Banner Top

Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида Президент фармони

  2017 йил 1 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.

  Фармонга мувофиқ, “ногирон” тушунчаси муомаладан чиқарилмоқда ва у энг аввало, инсон эканлигини ҳисобга олган ҳолда умумэътироф этилган “ногиронлиги бўлган шахс” атамаси киритилмоқда.

  БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишга тайёргарлик кўриш бўйича амалий чора-тадбирлар ташкил этилмоқда. “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

  Фармон билан 51 банддан иборат чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

  Жумладан, тасдиқланган Дастур қуйидаги чора-тадбирларни назарда тутади:

  ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш;

  ногиронликнинг олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни реабилитация қилиш самарадорлигини ошириш;

  ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни махсус касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришни таъминлаш;

  ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва мақбул муҳитни таъминлаш, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш.

  Кўзи ожиз ногиронлиги бўлган шахслар саводхонлигини ошириш имкониятининг паст даражада эканлиги уларнинг ижтимоий ҳаётда иштироки ва воқеалардан хабардор бўлишини тўлиқ чеклайдиган ўта муҳим муаммолардан бири бўлиб қолган. Шу муносабат билан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида вилоятлар, туманлар марказларида умумтаълим мактаблари негизида Брайль алифбосини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этишга оид чора-тадбирлар кўрилади.

  Бундан ташқари, овоз орқали бошқариш мақсадида компьютер операцион тизимлари учун махсус дастурлар яратилади, давлат органлари ва ташкилотларининг расмий сайтларида ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча имкониятлар жорий этилади.

  Сир эмаски, шаҳар йўловчи транспортларининг махсус ускуналар билан жиҳозланмаганлиги ногиронлиги бўлган шахслар учун иш жойи ва бошқа муассасаларга етиб боришда муайян қийинчиликларни келтириб чиқаради. Шунингдек, светофорлар ва пиёдалар йўлакчалари қўшимча товуш ёрдамида бошқариш ускуналарига эга эмас.

  Бунинг учун ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар йўловчи транспортини мазкур мақсадларга мослаштириш, бекат ва йўналишларни овоз ёрдамида эълон қилиш орқали қулайликлар яратилади.

  Шу билан бир қаторда, 2018 йил 1 мартдан ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспорти воситаларини сотиб олиш тақиқланмоқда. Бу ногиронлиги бўлган шахсларга автобус ва бошқа шаҳар йўловчи транспорт турларидан фойдаланишни жиддий тарзда енгиллаштиради.

  Ҳозирги кунга қадар миллий енгил автомобиллар фақат соғлом инсонлар учун мослаштирилган бўлиб, ногиронлиги бўлган шахслар эса махсус бошқарув имконияти мавжуд эмаслиги сабабли бундай автомобилларга эга бўла олмас эди. Келгусида ишлаб чиқариладиган миллий енгил автомобиллар ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилган ҳолда махсус ускуналар билан қайта жиҳозланади.

  Транспорт воситалари ҳайдовчилари – ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш учун тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишлари ташкил этилади.

  Ногиронлиги бўлган шахсларнинг мамлакат ижтимоий ҳаётида иштирокининг муҳим омилларидан бири уларнинг умумий саводхонлиги ҳисобланади. Бироқ, қатор сабабларга кўра, ногиронлиги бўлган шахслар олий таълим муассасаларида ўқиш учун комплекс имкониятга эга бўлмаган.

  Ушбу мақсадда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квоталар киритилмоқда. Мазкур квоталар бўйича фақатгина ногиронлиги бўлган шахслар таълим олади, бу уларнинг олий маълумотга эга бўлишини таъминлаб, жамиятга мослашиш имкониятларини кенгайтиради.

  Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш ҳам уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

  Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилишни кенг рағбатлантириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўзи томонидан тадбиркорлик билан шуғулланишга шароит яратиш мақсадида 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ходим сифатида ёллаган якка тартибдаги тадбиркорларга қатъий белгиланган солиқнинг имтиёзли ставкаси белгиланмоқда.

  Ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ижтимоий ҳимоя қилишга масъул бўлган ягона идоранинг мавжуд эмаслигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ихтисослаштирилган идора ташкил этилади.

 Ногиронлиги бўлган шахсларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда нафақат давлат, балки оддий фуқароларнинг иштироки ҳам ўта муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, унинг маблағлари ногиронлиги бўлган шахслар аҳволини яхшилаш, тиббий-ижтимоий ёрдам сифатини ошириш, протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳамда технологик янгилаш учун ишлатилади. Ногиронлиги бўлган шахслар муаммоларига бефарқ бўлмаган фуқаролар ва юридик шахсларнинг ихтиёрий ҳомийлик хайриялари ҳам жамғарма манбалари бўлади.

  2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида комплекс маълумотларни (ногиронлиги бўлган шахсларга оид шахсий маълумотлар, пул тўловларининг турлари ва миқдори, ажратилган техник реабилитация воситалари, протез-ортопедия буюмлари ва бошқалар) ўз ичига олган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ягона электрон реестри жорий этилмоқда, бу даволаш ва реабилитация ишларини самарали ташкил этишни таъминлайди.

  Қайд этиш лозимки, протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситаларини ишлаб чиқаришнинг маънан эскирганлиги ҳамда ушбу воситаларни ишлаб чиқаришга оид кўплаб стандартларнинг мавжуд эмаслиги фуқароларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

  Мазкур муаммони ҳал этиш учун протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситаларини ишлаб чиқариш соҳасига, жумладан фаолият юритаётган корхоналарни модернизация қилишга кўмаклашиш, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда республикада янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш орқали чет эл инвестициялари жалб қилинади. Шунингдек, протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситаларини ишлаб чиқаришга давлат стандартлари жорий этилади.

  Қабул қилинган Фармон ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имконини беради, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, қулай ва мақбул муҳитни таъминлаш, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник жиҳозланишини яхшилашга хизмат қилади.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены