Banner Top

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида геология соҳасининг бугунги ҳолати ва истиқболларига бағшиланган йиғилиш бўлиб ўтди

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 13 ноябрь куни геология-қидирув ишлари самарадорлигини ошириш, минерал-хомашё ва қимматбаҳо металлар ресурс базаси ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича муҳим стратегик лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

  Йиғилишда геология соҳасининг бугунги ҳолати танқидий таҳлил қилинди. Ер қаъридан оқилона фойдаланиш, муҳофаза қилиш ва кончиликни бошқаришда аниқ механизм мавжуд эмаслиги, бу соҳага етарлича эътибор берилмагани кўрсатиб ўтилди. Бу соҳада илғор хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг бутунлай янги тузилмаси ва йўналишларини ишлаб чиқиш, салоҳиятини ошириш зарурлиги таъкидланди.

  2017-2021 йилларга мўлжалланган минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастури доирасида геология-қидирув ишлари жадвал асосида амалга оширилмоқда. Жорий йилда Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси томонидан 13 кон бўйича захиралар тасдиқланиб, саноатда ўзлаштиришга тайёрланди. Йил охиригача яна 13 кон бўйича захиралар тасдиқланиши режалаштирилган.

  Президентимиз тоғ-кон саноатининг узоқ муддатли истиқболларига, соҳанинг ҳудудларда саноатни ривожлантиришдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратди. Тармоққа чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш, фойдали қазилмаларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш ҳажмини ошириш, янги корхоналар ташкил этиш ва иш ўринлари яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

  Мутасадди вазирлик ва ташкилотларга минерал-хомашё базасини ривожлантириш дастурини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш топширилди.

  Йиғилишда соҳадаги йирик муассасалар – Навоий кон-металлургия комбинати ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар ижросига ҳам эътибор қаратилди.

  Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган дастурга мувофиқ 2017-2026 йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида 27 лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Қиймати 3 миллиард 63 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳалар натижасида 2026 йилга бориб ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга ошади. Қўшимча 31 мингга яқин иш ўрни яратилади.

  Ушбу муҳим лойиҳаларни ишончли электр энергияси билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш зарурлиги қайд этилди.

  Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан умумий қиймати 2 миллиард 720 миллион доллардан ошиқ 18 инвестиция лойиҳаси амалга оширилмокда. “Ёшлик-1” ва “Ёшлик-2” конларини ўзлаштириш, “Самарчўқи” ер ости конини қуриш ва Сурхондарё вилояти Шеробод туманида цемент заводи барпо этиш улар орасида энг муҳимларидир.

  Йиғилишда “Ёшлик-1” ва “Ёшлик-2” конларини ўзлаштиришни янада тезлаштириш бўйича тавсиялар берилди.

  Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга ташрифлари чоғида геология соҳасига доир саксонга яқин вазифалар белгилаган. Жумладан, ер ости сувлари захираларини кескин кўпайтириш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, Ангрен ва Олмалиқ ҳудудларида фойдали қазилма базасини кенгайтириш ва конларни саноатда ўзлаштириш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

  Мутасаддиларнинг бу борадаги ҳисоботлари эшитилди.

  Кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Соҳани замонавий мутахассислар билан таъминлаш учун Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузурида ихтисослашган олий таълим муассасаси ташкил этиш, унда илмий изланишларга катта аҳамият қаратиш, ишлаб чиқариш корхоналари ва таълим тизими ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

  Йиғилишда геология-қидирув ишларини илғор технологиялар асосида ташкил этиш, ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш, соҳанинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини янада ошириш масалалари таҳлил қилинди. Вазирлик, қўмита ва комбинатлар олдида турган долзарб вазифалар белгилаб берилди.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены