Banner Top

Ватанимиз тақдири ва келажаги йўлида янада ҳамжиҳат бўлиб, қатъият билан ҳаракат қилайлик

 

  Шу йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида анжуман бўлиб ўтди.

  Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

  Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида нутқ сўзлади.

  Ўз нутқларида Президентимиз бугунги кунда амалга оширилиши лозим бўлган 5 та асосий йўналишга тўхталиб ўтди.

  Биринчидан, жойларда махсус ҳисобга олинган фуқароларнинг турмуш шароити, ижтимоий-иқтисодий аҳволи, муаммоларини ўрганиш, ушбу тоифа шахслар нега радикаллашиб кетганининг сабабларини ҳар томонлама чуқур таҳлил этиш лозим.

  Ана шу ишларнинг натижалари бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятида қўллаш учун аниқ тавсия ва таклифлар ишлаб чиқишни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Агар биз шу йўналишдаги ишларни аввалгидек давом эттирадиган бўлсак, яъни, умумий профилактика ишларини ёшлар радикал диний оқим аъзосига айланганидан сўнг ўтказадиган бўлсак, бундай хавф-хатарга қарши ҳеч қачон самарали кураша олмаймиз.

  Қисқача айтганда, узоқни кўзлаб, керак бўлса, ҳаётда бир қадам олдинда юриб, бизни доғда қолдирмоқчи бўлганларнинг ҳийла-найрангларини аввалдан билиб, биринчи зарбани улар эмас, биз беришимиз зарур. Шунда давлатнинг – давлат, жамиятнинг – жамият экани бор кучи ва қудрати билан намоён бўлади.

  Иккинчидан, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маҳалла маслаҳатчилари, профилактика инспекторлари, имом-хатиблар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тегишли ходимлари учун малака ошириш ўқувларини ташкил этиш керак. Бу ўқувларда уларни диний экстремистик ва террорчи гуруҳларнинг иш усули, ғаразли ғоя ва мақсадлари билан таништириб бориш зарур.

  Адашган шахслар билан ишлайдиган мутахассис, у маҳалла маслаҳатчиси, имом-хатиб ёки профилактика инспектори бўладими, аввало бузғунчи кучлар қандай ғояларни илгари сураётганини билиши керак.

  Акс ҳолда у ана шу ғоялар хато экани, дину диёнатимиз, элу юртимиз манфаатларига зид келишини тушунтириб беролмайди. Бундай ҳолатда қандай қилиб адашган кимсани тўғри йўлга ишонтириш мумкин?

  Учинчидан, ҳокимларнинг ёшлар билан ишлаш ҳамда жамоатчилик ва диний ташкилотлар, шунингдек, хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари аввало ўзлари ташаббус кўрсатиб, турли сохта ваъдалар, ҳавойи гаплар ортидан эргашган фуқароларимизнинг хонадонларига кириб боришлари керак. Улар билан суҳбат ўтказишлари, иссиқ-совуғи, ташвиш ва муаммоларидан хабардор бўлишлари лозим. Уларнинг кундалик режасида ҳар куни қайси диний оқим аъзоси билан учрашиш, диний-ахлоқий жиҳатдан муаммоси бўлган хонадоннинг масаласини ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар акс этиши шарт.

  Агар биз ёлғон ғояга алданганларни ўз ҳолига ташлаб қўядиган бўлсак, эртага четда пайт пойлаб турган қабиҳ ёв келиб, уни ўз ортидан етаклаб кетмаслигига ким кафолат беради?

  Бугунги кунда диний экстремистик оқим аъзоларининг фарзандларини жамоат ишларига, дунёвий турмуш тарзига, хусусан, фан ва касб-ҳунар тўгараклари, санъат фестиваллари, спорт мусобақаларига жалб қилишга етарлича эътибор қаратилмаяпти. Буни албатта қониқарли деб бўлмайди. Нега деганда, бир-икки марта номига тадбир ўтказиш билан иш битмайди. Бу йўналишда ҳар куни, ҳар соатда, доимий ва тизимли равишда иш олиб бориш керак. Буни маънавий ҳаёт, ғоявий-мафкуравий иш деб қўйибди. Бу бизга ғалла ёки чигит экиш эмас, уруғни тупроққа ташладик, бўлди, энди кутамиз, деб қараб ўтирсак.

  Мафкура соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи ҳеч қачон бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, мияси, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди.

  Демак, унга доимо маънавий озиқ керак. Агар шу озиқни ўзи яшаётган муҳитдан олмаса ёки бу муҳит уни қониқтирмаса, нима бўлади, айтинглар? Бундай озиқни у аста-секин бошқа ёқдан излайди. Шунга йўл бермаслигимиз керак. Мана, гап нима ҳақида кетяпти!

  Бунинг учун ўзини жамиятимиз, ёшларимиз маънавияти, ғоявий-мафкуравий тарбияси учун масъул деб билган инсонлар – бу маҳалла ёки диний ташкилотлар бўладими, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ёки катта таъсир кучига эга ижодкор зиёлилар бўладими – уларнинг барчаси айниқса фаол бўлишлари лозим.

  Афсуски, биз бу масалаларда ухлаб ўтирибмиз. Гапнинг очиғи шу: ухлаб ўтирибмиз. Душман эса ўз ишини қиляпти. Баъзи ўринларда ҳатто мақсадига ҳам эришяпти.

  Агар бу сўзларим кимгадир қаттиқ ботса, нотўғри бўлса, марҳамат, буни ҳам очиқ айтинглар. Мен эшитишга тайёрман.

  Яна бир масала – эл-юртга пешво бўлиб юрадиган муҳтарам имом-хатибларимиз юксак маънавияти, одоб-ахлоқи билан аввало ўзлари бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатмас экан, уларнинг ваъзхонлиги одамларга чивин чаққандек ҳам таъсир қилмайди.

  Холисона айтганда, барча имом-хатибларимиз шу талабларга жавоб бера оладими?

  Тўртинчидан, ҳар бир маҳаллада маҳалла раиси, маслаҳатчилар, участка инспектори ва имом-хатибнинг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш фурсати етди.

  Имом-хатиблар кенг жамоатчилик орасида мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бундай барқарор ва осойишта муҳит осмондан тушмаётганини тарғиб этиш, ота-боболаримиз минг йиллардан буён пок сақлаб келаётган ислом дини ҳар қандай зўравонликка, бузғунчиликка, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкишга мутлақо қарши эканини оят ва ҳадислар асосида, жонли мисоллар ёрдамида таъсирчан етказиб беришлари зарур.

Муқаддас Қуръони каримда мусулмонларга қарата фирқаларга бўлинманг, деган мазмундаги кўрсатмалар бор. Бу турли оқимларга бўлиниб, одамларни тўғри йўлдан адаштиришга динимиз мутлақо қарши эканига яққол далил эмасми?

  Бешинчидан, бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ.

  Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин.

  Олтинчидан, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда жамоатчилик назоратини тизимли йўлга қўйиш энг мақбул йўлдир. Бу – жаҳон тажрибасида синовдан ўтган йўл.

  Давлат қачон ўз вазифасини муваффақиятли адо этади? Қачонки давлат идоралари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назорати ўрнатилган бўлса.

  Афсуски, ҳозирги кунда жамоатчилик назоратининг таъсири амалда сезилмаяпти. Одамлар орасида ҳалигача боқимандалик кайфияти ҳукм сурмоқда. Давлат бор-ку, боқсин-да, деган кайфиятлардан, афсуски, тўлиқ қутула олмаяпмиз.

  Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича Президентнинг давлат маслаҳатчиси раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи кейинги пайтда қарийб барча ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Лекин шунинг ўзи етарли эмас. Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ана шу муаммоларни биргаликда ечмасак, четдан келиб ҳеч ким уларни ҳал қилиб бермайди.

  Шунингдек, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг тасарруфидаги ташкилотлар ва имом-хатибларга қулайликлар яратиш учун қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш борасида 4 та вазифани белгилаб берди:

  Биринчидан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги масжид ва таълим муассасаларининг нотижорат ташкилот сифатида фаолият юритишини инобатга олиб, улар томонидан тўланадиган ягона ижтимоий тўловнинг миқдорини қайта кўриб чиқиш зарур.

  Иккинчидан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуаси қошида фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар малакасини ошириш ўқув марказининг фаолиятини кучайтириш, унинг илмий салоҳиятини, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишимиз ва амалга оширишимиз зарур.

  Учинчидан, мамлакатимизда маърифий йўналишдаги нашрларга берилган имтиёзларни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетаси ҳамда диний-маърифий нашрлар учун ҳам жорий этиб, уларга ҳам солиқ ва мажбурий ижтимоий тўловлар бўйича белгиланган имтиёзлар бериш адолатдан бўлади, деб ўйлайман.

  Тўртинчидан, “Ўзбекистон” телеканали орқали бериладиган “Ҳидоят сари” маърифий дастури ва “Зиё” студияси кўрсатувларини, ўйлайманки, юртимизда кўпчилик катта қизиқиш билан томоша қилади. Ана шу кўрсатувлар ижодкорларининг самарали меҳнатини инобатга олиб, уларни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаймиз.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены