Banner Top

Эрон элчихонаси ўзининг Хўжанд (Тожикистон)даги ваколатхонасини ёпди

  Эроннинг Тожикистондаги элчихонаси Хўжанд шаҳридаги ўз ваколатхонасини ёпди. 29 июнь куни шаҳар марказидаги икки қаватли бинодан “ЭИР элчихонасининг савдо ваколатхонаси” ва “ЭИР элчихонасининг маданият ваколатхонаси” деган ёзувлар олиб ташланди.

  Эрон элчихонасининг Хўжанддаги маданият ваколатхонаси ходимларидан бири ўз номини ошкор қилмаслик шарти билан ваколатхона Тожикистон расмийларининг талаби билан беркитилаётганини айтди. Икки ҳафта муқаддам савдо ва маданият ваколатхоналари расмий билдириш олишган. Шу муносабат билан Эроннинг Тожикистондаги элчихонаси ваколатхоналар ходимларини таътилга чиқарди.

 Ваколатхоналарнинг фаолияти қачонлардир тикланиши номаълумлигича қолмоқда. Бу борада хабар тарқатилмади. Эроннинг Тожикистондаги элчихонаси Сўғд вилояти маъмурий марказидаги ваколатхоналар беркитилиши юзасидан бирор бир изоҳ бермади.

  Хўжандликлар тез-тез Эрон элчихонасининг маданият ваколатхоналарига ташриф буюриб туришарди. Бу ерда кутубхона ва тезкор интернетдан бепул фойдаланиш имкониятлари яратилган эди. Маданият ваколатхонаси маҳаллий адибларга ўз китобларини нашр қилишлари учун ёрдам бериб келар, тожик талабалари ва ўқувчиларини Эронга сафарини уюштирарди.

 Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Тожик-Эрон “ТоджИрон” қўшма корхонаси тракторлар ишлаб чиқаришни тўҳтатган эди. Сўнгги икки йил мобайнида Душанбе ва Теҳрон ўртасидаги муносабатларда совуқлашув кузатилмоқда.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены