Banner Top

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини такомиллаштириш борасида Президент фармони

  2017 йил 11 август куни “Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони эълон қилинди.

  Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир қонунчилик ижросини таъминлаш;

  оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантириш;

  оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолиятида қонун ҳужжатлари, давлат ва тармоқ стандартларига риоя этилиши, сўз ва ахборот эркинлиги кафолатларига риоя этилиши борасида мониторинг ва назоратни амалга ошириш;

  ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот соҳасидаги хуруж ва таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган чораларни амалга оширишда иштирок этиш;

  китоб тарғиботи орқали халқимиз маънавиятини юксалтириш, китобхонлик анъаналарини кенг тарғиб қилиш, электрон ва аудио китоблар яратиш, китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;

  ижтимоий аҳамиятга эга бўлган нашрларнинг чоп этилиши бўйича мақсадли дастурларни тайёрлаш ва ижросини ташкиллаштириш;

  хорижда ўзбек тили ва адабиётини кенг тарғиб қилиш, нашриётларга китоб маҳсулотларининг халқаро китоб бозорида ўз мавқеи ва салмоғига эга бўлишида кўмаклашиш;

  мамлакатимиз фуқаролари ва юридик шахсларининг ахборотларни тайёрлаш, тарқатиш, улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда қатнашиш;

  мулкчилик шаклидан қатъий назар, оммавий ахборот воситалари учун медиа бозорида тенг шароитлар яратиш бўйича зарур тадбирлар ишлаб чиқиш;

  ноширлик ва матбаачилик йўналишидаги техник-технологик базани ривожлантириш, уларни замонавий жиҳатдан янгилаш, стандартлаштириш ҳамда сертификатлаштириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

  оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида миллий ва халқаро танловлар, кўргазма-ярмарка ва бошқа оммавий тадбирларни ташкил этиш;

  матбуот ва ахборот, ноширлик, матбаачилик, ахборот-кутубхона фаолияти соҳаларида тегишли минтақавий, хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш.

  Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасарруфидаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини Агентлик таркибига ўтказилади.

  “Тонг юлдузи” ва “Класс!” газеталари ҳамда “Гулхан” ва “Ғунча” журналларини Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфига тўлиқ ўтказилади.

  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Агентлик фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини тайёрлаб, белгиланган тартибда киритиши белгиланди.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены