Banner Top

Спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида Президент қарори

  2017 йилнинг 10 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

  Қуйида ушбу қарорга шарҳни эътиборингизга ҳавола этамиз.

  Мустақиллик йилларида Ўзбекистон миллий терма жамоалари спортчиларининг Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда юксак натижаларни қўлга киритишлари, дунёда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори, спорт салоҳияти ва ютуқлари тизимли равишда ошиб боришини таъминлашга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

  Мамлакатимизда ёшлар ўртасида тобора оммалашиб бораёт­ган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, Универсиада спорт мусобақаларини ўзида мужассамлаган уч босқичдан иборат яхлит тизим яратилди. Мазкур тизим орқали нуфузли халқаро майдонларда Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган машҳур спортчилар етишиб чиқмоқда.

  Бугунги кунда юқори малакали спортчиларни тайёрлашда машаққатли меҳнат ва катта куч талаб этилишини инобатга олган ҳолда спортчиларнинг ўз маҳоратларини мунтазам ошириб боришлари, жисмонан ва маънан етуклигини таъминлаш билан бирга, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириб бориш зарур.

  Мазкур соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбе­кис­тон Республикаси Президентининг “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

  Ушбу қарорга мувофиқ кенг миқёсдаги аниқ мақсадли ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

 Жумладан, Ўзбекистоннинг машҳур спортчиларини жисмоний тарбия ва спорт соҳасини бошқаришга фаол кўмаклашиш, жамоат ва спорт ишларига босқичма-босқич жалб этишга доир “Катта спортдан кейинги фаолият” ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилиши белгиланган.

  Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларига тўланадиган ойлик тўловлар ва уларнинг тренерларини бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш миқдорлари белгиланган. Шунингдек, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, нуфузли халқаро спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар учун умрбод тўланадиган ойлик тўловлар ва уларнинг тренерларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган даромад солиғисиз амалга оширилиши назарда тутилган.

  Юқори маҳоратли спортчилар узлуксиз равишда ўқув-машғулот жараёнида бўлишларини таъминлаш мақсадида, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида сиртқи бўлим очиш юзасидан аниқ таклиф киритиш белгиланди. Бу, ўз навбатида, спортчиларга машғулот ва мусобақалар билан боғлиқ фаолиятларидан ажралмаган ҳолда таълим олишларига ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳаларидаги билимларини оширишга ва келажакда мураббийлар сафига қўшилишларига имконият яратади.

  Қарорга мувофиқ, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари бир йилда бир марта ўзлари учун мақбул бўлган муддатда санаторий-соғломлаштириш муассасаларида соғломлаштириш курсидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.

  Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари, мамлакатимизнинг нуфузли спорт мусобақалари ғолиб ва совриндор спортчилари тренерлик фаолияти билан шуғулланишлари учун Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида 3 ва 6 ойлик қисқа муддатли махсус ўқув курслари ташкил этилиши ва Ўзбекистоннинг машҳур спортчиларига тренерлик фаолияти билан шуғулланишлари учун имтиёзли равишда рухсат бериш тартиби жорий этилиши кўзда тутилган.

  Ўзбекистоннинг машҳур спортчиларига хусусий спорт муассасаларини барпо этиб, ўзларининг маҳорат мактаб­лари фаолиятини кенг йўлга қўйиш имкониятини яратиш мақсадида уларга “ноль” қийматида бинолар бериш, ер ҳамда банклардан кредитлар ажратиш, бошқа имтиёзлар бериш юзасидан зарур чоралар кўриш белгиланди.

  Мазкур қарор Ўзбекистонда спортчи ва мураббийларни моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш, дунёга машҳур спортчи­лари­мизга хусусий спорт муассасаларини очиш йўли билан нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этадиган спортчилар захирасини тайёрлашда муносиб ҳиссаларини қўшишларига имконият яратади.

  Қарор доирасида белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши жисмоний тарбия ва оммавий спортнинг жамиятимиз ҳаётидаги ролини янада кучайтириш, спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчилар ва уларнинг тренерлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш, қолаверса, нуфузли халқаро майдонларда Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган машҳур спортчиларимиз сафларини тобора кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены