давлат активларини бошқариш, давлат улушига эга бўлган хўжалик жамиятлари фаолиятини мониторинг қилиш ва таҳлил этиш, уларда корпоратив бошқарувнинг замонавий ҳалқаро стандартлари ва методларини жорий этиш, шунингдек, давлат активларини хусусий мулкдорларга, шу жумладан, “ноль” харид қиймати бўйича сотишнинг очиқ-ойдинлиги ва шаффофлигини таъминлаш, инвесторлар томонидан қабул қилинган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш;

  монополияга қарши сиёсатни амалга ошириш, рақобатни ва қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, баҳолаш, риэлторлик ва биржа фаолиятини лицензиялаш, реклама бозорини тартибга солиш;

  кадрларни тизимли тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, раҳбар ва мутахассислар, шу жумладан, идоравий тузилмалар раҳбарлари ҳамда мутахассисларининг иш шакллари ва услубларини такомиллаштириш, зиммасига юкланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун уларнинг масъулиятини ошириш.

  Фармоннинг 4-бандига мувофиқ, Қўмита 2018 йилнинг 1 январига қадар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда муттасил янгиланиб турувчи:

  солиқ, статистика ва кадастр органларининг маълумотлар базаси билан ўзаро электрон алоқани таъминлайдиган тармоқлар, ҳудудлар ва турли хусусийлаштириш шакллари кесимида давлат мулкининг хусусийлаштирилган объектлари бўйича маълумотлар базасини;

  бўш ётган ва самарасиз фойдаланилаётган хусусийлаштирилган объектлар, ишлаб чиқариш майдонлари ва қурилиши тугалланмаган объектлардан хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун фойдаланиш мақсадида уларнинг ҳудудий реестрларини;

  хусусий бизнесни ташкил этиш учун тадбиркорларга таклиф этилаётган бўш ётган давлат мулки объектларининг ҳудудий реестрларини яратиши белгиланди.

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены