Воскресенье, Август 25, 2013

2017 йилдан мобил абонентлар маблағлари рўйхатдан ўтган жойлари бўйича маҳаллий бюджетларига ўтказиб берилади

 Бу ҳақда куни кеча бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва давлат бюджети параметрлари: Ахборот соҳасининг ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги семинарда маълум қилинди.

 Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабарига кўра, яқин ва ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган ахборот соҳаси ривожланиши индикаторларини белгилаб берувчи ҳуқуқий асос сифатида – қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджети, шунгдек 2017 йил учун тасдиқланган солиқ ва бюджет сиёсати, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.12.2016 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-2699-сон қарорида белгиланган асосий йўналишлар ҳисобланади.

 Семинар иштирокчилари телекоммуникация тармоқлари, симсиз ва мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш миллий иқтисодиётимизни янада ривожлантиришга ва унинг рақобатбардошлигини оширишга салмоқли хисса қўшишини таъкидлашдилар.

 Мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларнинг (мобил компаниялар) абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловларидан шаклланадиган маблағларнинг Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига йўналтириладиган улуши 2017 йилда бевосита абонетларнинг рўйхатдан ўтган жойлари бўйича тегишли Қорақолпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетларига ўтказиб берилиши алоҳида таъкидланди. Бу ислохот қабул қилинаётган бошқа чора-тадбирлар билан бир қаторда минтақаларнинг ўзини-ўзи молиявий таъминлаш даражасини ошириш, маҳаллий бюджетларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидаги улушини кўпайтириш имконини туғдиради.

 

Ўқилган 701 маротаба