Banner Top

АҚШ Қуддусни Исроилнинг пойтахти дея тан олади

  Қўшма Штатлар Қуддусни Исроилнинг пойтахти дея тан олади ва АҚШ элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчиради. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил, Фаластин мухторияти, Саудия Арабистони, Миср ва Иордания раҳбарлари билан бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида маълум қилди.

  Бугун  Дональд Трамп бу борада расмий баёнот бериши кутилмоқда. Ташкилий ва техник сабабларга кўра, кўчиб ўтиш камида олти ойдан сўнг амалга ошади.

  Араб давлатларининг етакчилари Дональд Трамп қарорини кескин танқид қилди. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар масалалари бўйича олий вакили Федерика Могерини баёнот бериб, фаластинликлар ва исроилликлар ўртасида эришилган тинчлик битимига раҳна солувчи ҳар қандай қадамлардан тийилиб туриш лозимлигини таъкидлади. Франция ташқи ишлар вазирлиги  Қуддус мақоми Исроил-Фаластин музокорларида белгиланиши кераклигини таъкидлади.

  Ўз номини ошкор қилишни истамаган Америка вакилларининг айтишича, президент Трамп бу қарор тинчлик жараёнлари тараққиётига ҳисса қўшади деб ҳисобламоқда. Уларнинг таъкидлашича, бу қарор президент Трамп расман баёнот берганидан сўнгина расмийлаштирилади.

  Америка элчихонасининг Қуддусга кўчиб ўтиши ва бу шаҳарни Исроилнинг пойтахти дея тан олиниши ҳалқаро консенсусга мос келмайди. Ғарб мамлакатларнинг кўпчилиги Қуддусни Исроилнинг пойтахи сифатида тан олмайди. Фаластинликлар мусулмон, насроний ва яҳудийлар учун муқаддас бўлмиш Эски шаҳарни ўз ичига олган Шарқий Қуддус ўзларининг пойтахти дея эълон қилинишини талаб қилади.

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены