Banner Top

Бундан буён жамоат тартибини сақлашга Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия жавобгар этиб белгиланди

  Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида нутқ сўзлади.

  Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. Президентимиз ўз нутқида “Кейинги пайтларда Қуролли Кучларнинг ташкилий тузилмаси бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритганда, Миллий гвардия ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Маълумки, бу махсус ҳарбий бўлинма фаолияти жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, аҳолини турли террорчилик хатарларидан, жиноий ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилишга қаратилган” дея таъкидлади.

  Шунингдек, охирги 15-20 йил давомида жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш масалаларига нотўғри ёндашув туфайли бу муҳим масала эътибордан четда қолиб келгани айтиб ўтилган.

  “Бу тизимнинг аниқ эгаси бўлмаган, бу масалалар билан шуғулланадиган бўлинмалар гоҳ Ички ишлар вазирлиги, гоҳ Мудофаа вазирлиги тасарруфида бўлиб келган. Шу сабабли ушбу бўлинмалар ўз ўрнини тополмади. Жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш бўйича ўқув машқлари деярли ўтказилмаган. Тезкор вазифаларни бажариш зарур бўлган пайтда турли бюрократик тўсиқларга дуч келинган. Натижада тезкор қарорлар ўз вақтида қабул қилинмаган, вазифалар самарали бажарилмаган.

  Ҳолбуки, бутун дунёда мамлакат ичида тартиб-интизом ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан армия эмас, Мудофаа вазирлиги эмас, балки алоҳида тузилмалар шуғулланади.

  Маълумки, бугунги кунда биз “Хавфсиз шаҳар – хавфсиз мамлакат” концепцияси асосида юртимизда жамоат тартибини таъминлашга қаратилган катта ишларни амалга оширмоқдамиз. Шу муносабат билан мана шу янги тузилма, яъни, Миллий гвардия ташкил этилди. Энди бундан буён ҳар бир шаҳар ва вилоятда хавфсиз ҳудуд лойиҳасини амалга ошириш, жамоат тартибини сақлаш учун Ички ишлар вазирлиги билан бирга Миллий гвардия масъул ва жавобгар этиб белгиланади. Бу вазифаларни бажариш учун Миллий гвардия жойлардаги давлат ҳокимияти идоралари, жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб боради” деди давлатимиз раҳбари.

  Шу муносабат билан Миллий гвардия қўмондони Б.Тошматовга ташкилий ишларни тезроқ якунлаб, ўзининг бевосита вазифаси бўлган жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш масаласи билан яқиндан шуғулланиш топширилди. Бундан буён мамлакатимизда жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш масаласига ички ишлар вазири П.Бобожонов ва Миллий гвардия қўмондони Б.Тошматов шахсан жавобгар бўлиши таъкидланди.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены