Воскресенье, Август 25, 2013

Алишер Султонов Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг янги президенти бўлди

 Бугун Миллий олимпия қўмитасининг XXX Бош Ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Адҳам Икрамов олиб борди. Унда тўрт йиллик олимпия циклида қилинган ишлар, эришилган натижалар борасида қўмита бош котиби Ойбек Касимов ҳисобот берди.

 Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда. Қилинган улкан ҳажмдаги ишлар ўз самарасини берди ва ўзбекистонлик спортчилар илк маротаба ёзги Олимпия ўйинларида дунёнинг 207 давлати вакиллари орасида 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза жами 13 та медалига сазовор бўлиб умумжамоа ҳисобида 21-ўринни банд этишди. Қўлга киритилган юксак ғалаба Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги(МДҲ) давлатлари орасида Россиядан кейин иккинчи, Осиё қитъасида Хитой, Япония ва Жанубий Корея давлатларидан кейин тўртинчи, Марказий Осиёда эса биринчи натижа бўлди.

  Бош Ассамблея йиғилишида Миллий олимпия қўмитасининг тўрт йилиик циклдаги фаолияти қониқарли деб бир овоздан қабул қилинди. Шундан сўнг Миллий олимпия қўмитасига янги президент сайлаш маросими бўлиб ўтди ва ушбу лавозимга “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси раиси Алишер Султонов бир овоздан сайланди.

 Мамлакатимиздаги спорт федерациялари ва таниқли спортчиларнинг таклифга кўра Мираброр Усмонов Миллий олимпия қўмитасининг фахрий президенти этиб тайинланди. Ўз навбатида ўтган давр мобайнида қўмитага раҳбарлик қилган Мираброр Усмоновга бутун спорт жамоатчилиги ва олимпия ҳаракати иштирокчилари номидан миннатдорчилик изҳор этилди.

  Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, Мираброр Усмонов Рио—2016 Олимпиадаси цикли бошланган бир вақтда МОҚ президенти этиб тайинланган бўлиб, унинг раҳбарлигида Ўзбекистон делегацияси Олимпиадалар тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди.

  Шунингдек қўмита вице президентлари сифатида Валерий Тян, Салим Абдувалиев, Фарҳод Турдиев ва Умид Аҳмаджоновлар сайланишди. Ойбек Касимов эса Бош котиб лавозимига қайта сайланди ва фаолиятини давом эттирадиган бўлди. Миллий Олимпия қўмитасининг XXX Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.

 

Ўқилган 330 маротаба