Banner Top

Депутатлар Ўрмон тўғрисидаги, Иқтисодий процессуал кодексини тасдиқлаш тўғрисидаги қонунларни кўриб чиқдилар

  Жорий йил 1 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

  Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

  Мажлис давомида депутатлар жамият ва давлат ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Чунончи, Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг ташаббусига биноан ишлаб чиқилган “Ўрмон тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

  Муҳокама якунларига кўра ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинди ва маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига юборилди.

  Шундан сўнг депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

  Кодекс лойиҳасида барча сўнгги янгиликлар, шу жумладан судлар ишининг замонавий инновацион услублари, суд мажлисини аудио ва видео тарзида қайд этиш назарда тутилган. Бундан ташқари, иқтисодий суд ишларини юритишда иштирок этувчи шахслар рўйхатини кенгайтириш таклиф этилмоқда. Чет эл судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни, шу билан бирга юридик аҳамиятга эга фактларни белгилаш ҳақидаги ишларни кўриш тартибини назарда тутувчи боблар киритилмоқда. Низоларнинг тезда кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида судда кўрилишга тегишлиликнинг умумий қоидаси ўзгартирилмоқда. Чунончи, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан даъво аризалари судга уларнинг рўйхатга олинган жойи бўйича берилади, ундан ташқари келишув тартиб-таомилларига бағишланган янги боб киритилмоқда.

  Жорий йил 19 октябрь куни мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга қадар маромига етказиш жараёнида ишчи гуруҳ тузилиб, унинг таркибига сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи депутатлари, вазирликлар ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, Олий суд вакиллари, амалиётчи мутахассислар, олимлар киритилди.

  Сиёсий партиялар фракцияларининг фикрлари билдирилди, мазкур қонун лойиҳасининг муҳокамаси ўзаро манфаатдорлик билан, баҳслар тарзида ўтди. Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш давом этмоқда.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены