Banner Top

Шавкат Мирзиёев:«Буюк келажагимиз бугундан бошланади». Ривожланишнинг 8 устувор вазифаси

  Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Конституциямизнинг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда иштирок этиб нутқ сўзлади.

  Президентимиз ўз нутқларида ўтган давр мобайнида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва келгусида «Буюк келажагимиз бугундан бошланади» деган шиор асосида халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш мақсадида амалга оширилиши лозим бўлган 8 та устувор вазифалар ҳақида сўз юритди.

  Қуйида ушбу устувор вазифаларни эътиборингизга ҳавола этамиз:

  Биринчидан, давлат органларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий тамойил сўзсиз таъминланиши шарт.

  «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган принцип барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидага айланиши керак. Албатта, раҳбарларнинг ишга муносабатини ўзгартиришга ҳаракат қиляпмиз, лекин онгу тафаккури қотиб қолган раҳбарларни ўзгартириш қийин бўлмоқда.

  Мунтазам равишда жойларга чиқиб, одамларнинг эҳтиёжлари, муаммолари билан яшаш ва уларнинг ечимини топиш вазифаси мансабдорлар томонидан хўжакўрсинга эмас, балки амалда таъминланиши зарур.

  Маълумки, биз халқ ичига кириб бориш, аҳоли билан мулоқот ўрнатиш йўлида биринчи қадам сифатида ҳар бир туман ва шаҳарда Халқ қабулхоналарини ташкил этдик. Улар одамларнинг кўплаб муаммоларини ечишда амалий ёрдам берадиган яхлит тизимга айланди. Бир йилда 1,5 миллионга яқин мурожаат кўриб чиқилди.

  Бугунги кунда аҳолимизнинг Халқ қабулхоналарига бўлган ишончи тобора ортиб бормоқда. Ушбу тузилмаларнинг давлат органлари мансабдор шахслари масъулиятини оширишдаги роли борган сари кўпроқ сезилмоқда.

  Барчамиз яхши тушунамиз, халқимизнинг ҳаёт даражаси ўсиши, кўпгина муаммолар ҳал қилиниши билан Халқ қабулхоналарига мурожаатлар камайиб боради. Шунинг учун бу қабулхоналар имкониятларини биз давлат хизматларини кўрсатиш соҳасига йўналтирамиз.

  Шу мақсадда барча давлат идоралари ва Адлия вазирлиги қошидаги “Ягона дарча” марказлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни Халқ қабулхоналари орқали самарали ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Шу муносабат билан Президент девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматига ушбу масалалар билан бевосита шуғулланиш вазифасини юклаш кўзда тутилмоқда.

  Мазкур хизмат таркибида янги тузилма ташкил этиб, унга Тезкор давлат хизматлари агентлиги деб ном берсак, айни муддао бўларди.

  Маълумки, ҳаммамиз деярли ҳар куни турли идораларга мурожаат қиламиз. Дейлик, нотариус, архив ёки кадастр идорасидан, газ, электр, сув таъминоти ташкилотидан ёки маҳалладан оддий бир маълумотнома олиш учун баъзан кун бўйи навбатда туришга тўғри келади.

  Ана шундай, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган ишлар учун одамларнинг қанча вақти, асаби кетади. Шуларнинг ҳаммасини бир жойда, марказлаштирган ҳолда, тезлик билан ҳал қилса бўлади-ку!

  Мамлакатимизда барча шаҳар ва туманларда, мисол учун, олис Чимбой ёки Қўрғонтепа туманида ҳам аҳолига давлат хизматларини кўрсатадиган идоралар мавжуд. Улар халққа хизмат қилиш учун тузилган. Лекин, афсуски, аксарият ҳолларда улар халқдан узилиб қолган, десак, бу ҳам тўғри бўлади.

  Аслида XXI асрда – Интернет ва ахборот коммуникациялари даврида бу ишларнинг барчасини уйдан чиқмасдан туриб, компьютер ёки уяли телефон орқали бажариш имкони бор-ку!

  Ривожланган давлатларда бундай тизим аллақачон йўлга қўйилган. Шу тизимни юртимизда ҳам жорий этишга, нима, имкониятимиз йўқми? Бор, албатта. Фақат биз бу масалага қандайдир арзимас, майда масала, деб қарашга ўрганиб қолганмиз. Ҳолбуки, инсон ҳаёти, инсон манфаати билан боғлиқ соҳаларда майда нарсанинг ўзи йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.

  Шунинг учун биз энди давлат хизматларини кўрсатиш борасидаги ишни мутлақо янгича асосда ташкил этамиз. Энди давлат хизматларини кўрсатадиган ташкилот ва тузилмалар бевосита жойларга, маҳаллаларга чиқиб, аҳолига хизмат кўрсатади.

  Вилоятлар, шаҳар ва туманлардаги Халқ қабулхоналари бу борадаги ишларни мувофиқлаштириб, назорат қилиб боради.

  Жанубий Кореяда 750 турдаги давлат хизматлари кўрсатилар экан. Сеул шаҳри маъмурияти вакиллари келиб, Тошкент шаҳрида ҳам шундай хизматларни йўлга қўйиш бўйича ёрдам беради.

  Ана шундай тизимни йўлга қўйсак, ўйлайманки, халқимизга катта енгиллик яратилади, одамлар биздан рози бўлади.

  Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига дахлдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 15 кун муддатда ушбу масала бўйича Президент қарори лойиҳасини киритиш вазифаси топширилади.

  Иккинчидан, халқ ҳокимиятчилиги ҳақидаги конституциявий тамойилнинг асл моҳиятини барчамиз чуқур англаб етишимиз зарур.

  Бунинг учун турли даражадаги ижро ҳокимияти органларининг халқ вакиллари – парламент ва маҳаллий кенгашлар олдида ҳисобот бериш амалиётини кенг жорий қилиш керак. Парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати механизмларини янада ривожлантиришимиз зарур.

  Ҳар бир давлат хизматчиси халқ олдида масъул эканини ҳеч қачон унутмаслиги лозим.

  Шу билан бирга, давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳам ушбу тамойилни амалда қарор топтиришнинг ажралмас шарти ҳисобланади.

  Одамларимиз давлат органлари, шунингдек, ўзлари сайлаган вакиллар нима билан шуғулланаётганини билишлари, уларнинг фаолиятига холисона баҳо бера олиши учун барча имкониятларни яратишимиз даркор.

  Учинчидан, биз учун энг катта бойлик бўлган аҳоли саломатлигини сақлашга оид конституциявий нормалар ижросини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиши лозим.

  Бу борада малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликлар профилактикаси, патронаж ва скрининг хизматларини замонавий даражага кўтариш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш биринчи даражали вазифамиз бўлиб қолади. Жамиятда соғлом турмуш тарзини ва тиббий маданиятни оммалаштириш бўйича ҳам жиддий иш олиб боришимиз зарур.

  Тўртинчидан, бизнинг фаолиятимиз энг муҳим конституциявий қоидага – ижтимоий адолат тамойилини таъминлашга қаратилиши шарт.

  Ижтимоий адолат – бу сиёсий қарашлари, жинси, миллати, тили ва диний эътиқодидан қатъи назар, қонун олдида барча фуқароларнинг тенглигини таъминлашдир. Бу – таълим, тиббиёт ва бошқа соҳалардаги имкониятлар тенглигидир. Бу – кафолатланган меҳнат фаолияти эркинлиги, мансаб лавозимлари бўйича кўтарилиб боришдаги имкониятлар тенглигидир. Энг муҳими, бу – кекса авлод вакиллари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар тўғрисидаги ғамхўрликдир.

  Жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтириш борасидаги асосий вазифамиз – бу адолатли қонунлар қабул қилишдан иборат.

  Қисқача айтганда, қонун адолатли бўлса, у инсон ҳуқуқларини амалда ҳимоя қилса, шундагина одамлар қонунни ҳурмат қилади ва унга итоат этади.

  Бешинчидан, фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир.

  Биз бугун, демократик ўзгаришлар даврида мамлакатимизнинг сиёсий, ижтимоий ҳаётида бевосита ва фаол иштирок этиш истагида бўлган фуқароларимизнинг салоҳияти тўла намоён бўлишини таъминлашимиз лозим. Бу борада кўппартиявийлик тизими, партиялараро баҳс-мунозара, фикрлар ва дастурлар ўртасидаги рақобатни жадал ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

  Оммавий ахборот воситалари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳокимият идораларига етказишнинг муҳим ва таъсирчан воситасига, халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига айланиши зарур. Ҳокимият ва бошқарув органлари фаолиятига танқидий ва холис баҳо бериш, турли соҳалардаги камчиликлар, долзарб муаммоларни дадил кўтариб чиқиш улар фаолиятида асосий мезон бўлиши керак.

  Олтинчидан, бизнинг яна бир муҳим вазифамиз – фуқаролар, давлат ва жамият ўртасида ўзаро масъулият, ҳуқуқ ва бурч боғлиқ эканига оид принципни изчил амалга оширишдан иборат.

  Бу принцип мамлакатимиз олдида турган муҳим вазифаларни ҳал қилишда давлат ва шахс, давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлайдиган конституциявий асосдир.

  Биз барчамиз – фуқаролар ҳам, жамият ҳам, давлат ҳам Ватанимиз равнақи учун, мамлакатимизда тинчлик-барқарорликни мустаҳкамлаш учун, тарихий, маънавий ва маданий меросимизни сақлаш, бойитиш ва келгуси авлодларга безавол етказиш учун бирдек масъулмиз.

  Юртимизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик ва тотувлик муҳити, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни асраш ва мустаҳкамлаш мақсадида олиб бораётган ишларимизни янада кучайтиришимиз лозим.

  Еттинчидан, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлигини амалда таъминлаш бундан буён ҳам давлат сиёсатида устувор йўналиш бўлиб қолади.

  Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ана шу конституциявий қоиданинг изчил амалга оширилиши ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини жадал ривожлантириш бўйича олиб бораётган барча ишларимизнинг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.

  Биз иқтисодиётимизни янада эркинлаштириш, тадбиркорларга кенг йўл очиб бериш сиёсатини бундан кейин ҳам қатъий давом эттирамиз. Ҳал қилувчи аҳамиятга эга бу соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг олдида пайдо бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш масаласи давлат раҳбари сифатида менинг доимий эътиборим ва назоратимда бўлади.

  Яна бир бор алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: тадбиркор йўлига тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига хиёнат, деб қабул қилиш керак.

  Саккизинчидан, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, мамлакат ташқарисида ҳам ўз фуқароларининг ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлаши ҳақидаги конституциявий қоиданинг ижросини сўзсиз таъминлашимиз шарт.

  Афсуски, шу вақтга қадар чет элларда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига етарлича эътибор берилмади, десак, бу ҳам адолатдан бўлади.

  Бугунги кунда юртдошларимиз чет элда фақат қора меҳнат билан эмас, илм-фан, банк-молия, ахборот-коммуникация технология соҳаларида фаолият кўрсатмоқда.

  Ана шу ҳолатни инобатга олиб, хорижда қонуний асосда меҳнат қилаётган, таълим олаётган фуқароларимизга бўлган муносабат бугунги кунда тубдан ўзгариб бораётганини таъкидлаш зарур. Ўзбекистон ҳукумати бундан буён ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳар томонлама ҳимоя қилади.

  Бу ишларни амалга ошириш йўлида биринчи қадамларни бошладик. Россия билан меҳнат миграцияси бўйича келишувга эришилди. Ўзбекистондан махсус делегациялар бориб, хориждаги ватандошларимиз билан учрашувлар ўтказмоқда. Уларнинг меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш бўйича маҳаллий бошқарув идоралари билан биргаликда зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

  Чет эллардаги юртдошларимизга консуллик хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатиш, уларнинг юртимизга бемалол келиб-кетишлари, мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшишлари учун зарур шароитлар яратилмоқда. Биз бу ишларни келгусида янада кенгайтирамиз.

  Яна бир муҳим масала – Конституция ва қонун устуворлиги ҳамда қонунийлик тамойилларининг сўзсиз таъминланиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолатидир. Биз бу фикрни янада теран англаб олишимиз керак.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены