Воскресенье, Август 25, 2013

“Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида” Қонун эълон қилинди

  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 24 ноябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 13 декабрда маъқулланган, 9 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонун бугун матбуотда эълон қилинди.

  Мазкур Қонун жами 10 боб, 40 моддадан иборат. Ушбу Қонун маъмурий қамоқни ўташ тартиби билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.

  Қонунга кўра, маъмурий қамоққа олиш – маъмурий жазо тури бўлиб, у шахсни жамиятдан вақтинча ажратиб қўйиш шароитларида сақлашдан иборат ва уч суткадан ўн беш суткагача бўлган муддатга, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса жамоат тартибига тажовуз қилганлиги учун ўттиз суткагача бўлган муддатга қўлланилиши белгилаб қўйилган.

  Ҳужжатнинг 5- моддасига мувофиқ, маъмурий қамоқни ўташ тўғрисидаги қарорни туман (шаҳар) суди маъмурий ишлар бўйича судьяси, фавқулодда ҳолат шароитларида эса, ҳарбий комендантнинг ёки ички ишлар органи бошлиғи чиқариши мумкинлиги таъкидланади.

  Шунингдек, 7-моддада Махсус қабулхона маъмурияти маъмурий қамоққа олинган шахс махсус қабулхонага жойлаштирилган пайтдан бошлаб унга у махсус қабулхонага жойлаштирилганлиги тўғрисида адвокатга, қариндошларига ёхуд бошқа шахсларга телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар қилиш ҳуқуқини бериши шартлиги белгиланган.

  Агар махсус қабулхонага жойлаштирилган шахс чет эл фуқароси бўлса, унинг махсус қабулхонага жойлаштирилганлиги тўғрисидаги ёзма билдириш йигирма тўрт соатдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборилиши керак.

  Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонага қабул қилиш кечаю кундуз амалга оширилади.

  Бундан ташқари Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, маъмурий қамоққа олинган шахсларни психологик, соғлиғи, касбий, жинсий, ижтимоий келиб чиқиши каби белгиларига қараб алоҳида қилиб жойлаштириш назарда тутилади. Жумладан, чекувчилар, қоида тариқасида, чекмайдиганлардан алоҳида; эркаклар аёллардан алоҳида; чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар; юқумли касалликларга чалинган беморлар ёки тиббий кузатувга муҳтож бўлган шахслар; собиқ судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг собиқ ходимлари, собиқ адвокатлар; ҳаёти ва соғлиғининг хавфсизлигини таъминлаш манфаатларидан келиб чиққан ҳолда айрим шахслар алоҳида тарзда жойлаштирилади.

  13-моддада маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқлари белгилаб қўйилган. Унда маъмурий қамоқни ўташ тартиби ва шароитлари, ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ахборот олиш;

  аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш;

  махсус қабулхона бошлиғига ёки у ваколат берган шахсларга шахсан қабул қилиш тўғрисида мурожаат қилиш;

  ўзларининг шахсий хавфсизлиги ва соғлиғи сақланиши таъминланадиган шароитларда сақланиш, тегишли тиббий ёрдам олиш;

  почта жўнатмаларини ва йўқловларни олиш ҳамда жўнатиш;

  адвокат, қариндошлари ёки бошқа шахслар билан учрашиш;

  Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйича телефон орқали ҳар куни лимитланган бир марталик сўзлашиш;

  тунги вақтда узлуксиз саккиз соат ухлаш кабилар шулар жумласидандир.

  Қонуннинг 8 боби Жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситаларни қўллаш тартибини тўлиқ ўз ичига олади. Унда жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситаларни қўллаш маъмурий қамоққа олинган шахсларга азоб-уқубат етказилишига олиб бормаслиги, шунингдек шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи тазйиқлар билан амалга оширилмаслиги лозимлиги, ҳаёти ва соғлиғига жисмоний куч ишлатиш ёки махсус воситаларни қўллаш натижасида зарар етказилган ҳар бир ҳолат тўғрисида дарҳол прокурорга хабар қилиниши белгиланган.

  40-моддада ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан йигирма тўрт ой ўтгач кучга кириши белгиланган.

 

  Қонуннинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

 

Б.Шамсутдинов

 

Ўқилган 243 маротаба