Banner Top

Афғонистон Президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи бошланди

 

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 4 декабрь куни Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

  Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

  Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди.

  Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

  Афғонистон Президенти Мустақиллик майдони Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсати, халқимизнинг бунёдкорлик ва фаровонлик йўлидаги эзгу интилишларини акс эттирувчи ноёб мажмуа эканини таъкидлади. Майдоннинг ўзига хос манзараси, чуқур мазмун-моҳиятига юқори баҳо берди.

  Шу куни Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Ҳазрати Имом мажумасига ташриф буюрди.

  Олий мартабали меҳмонга бу ердаги масжид ва мақбараларнинг тарихи ҳақида маълумот берилди.

  Афғонистон Президенти мажмуада сақланаётган Усмон мусҳафи ва бошқа тарихий-маърифий ёдгорликларни зўр қизиқиш билан томоша қилди.

  Ашраф Ғани Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ислом динини ўрганиш, унинг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берди.

  Аввал хабар қилинганидек, олий даражадаги учрашувларда Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари ва долзарб халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.

  Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан-таълим ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, шунингдек, тижорат шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены