Banner Top

Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори

  Жорий йилнинг 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

  Қарорда олий таълим тизимини келгусида янада такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш бўйича энг муҳим вазифалар этиб:

  ҳар бир олий таълим муассасаси жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларини кенг жорий қилиш, ўқув-педагогик фаолиятга, мастер-класслар ўтказишга, малака ошириш курсларига хорижий ҳамкор таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни фаол жалб қилиш, уларнинг базасида тизимли асосда республикамиз олий таълим муассасалари магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларининг стажировка ўташларини, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш;

  олий маълумотли мутахассислар тайёрлашнинг мақсадли параметрларини шакллантириш, олий таълим муассасаларида ўқитиш йўналишлари ва мутахассисликларини истиқболда минтақалар ва иқтисодиёт тармоқларини комплекс ривожлантириш, амалга оширилаётган ҳудудий ва тармоқ дастурларининг талабларини инобатга олган ҳолда оптималлаштириш;

  таълим жараёнини, олий таълимнинг ўқув режа ва дастурларини янги педагогик технологиялар ва ўқитиш усулларини кенг жорий этиш, магистратура илмий-таълим жараёнини сифат жиҳатидан янгилаш ва замонавий ташкилий шаклларни жорий этиш асосида янада такомиллаштириш;

  янги авлод ўқув адабиётларини яратиш ва уларни олий таълим муассасаларининг таълим жараёнига кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш, шу жумладан, энг янги хорижий адабиётлар сотиб олиш ва таржима қилиш, ахборот-ресурс марказлари фондларини мунтазам янгилаб бориш;

  педагог кадрларнинг касб маҳорати сифати ва савиясини узлуксиз юксалтириш, хорижда педагог ва илмий ходимларнинг малакасини ошириш ва стажировкасини ўтказиш, олий таълим муассасалари битирувчиларини PhD ва магистратура дастурлари бўйича ўқитиш, олий таълим муассасалари ва қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказлари ўқув жараёнларига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларни кенг жалб қилиш;

  олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълимда илм-фанни янада ривожлантириш, унинг академик илм-фан билан интеграциялашувини кучайтириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;

  олий таълимнинг маънавий-аҳлоқий мазмунини ошириш, талаба-ёшларга мустақиллик ғояларига, юксак маънавият ва инсонийликнинг миллий анъаналарига содиқлик руҳини чуқур сингдириш, уларда ёт ғоя ва мафкураларга нисбатан иммунитет ва танқидий тафаккурни мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли маърифий ва тарбиявий ишларни олиб бориш;

  олий таълим муассасалари моддий-техника базасини ўқув ва илмий-лаборатория бино ва корпуслари, спорт иншоотлари, ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаси объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, олий таълим илм-фанининг устувор йўналишлари бўйича ўқув-илмий лабораторияларини замонавий асбоб ва ускуналар билан жиҳозлаш орқали янада мустаҳкамлаш;

  олий таълим муассасаларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш, олий таълим муассасалари талабалари, ўқитувчилари ва ёш тадқиқотчиларининг жаҳон таълим ресурслари, замонавий илмий адабиётларнинг электрон каталоглари ва маълумотлар базаларига кириш имкониятларини кенгайтириш белгиланди.

  Шунингдек, 2017-2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури тасдқиланди. Дастурда 2017-2021 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизациялаш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш комплекс чора-тадбирлари; 2017-2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш молиявий харажатлар ҳажмининг ҳисобланган параметрлари; 2017-2021 йилларда қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашнинг ҳар йили тасдиқланадиган манзилли дастурларига киритиладиган олий таълим муассасалари рўйхати; 2017-2021 йилларда ўқув ва илмий лаборатория ускуналари билан жиҳозлашнинг ҳар йили тасдиқланадиган манзилли дастурларига киритиладиган олий таълим муассасалари рўйхати; 2017-2021 йилларда олий таълим муассасаларини ривожлантиришнинг манзилли дастурлари тасдиқланди.

  Ҳужжатнинг 3-бандига кўра, “Истеъдод” фондининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш масаласи ҳам белгиланган.

 Қарорнинг 4-бандида, хориж мутахассисларини ўқув жараёнига жалб этиш кўзда тутилган бўлиб, уларга ҳақ тўлаш, яшаш шароитларини яратиш тартиблари ишлаб чиқилган. Хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассисларга Ўзбекистон Республикасида бўлган даврида кунлик сафар харажатлари 20 АҚШ доллари эквивалентидаги кундалик меъёр бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича миллий валютада тўланиши белгиланди.

  5-моддасига кўра, эндиликда таълим ва ўқитиш сифати устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш мақсадида Давлат тест марказининг Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасаларини аттестация қилиш бошқармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилади.

  Шу билан бирга қарорнинг 6-бандига мувофиқ, Наманган муҳандислик-педагогика институтини Наманган муҳандислик-қурилиш институтига айлантириш ва унинг ихтисослашувини ўзгартириш;

  Термиз шаҳрида Тошкент давлат техника университети ва Тошкент давлат аграр университети филиалларини ташкил қилиш белгиланди.

  Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклатилди.

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены