Воскресенье, Август 25, 2013

Трамп штаби Обамадан Россиянинг киберхужумлари юзасидан исбот талаб қилди

 АҚШнинг амалдаги президенти Барак Обама эндиликда мамлакатда бўлиб ўтган президент сайловлари вақтида Россия томонидан киберхужумлар амалга оширилгани юзасидан далил келтиришига ёки бу “томоша”ни якунлашига тўғри келади.

  Бу ҳақдаги фикрни АҚШ президенти этиб сайланган Доналд Трампнинг ўтиш вақтидаги шбати раҳбарияти аъзолари – Райнс Прибэс ва Келлиэнн Конуэй билдиришди.

 Прибэс айни вақтда АҚШ Республикачилар партияси Миллий қўмитаси раиси ҳисобланиб, 20 январда бўлиб ўтадиган Трампнинг қасамёд маросимидан сўнг у Оқ уй девони раҳбари лавозимини эгаллайди. Трампнинг сайлов штабига раҳбарлик қилган Конуэй эса маслаҳатчи лавозимига киришган.

 Прибэс ва Конуэй АҚШ ҳукуматидан кетаётган демократик партия вакилларини гўёки Россия сайловлар вақтида киберхужумларни амалга оширган дея сайловнинг қонуний ўтганини шубҳа остида қолдиришга урунишда айблашмоқда. Ушбу мақсадда демократлар назоратидаги ҳукумат киберхужумлар мавзусини кўтараётгани, бу ўйинларнинг фаол ташкилотчилари амалда сайлов натижаларини ноқонунийга чиқаришга урунаётгани ҳақида Fox News телеканалига Прибэс маълум қилган.

  У шунингдек, Трампнинг киберхужумлар мавзусида матбуотда бир-бирига зид бўлган кўплаб мақолаларга ишонмаслигини таъкидлаган. “Буларни барчасини АҚШ разведка хизматидан эшитсак яхши бўлар эди. Агар разведка хизматларида мазкур мавзудаги якуний ягона фикр бўлса, улар бу ҳақда доклад тайёрлашлари ёки телекамера қаршисида туриб ўз позицияларини билдиришларига тўғри келади”, - дея қўшимча қилган Прибэс.

  Трампнинг фикрича, американинг разведка органлари киберхужумлар юзасидан фикрларида ким, нима, қаерда ва буларнинг барчаси қандай содир бўлгани ҳақида очиқ ва ошкора айта олмаган. Шунинг учун махсус хизматлар ушбу масала юзасидан қачон бир фикрга келгандагина Трампдан бу ҳақдаги фикрини билиш мумкин бўлар экан.

 

Ўқилган 243 маротаба