Воскресенье, Август 25, 2013

Жорж Бушнинг укаси президентликка даъвогарлигини билдирди

   Флорида штати собиқ губернатори Жеб Буш 2016-йилда президентликка сайланишга ҳаракат қилиши мумкин.

   Яқинда Жеб Бушнинг ўғли Жорж Прескотт Буш ABC телеканалига берган интервьюсида отаси навбатдаги президентлик сайловларида иштирок этиши эҳтимоли ҳақида гапирган эди. “Агар мендан бу ҳақда бир неча йил аввал сўрасангиз, иштирок учун эҳтимол кам”, деб жавоб берган бўлардим. Энди вазият ўзгарди, отам бу масалага жиддий эътибор қаратмоқда” деди Жорж Прескотт Буш. Унинг сўзларига қараганда бу қарорни оила аъзоларининг юз фоизи қўллаб-қувватлайди. Куни кеча Жеб Буш ҳам ўзининг  Интернетдаги ижтимоий тармоқларидаги саҳифаси орқали  нияти борасида маълум қилди.

  Жеб Буш Американи 1989-93 йилларда бошқарган Жорж Бушнинг  ўғли ҳамда 2001-2009 йиллар орасида президентлик қилган Жорж Бушнинг укаси. Ўз ниятини эълон қилган Жеб Буш оила аъзолари билан бу масалани ўтган ойда, Шукроналик кунида муҳокама қилганини айтар экан, “келаси ойларда президентлик пойгасида қатнашиш бўйича аниқ қароримни бераман”, деди.

   АҚШнинг аввалги икки президенти бўлмиш катта ва кичик Жорж Буш Жеб Бушни қўллаб-қувватлашларини таъкидлашган. Кичик Жорж Буш укаси мамлакатнинг аъло даражадаги президенти бўлишига ишонишини билдирди.

   Яқинда Майами телевидениесига берган интервьюсида Жеб Буш ўзининг ўша-ўша эканлигини айтар экан, ислоҳотларга ишонишини эслатиб ўтди. У ҳукумат ходимлари сони кам бўлиши керак, деб ҳисоблашини таъкидлади. “Эркинлик мамлакатимиз муваффақияти гарови ва айнан шу сабабдан ишдан чиққан иммиграция тизимини тузатиш жуда муҳим”,деди Жеб Буш. Унинг фикрича, сайловчилар улкан ғояларни илгари сурган номзод учун овоз беради. “Сайловолди компанияси чоғида буюк ғояларни илгари сурган кишигина катта ишларни амалга ошира олади. Улкан ғояларга содиқ қолган киши уларни шиддат ва ишонч билан ҳаётга татбиқ этади. Биз ҳозир ўзгаришларни бошлашимиз керак. Америка шунга муҳтож”, - деди.

   Яқинда ўтказилган ижтимоий сўров натижаларга кўра, республикачи даъвогарлар орасида Жеб Буш иккинчи ўринда бормоқда. Респондентларнинг 19 фоизи 2012-йилда Обама билан беллашиб мағлубиятга учраган Митт Ромнини, 14 фоизи эса, Жеб Бушни қўлаб-қувватлашларини билдиришган. Агар бу икки сиёсатчи президентлика даъвогарлик қиладиган бўлса, у холда республикачилар ичидаги бошланғич сайловлар қизғин ўтиши айтилмоқда. Чунки кучлар деярли баб-баробар бўлгани боис кураш қизғин кечиши аниқ.

    Бушлар сулоласи вакилининг Республикачилар партияси сафида тарафдорлари кўп. Бу ўз-ўзидан ғалаба қозониш имкониятини яратади. Жеб Бушнинг президентлика даъво қилиш ниятини эшитган партиядошлари 2016-йилга оид режаларини аниқлаб олишга шошилади, дейди сиёсий таҳлилчи Жон Фронтер. “Республикачилар орасида партиянинг турли қанотлари вакили бўлган кўплаб арбоблар президентликка даъво қилиш ниятида. Улар орасидан қайси бири ягона лидерга айланишини ҳозирча айтиш қийин”, - дейди таҳлилчи.

   Отаси ва акаси президент бўлгани сабабли Бушни яхши билишади. У тарафдорларидан маблағ тўплашда катта тажрибага эга. Аммо 2002-йилдан буён у сайловолди кампаниясини олиб бормаган. Қолаверса, республикачилар ҳам бугун анча консерватив.

   Жеб Буш Флоридада икки марта губернатор этиб сайланган. 1999- 2007 йилларда Флорида штати губернаторлиги давомида у ўзининг узоқни кўра биладиган рахбар сифатида намоён эта олди. У камдан кам губернаторлар эриша оладиган бахтга - яъни демократларни ёқлайдиган қора танли ва келиб чиқиши Лотин Америкасидан бўлган  ахоли томонидан қўллаб-қувватланди. Унинг рахбарлик йилларида штатда таълим анча ривожланди. Тадбиркорлар учун солиқларни камайтириб келган.

  Уни маъқуллаганлар орасида испанзабон сайловчилар кўп. 2016-йилги пойгада Республикачилар партиясига айнан испанзабон ва осиёлик америкаликларни ўз тарафига оғдира оладиган номзод керак. Чунки Обама 2008 ва 2012-йилларда электоратнинг айнан шу икки қисми таянчи билан ғалаба  қозонган эди. 

   Республикачи стратег Уит Эйрс 2016-йилда Жеб Бушнинг испантилли ахолини ўз тарафига оғдириши катта аҳамият касб этади, деб хисоблайди. “Испантилли сайловчиларнинг учдан бир қисми биз учун овоз беради. Лекин бизга улар ҳамда осиёлик америкаликларнинг бундан-да кўпроқ овози керак. Олдимиздаги асосий вазига ҳам айнан шу. Келаси президент республикачи бўлсин десак, шу электорат кўнглини овлашимиз керак”, - дейди Уит Эйрс. Кузатувчиларнинг фикрича, Жеб Бушдан ташқари 2016-йилда Нью-Жерси губернатори Крис Кристи, Техас губернатори Рик Перри, кентукилик сенатор Ренд Пол, техаслик сенатор Тед Круз ва Луизиана губернатори Бобби Жиндал ҳам ўзини синаб кўришлари мумкин. Демократлардан асосий номзод эса Хиллари Клинтон бўлиши кутилмоқда. Бироқ у хозирча ўз ниятини расман эълон қилмаган. Демак, 2016-йилда яна Буш ва Клинтоннинг беллашиши эҳтимоли бор. 1992-йилги пойгада ҳам айнан шу икки оила вакили рақиб бўлган эди. Ўшанда Жеб Бушнинг отаси мағлубиятга учраб, Билл Клинтон ғолиб чиққан эди.

   Прагматик сиёсатчи бўлмиш Жеб Буш агар ўзининг рақиби Хиллари Клинтон бўладиган тақдирда, ўз атрофига сиёсий элитани бирлаштира олади, деган қарашлар мавжуд. Чунки Барак Обама сиймосида демократик партия ўз обрўсини тушириб бормоқда.

   Айрим экспертларнинг фикрича, Жеб Бушнинг қарашлари отасиникига деярли ўхшаб кетар экан. Маълумки катта Жорж Буш хокимиятдан кетганига 20 йил бўлганига қарамай, хамон, нафақат республикачилар, балки демократлар томонидан хам ҳурмат қилинади. Айрим тахлилчилар Жеб Буш акаси Жорж Бушга нисбатан анча зиёли эканини таъкидлашади. Маълумки, 2008 йилда хокимиятдан кетган кичик Жорж Бушнинг обрўси яхши эмас. Шу сабабли кўпчилик Буш фамилиясига тиш қайраши шубхасиз. Бу ўз навбатида Жеб Буш келажагига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бироқ, президент-демократ Барак Обаманинг обрўси хам яхши эмаслиги инобатга олинадиган бўлса, республикачиларнинг номзоди ким бўлишидан қатьий назар Оқ уйга демократларнинг рақиби келиши аниқ, дегувчилар хам бор.  Жеб Буш 1953 йилда Техасда туғилган.  1980-1990- йилларда Флорида штатида сиёсий карьерасини бошлади, 1999 йилда штат губернатори этиб сайланди.

   Агар у сайловларда ғалаба қозонадиган бўлса, у холда АҚШ тарихида илк бор Бушлар авлоди мамлакатни бошқарган оила сифатида қолади. Жеб Бушнинг Оқ уйга Буш Учинчи номи остида кириш ёки кирмаслиги вақт кўрсатади.

                                    

    Шарофиддин Тўлаганов,

Сиёсий шарҳловчи, Sharh.uz эксперти

 

Ўқилган 598 маротаба