Banner Top

Ўзбекистон Республикаси Президенти хорижий делегациялар раҳбарларини қабул қилди

  Президент Шавкат Мирзиёев 27 март куни “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси доирасида Еврокомиссия вице-президенти, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғли, Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Хаважа Муҳаммад Асифни қабул қилди.

  Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда. Давлатимиз раҳбари Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могеринини қабул қилар экан,  турли даражадаги алоқалар кучайганини мамнуният билан қайд этди, бу эса Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш йўлида биргаликдаги саъй-ҳаракатлардан далолатдир.

  Суҳбат чоғида Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишда зарур кўмак кўрсатиш ва минтақани барқарор ривожлантириш, шунингдек савдо, инвестициялар, инновациялар, таълим ва маданият соҳаларидаги икки томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Келгуси йилда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги Стратегиясини қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди.

  Ўзбекистон Президенти Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари юқори суръат билан ривожланиб, изчил мустаҳкамланаётганини алоҳида таъкидлади.

  Сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик аниқ амалий мазмун билан бойигани қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми ортиб бормоқда, муҳим сармоявий лойиҳалар бажариляпти, ишбилармон доиралар ва минтақалар ўртасидаги кооперация алоқалари кучаймоқда. Таълим, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар алмашинувга оид янги дастурлар амалга оширилмоқда.

  Жорий йилнинг кузида кутилаётган Россия Федерацияси Президентининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифига тайёргарлик жараёнлари кўриб чиқилди.

  Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. 

  Давлатимиз раҳбари Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғлини самимий қутлар экан, дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтган йили октябрь ойида Туркияга олий даражадаги ташриф чоғида эришилган келишув ва битимларни тўла амалга ошириш муҳимлигини қайд этди.

  Навбатдаги олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик кўриш, аввало музокаралар кун тартибини савдо, сармоя, юқори технологиялар, транспорт ва туризм, маданият соҳалари ва бошқа йўналишлардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка оид аниқ лойиҳалар, дастурлар билан бойитиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

  Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Хаважа Муҳаммад Асиф билан учрашув чоғида икки томонлама муносабатларга амалий руҳ бағишлаш зарурлиги қайд этилди. 

  Давлатимиз раҳбари ўзаро савдо, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, енгил саноат ва бошқа тармоқлардаги кооперация алоқалари, транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, Ўзбекистонга зиёрат туризми учун ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини ошириш бўйича фойдаланилмаётган улкан салоҳият мавжудлигини алоҳида қайд этди. Алоқаларни янада фаоллаштириш, турли даражадаги ўзаро ташрифлар ҳамда қўшма тадбирларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

  Учрашувлар чоғида хорижий делегациялар раҳбарлари Афғонистон бўйича Тошкент конференциясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдириб, у ўз вақтида ташкил этилгани ва тадбир кун тартибига киритилган масалалар долзарб аҳамиятга эга эканини қайд этди.

  Форум натижалари ушбу мамлакатдаги вазиятни тинч музокаралар йўли билан ҳал қилиш жараёнини амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.

  Мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий янгиланишлар ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақада конструктив, ўзаро манфаатли ҳамкорликда тутган фаол иштирокига юксак баҳо берилди.

  Юқори мартабали меҳмонлар давлатимиз раҳбарига Европа Иттифоқи раҳбарияти, Россия, Туркия, Покистон раҳбарларининг саломи ва самимий тилакларини етказиб, мамлакатларининг Ўзбекистон Республикаси билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

 

Оставить комментарий

Убедитесь, что вы вводите (*) необходимую информацию, где нужно
HTML-коды запрещены